Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон пойтахтини 2035 йилгача ривожлантириш учун 6,3 трлн танга сарфланади
Остонада шаҳарнинг 2035 йилгача амалга оширилиши назарда тутилган янги бош режаси лойиҳаси муҳокамага олиб чиқилди, деб хабар беради Orda.kz.
Янги шаҳарсозлик ҳужжатига кўра, Қозоғистон пойтахти аҳолисини 2035 йилгача 2,3 миллион кишига етказиш назарда тутилган. Айни пайтда шаҳар аҳолиси 1 млн 350 минг киши атрофида.
Бош режага кўра, пойтахт аҳолисининг тураржой билан таъминланганлик даражаси киши бошига ҳозир 21,1 метр квадратдан 30 метр квадратга ошиши керак.
Шаҳарнинг тураржой фонди жорий йилда қарийб 25 миллион метр квадратни ташкил қилади ва киши бошига ўртача таъминланганлик даражаси 21,1 метр квадратга тенг. 2035 йилга бориб Остонанинг тураржой фондини 68 миллион 250 минг метр квадратгача ошириш назарда тутилган.
«Бош режа билан ҳисобот муддатигача умумтаълим муассасаларида ўқувчи ўрнини 257,4 мингга ёки 164 та мактабгача етказиш назарда тутилган. Айни пайтда шаҳарда 94 минг 341 ўринли 100 та мактаб фаолият кўрсатмоқда. Мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш учун мактабгача таълим муассасаларида ўринлар сони 82,7 мингга оширилади», — дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Бош режада инженерлик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, табиий муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш белгилаб қўйилган. Барча ташаббусларни амалга ошириш учун 6,3 трлн танга (қарийб 13,7 млрд доллар) талаб қилинади.
Фақат тураржойлар қуриш учун 4,4 трлн танга керак бўлади. Янги муассасалар ва корхоналар барпо этишга 752,5 млрд танга кетади. Транспорт инфратузилмасини созлашга 545,3 млрд, электр таъминотига 402,2 млрд танга талаб этилади.
Шунингдек, газ таъминоти (68 млрд танга), сув таъминоти (63,4 млрд танга), канализация (23,2 млрд танга), иссиқлик таъминоти (28,8 млрд танга) ва табиатни асраш бўйича тадбирлар (21,5 млрд танга) учун харажатлар ҳам назарда тутилган.
Мавзуга оид
21:25 / 25.05.2025
Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан 100 дан ортиқ ўлик тюлен топилди
21:27 / 23.05.2025
Ўзбекистон ва Қозоғистон 4 та чегара постида юк автомобиллари ҳаракатини йўлга қўймоқчи
20:41 / 23.05.2025
ФХХ Қозоғистон фуқароларининг Россияга киришини тақиқлай бошлади
08:50 / 22.05.2025