Ўзбекистон | 13:39 / 26.11.2023
34694
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда аҳолига ноқулайлик туғдиргани айтилган ресторан фаолияти вақтинча тўхтатилди

Тошкент шаҳри ҳокимлиги аҳоли Яккасарой туманидаги «Ялпиз» ресторанининг дудбўронлари, шовқин ва ҳид бўйича шикоят қилгани учун ошхона иши вақтинча тўхтатилганини билдирди.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати Яккасарой туманидаги «Ялпиз» ресторани аҳолига қатор ноқулайликлар келтиргани учун фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳокимликка туманнинг Шота Руставели кўчаси 59-уйда истиқомат қилувчи аҳолидан уйнинг биринчи қаватида жойлашган «Ялпиз» ресторани ўз фаолияти билан қатор ноқулайликлар келтириши айтилган мурожаат келиб тушган.

Хусусан, унда ресторан дудбўронлари, кондиционерлар қаторида таомларни тайёрлаш учун иссиқлик ускуналари, шу жумладан, мангал ўрнатгани, унинг кўмирда ёқилиши ва бу кўп қаватли уй учун ёнғин хавфини келтириб чиқариши келтириб ўтилган.

Шунингдек, бевосита аҳоли деразаларига яқин жойлашган дудбўронлардан чиқаётган шовқин ва қовурилган таомларнинг ҳиди аҳоли учун катта ноқулайлик туғдириши айтилган. Бундан ташқари, ресторан ходимлари томонидан уй ҳовлисида чиқиндилар ташлаб кетилиши ҳам таъкидлаб ўтилган.

Ушбу ҳолат шаҳар ҳокимлигининг назоратига олинган ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг шаҳар бошқармаси ёрдамида тегишли ўрганиш ва текширувлар олиб борилган.

25 ноябр куни ресторан раҳбарияти томонидан фаолиятда қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланиб, уларни белгиланган муддат ичида бартараф этиш мажбурияти юкланди. Шу жумладан, ускуналарни бошқа, аҳолига ноқулайлик туғдирмайдиган жойга кўчириш белгиланди ва рестораннинг фаолияти камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатилди.

Ресторан вакилларининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Шота Руставели кўчасидаги ошхона 3–4 кунга «таъмирлаш ишлари учун» ёпилган. Миробод кўчаси 5-уйда (Космонавтлар метро бекати яқинида) жойлашган филиали ҳам ҳозирда ёпиқ бўлиб, 1–2 кунда очилиши кутилмоқда.

Пойтахт ҳокимлиги тадбиркорлардан ўз ишларида аввало қонунчилик талабларига риоя қилишни, фаолиятлари билан аҳолига ноқулайлик келтирмасликка ҳаракат қилишни сўради.

Мавзуга оид