Ўзбекистон | 18:38 / 27.11.2023
11997
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондан Ўзбекистонга янги темир йўл қурилиши бошланди 

У Туркистон вилоятини Ўзбекистон чегараси билан боғлайди. 

Фото: primeminister.kz

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон билан чегарагача борадиган янги Дарбоза-Мақтаорол темирйўл линияси қурилиши бошланди. 

Йўл узунлиги 152 километрни ташкил қилади. Қурилишга Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов телеконференция режимида старт берди. 

«Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғи билан республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегарасида янги назорат-ўтказиш пункти очилади», дейилади хабарда. 

Лойиҳа икки босқичга ажратилган. Биринчиси, Эрдоут–Мақтаорол–Ўзбекистон давлат чегараси линияси қуришни назарда тутади, у «Сирдарё» станциясигача боради. Иккинчи босқичда шу станциягача бориш имконини берадиган Жетисой-Ўзбекистон давлат чегараси линияси фойдаланишга топширилади. 

Янги темирйўл линиясининг қурилиши Сариоғош вокзалидаги тирбандликни бартараф этиш ва бутун Ўзбекистон йўналиши бўйича товар ташиш ҳажмини ошириш имконини бериши айтилмоқда. 

Ўз навбатида, Қозоғистон ҳукумати раҳбари йил охирига қадар Ўзбекистон билан юк ташиш ҳажми қарийб 31 миллион тоннани ташкил этиши прогноз қилинаётганини, бу ўтган йилга нисбатан 16 фоизга юқори эканлигини таъкидлади.

Мавзуга оид