“Қора камар” – миллатнинг асл жонкуярлари таназзули ҳақидаги асар
Яша Шўро, яша Шўро!
Сен яшайдургон замон.
Ишчи ўғли шуҳратингдан
Балқисин рўйи жаҳон!
Яша шўро, яша шўро!
Бир пайтлар айни шу мисраларни халқимиз шиор даражасигача чиқарган эди. Маккор шўронинг ташвиқоти, ҳийла-найранги натижасида шўро тузумига сиғиниш ҳолатида эди. Мустамлакачиларнинг маккорлигига учмаган, озодлик учун курашган, эрк йўлида жон тиккан мардларни истибдодчилар халққа “босмачи” сифатида танитар, қонхўр дея ёмон кўрсатарди. Халқимизнинг соддалиги, ширин гапга учиб кетавериши панд берди ва “босмачи”лар тор-мор этилди.
Йиллар ўтиб “босмачи”ларнинг “босмачи” эмаслиги, аслида эрк учун қўлига қурол олган ватанпарварлар экани очиқланди. Халқ онгидаги улар ҳақидаги нотўғри тушунчаларни супуриб ташлаш мақсадида кўплаб ташвиқотлар олиб борилди, бадиий асарлар яратилди. Шулардан биттаси Шукур Холмирзаевнинг “Қора камар” песасидир.
Сюжет:
Асар Сурхон қўрбошиси Хуррамбекнинг Афғонга қочиб кетган Остон исмли навкарини сўроқ қилиши билан бошланади. Остон “бошқа қон тўкмайман” дея қасам ичиб, қочиб кетган эди. Аммо отидан кўзи қиймай, қайтганди.
Бир қанча вақт аввал Хуррамбек Иброҳимбек қўрбоши билан тортишиб қолгач, Иброҳимбек одамлари билан Афғонга ўтиб кетганди. Хуллас қўрбошилар ўртасида ўзаро низо чиқиб тарқалиб кетишганди.
Уларнинг 50 минг қўшини бўлиб, Анвар пошо бошқарар эди. Анвар пошо вафотидан кейин бошқарув Иброҳимбек қўлига ўтади. Ўртада Хуррамбек билан ихтилоф чиқиб, Иброҳимбек Афғонистонга ўтиб кетади. Барча қўрбошилар бирин-кетин тор-мор этила бошлайди.
Хуррамбек Остондан ҳозирги кунда Иброҳимбек афғонда қароқчилик қилиб кун кўриб юрганини, Хуррамбек ундан кечирим сўрамагунча инглизларнинг қурол-яроғини ўтказмоқчимаслигини эшитади.
Бу орада унга Фарғонадан Абдулла Наби исмли йигит келиб ҳаммани шўро ҳукуматига қўшилишини ташвиқ қилиб юрганини, халқ унинг кетидан эргашаётганини айтишади. Қўрбоши одамларига Абдуллани тутиб келишларини буюради.
Бир пайт Хуррамбек болалар овозини эшитиб қолади. Улар:
Яша Шўро, яша Шўро!
Сен яшайдургон замон.
Ишчи ўғли шуҳратингдан
Балқисин рўйи жаҳон!
Яша шўро, яша шўро!
— дея хиргойи қилиб келишарди. Бу болалар Хуррамбекнинг ўғли Умиджон ва унинг дўстлари эди. Уларни оталарининг ёнига таслим бўлишга даъват учун юборишганди. “Яша шўро” шеърини уларга Абдулла Наби ёдлатганди. Хуррамбек ўғлига қўшиб ҳамма болаларни ўлдиришни буюради. Болаларни тўқайга олиб кетган одам Умиджоннигина қайтариб олиб келади. Ўлдиришга қўли бормайди.
Абдулла Набини тутиб келтиришади. Аммо унинг тилини кесиб олишганди. Шу сабаб Хуррамбек Абдулла билан гаплашолмай хуноб бўлади.
Асар сўнгида қўрбоши тушунадики, ўзи кўйида ёниб юрган халқи мисоли бир пода – ким қаерга етакласа, емиш кўрсатса кетаверади. Алдовларга тез ишонади. Буни тушунгандан сўнг Хуррамбек руҳан синади ва чиндан енгилганларини англаб етади...
Таҳлил:
Асарда асосий урғу озодлик ҳаракатидаги йўл қўйилган хатоликлар ва туркий халқларнинг бирлашолмагани оқибати, қўрбошиларнинг раҳбарликка интилиши кабиларга берилган. Асарда Эшони Судурнинг гапи келтирилади: “Туркий халқлар бирикмайди. Ул бирикса, ёруғ олам оёқларимиз остида бўлади”. Ушбу гап нечоғлиқ ҳақиқат эканини озодлик ҳаракатининг қандай якунланганидан ҳам кўриш мумкин.
Асарнинг “Қора камар” дея аталишига сабаб шуки, воқеалар сурхондаги камарлардан бирида содир бўлади. Хуррамбек жойлашган камарни Қора камар деб атай бошлашади. Қора ранги ёвузлик тимсоли. Истилочилар халққа Хуррамбекларни шуқадар ёмон кўрсатишгандики, халқ улардан нафратланиб, “босмачилар” ўрнашган жойга “қора” сўзини қўшиб айтишарди.
Хуррамбек чин дилдан ватан учун ёниб-куярди. Шўролар йўлидан юра бошлаган, мияси заҳарланаётган болаларни ҳам аяб ўтирмас даражада жон койитарди. Миллатининг эркин бўлиши у учун ўз тинчлигидан, оиласи, бола-чақасидан, умуман барча шахсий масалаларидан устунроқ эди. Аммо у ҳам бошқа қўрбошилар сингари баҳамжиҳатликни таъминлай олмади.
“Босмачи”лар қўлида дастлаб 50 минг навкар бор эди. Куч етарли, аммо энг асосий нарса – бирдамлик бўлмади. Оқибатда шунча куч бекор кетди.
Асарда Абдулла Наби шўролар сиёсатига алданган зиёлилар тимсоли бўлиб келган. Айни шундайлардан кўпроқ қўрқиш керак. Чунки ақл – катта куч. Агар у нотўғри йўлга йўналтирилса, ёвузликларга хизмат қилади. Абдулла Наби ақлли йигит, яхши нотиқ эди. Одамлар ҳам унга ишониб, кетидан эргаша бошлади. Агар у халқни бўйин эгмасликка, шўрога ишонмасликка даъват қилганда эди...
Хуррамбек асар охирида халқдан жуда хафа бўлади. Ким яхши ишонтирса, ўша тарафга оғиб кетаверадиган, қурсоғидан бошқа дарди бўлмаган, яхши яшасак, соғ бўлсак бўлди дейдиган қўйдек ювош халқидан ранжийди. Аслида кимлар учун, қандай халқ учун шунча тиришаётганини фикр қила бошлайди. Ҳақиқий ҳимоячиларини ёмон кўриб, Абдулла Наби кетидан кетаётганларни кўриб ҳаммасига тушунади. Унинг ҳақиқий ютқизиғи ҳам ана шу онда, ҳаммасини тушунган дамда содир бўлганди…
Гуласал Қодирова, китобхон
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Мавзуга оид
11:00 / 30.10.2023
“Чиқиш йўли — қабристонда”. “Яхшиям, сен борсан” ҳикояси ҳақида
15:43 / 28.10.2023
«Қон сачрамаган фақат қуёш қолади». «Ўлдир – ўлдирма» ҳикояси ҳақида
20:26 / 15.10.2023
«Муқаддас» – севги йўлидан айрилиқ манзилига борган йигит ҳақида қисса
14:25 / 08.10.2023