Жаҳон | 17:14 / 26.11.2023
12510
7 дақиқада ўқилади

Ғазо геосиёсий ва геоиқтисодий муҳим нуқтами?

Исроилнинг Ғазога босқини давом этар экан, жума кундан тўрт кунлик ўт очмаслик сулҳи тузилди. “Геосиёсат” лойиҳаси доирасида бир неча бор ушбу конфликтни таҳлил қилдик. Асосан ушбу тарихий низо эътиқодлар тўқнашуви сифатида танилгани сир эмас. Лекин Ғазонинг геосиёсий ва геоиқтисодий ўрни қандай? Исроил атрофидаги араб давлатларидан ўзини тан олинишидан ташқари яна нима хоҳлайди? Айни мана шу саволлар юзасидан яқин шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромовга юзландик.

— Минтақада Ғазонинг геосиёсий ўрни қандай?

— Ғазо стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудуд. Геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатлар таъсир кўрсатишга эга, лекин аҳамияти жуда юқори эмас. Ғазо Фаластин қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг маркази ҳам ҳисобланади. Бу ерни 2007 йилдан буён ҲАМАС ташкилоти назоратга олган.

Бундан ташқари, Ғазога Исроилдан, Миср, Иордания, Сурия ва Фаластиннинг ўзидан кўплаб мигрантлар кириб келган. Шунинг учун ҳам бу ерда 3 млнга яқин аҳоли бор. Дунёдаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бири. Фаластин қаршилик ҳаракатидан ташқари ҳам Ғазога бошқа ердан келган кичик гуруҳлар жойлашган, жиноятчилик ва коррупция ҳам юқори даражада. Инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши, демократияга қарши ҳаракатлар, жиноятлар Ғазодаги оддий ҳолга айланиб қолган.

Ғазо дунёдаги қишлоқ хўжалигига эга бўлган кам сонли шаҳарлардан бири. Бу ерга ресурслар кириб келиши чекланган, чунки 2 та чегараси бор, яъни Исроил ва Миср билан. Низолар туфайли бу чегаралар ҳам ёпилиб туради. Асосан халқаро гуманитар ёрдамлар билан кун кўришади.

Ғазода чучук сув захиралари мавжуд эди, аммо охирги бир неча ўн йилда фаол ўзлаштирилгани учун чучук сув ҳам муаммога айланиб қолган.

Ғазо инқирози бошлангандан бери билвосита тарзда нефт савдосига ҳам таъсир қилмоқда. Халқаро энергетика қўмитасига кўра, уруш Ғазодан ташқарига чиқса, жаҳонда нефт нархи бўйича беқарорлик кузатилади. Аммо бу борада ҳали бундай кескин таъсирлар кузатилмади. Нефт нархи маълум даражада кўтарилди, менимча, бунга сабаб ўтган асрдагидек нефт инқирози бўлишидан хавотирлар бўлди. Бундан ташқари, Эроннинг ҲАМАСга ёрдам бераётгани аниқланса, Эрон нефтига санкциялар жорий қилиниб, нефт нархи кўтарилади деган хавотирлар ҳам бор.

Ғазо ҳам, Исроил ҳам нефт захираларига эга эмас. Лекин дунё бозоридаги ҳолатга таъсирини ўтказа олади. Нархлар кўтарилишига нефт логистикаси хавфсизлиги беқарорлашгани ҳам сабаб бўлди. Конфликт кучайиб ёки кенгайиб борса, вазият оғирлашади.

Исроилнинг газ захиралари мавжуд. Исроил Украина уруши фонида Европага газ етказиб беришни йўлга қўймоқчи эди, чунки Россия газидан воз кечилган вазиятда тақчиллик кузатилаётган эди. Аммо Ғазо уруши бошлангач, бу лойиҳа тўхтади. Чунки транзит давлат Туркия бўлади, у эса ҲАМАС тарафида.

Ғазо транзит ҳудуд ёки порт шаҳар эмас. Аммо Миср ва Исроил ҳудудларидан ўтадиган транзит йўлаклари уруш бошлангач ёпилди ёки хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Баъзи тўловлар 50 фоизгача қимматлади. Бу эса маҳсулотлар таннархига таъсир қилади. Умуман, Ғазо тўғридан тўғри геосиёсий, стратегик муҳим аҳамиятга эга эмас, аммо мана шундай таъсирлар кўрсатиши мумкин.

Ғазодан ташқари бошқа Фаластин ерлари ҳам шундай геосиёсий муҳим бўлмаган нуқталарми?

— Фаластиннинг ўзи, ғарбий соҳил ҳақида бундай деб бўлмайди, юқорида фақат Ғазо ҳақида гапирилди. Ғазо ўзи узунлиги 40 км, эни энг кенг жойи 12 км бўлган жуда кичик ҳудуд.

Геосиёсий ўрнидан ташқари Ғазонинг геоиқтисодий ўрни ҳақида фикр билдирсангиз?

— Келажакдаги лойиҳалар бўйича муҳим нуқта бўлиши мумкин Ғазо, аммо айнан ҳозирги ҳолатда муҳим иқтисодий ҳудуд эмас, транспорт йўлаклари йўқ. Бу ерда эртага нима бўлишини прогноз қилиш қийин, вазият мураккаб.

Фаластин давлати ташкил бўлиши ҳақида гаплар бўляпти, АҚШ баёнотларидан ҳам сезиляпти. Аммо бундай муждалар 1973 ва 1979 йилларда ҳам бўлганди. Аммо натижа бўлмади.

1967 йилдаги 6 кунлик урушда Исроил Синай яримороли билан бирга Ғазони ҳам босиб олган ва 1979 йилдаги келишувларга кўра, бу ердан чиққан. Ғазода асосан Исроил оккупациясидан азият чеккан, қувғин араблар яшайди. Уларда қасос олиш истаги кучли. Улар билан дипломатия қилиб бўлмайди, ерларини қайтариб олишни истайди улар. Аммо Исроил бу ерларни ҳеч қачон қайтармайди. АҚШ ва Ғарб Исроилни қўллар экан, у ҳеч қачон 1967 йилги чегараларга қайтмайди.

Исроил тан олинишидан ташқари атрофидаги давлатлардан нима хоҳлайди, унинг трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш фаолияти қандай?

— Исроил давлат сифатида тан олиниши талабидан ташқари трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш талаби ҳам бор. Иордания, Сурия, Ливан ва Фаластин билан шундай келишмовчиликлар бор. Исроил сув оладиган дарёларнинг кўп қисми Иорданиядан оқиб боради. Бу дарёлардан Иорданиянинг ўзи ва Сурия ҳам фойдаланади, қишлоқ хўжалигини шакллантиради.

Биламизки, Исроил қишлоқ хўжалигида катта муваффақиятларга эришган. Маҳсулотларини экспорт ҳам қилади. Аммо сув манбалари нисбатан яхши бўлган Иордания қишлоқ хўжалиги у даражада эмас.

Сув масаласи Исроил ва араб давлатлари ўртасида доим муаммоли бўлади, лекин деярли айтилмайди. 80-йиллардаги Исроил-Ливан тўқнашувлари, Иордания билан тўқнашувлар ҳам сув масаласида бўлган, Исроил маълум сув ҳавзаларига эгалик қилишни кўзлаган, лекин бошқа сабаблар кўрсатилади. Яъни Исроил хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳлар бор, сувдан фойдаланиш шартлари бузиляпти каби важлар билан. Исроил ҳужумлари оқибатида Иордания ва Ливанда ўн марталаб сув омборлари ва тўғонлар бузилган, қайта тикланган.

Исроил эгаллаб олаётган ва ўзига қўшиб олаётган қишлоқлар айнан сув ҳавзаларига яқин бўлган қишлоқлар ҳисобланади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди

Мавзуга оид