Жаҳон | 00:57 / 28.11.2023
9139
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва ҲАМАС сулҳни узайтиришга келишиб олди

Қўшимча сулҳ икки кун давом этади ва яна узайтирилиши мумкин.

Фото: Reuters

Исроил ва ҲАМАС Қатар воситачилигида вақтинчалик сулҳни яна икки кунга узайтириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид ал-Ансорий маълум қилди.

«Давом этаётган воситачилик доирасида Ғазо секторидаги гуманитар паузани яна икки кунга узайтириш бўйича келишувга эришилди», деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.

ҲАМАС, шунингдек, Қатар ва Миср воситачилигида сулҳни икки кунга узайтиришга рози бўлганини маълум қилди.

«Қатар ва Мисрдаги биродарларимиз билан вақтинчалик гуманитар сулҳни яна икки кунга узайтириш бўйича келишувга эришилди», деди ҲАМАС расмийси Reuters билан телефон суҳбатида.

Исроил давлати бу ҳақда ҳозирча расмий изоҳ бермади, бироқ келишувни АҚШ Оқ уй матбуот котиби Жон Кирби тасдиқлаган. У икки кунлик сулҳ давомида яна 20 нафар исроиллик аёл ва бола ҲАМАС асирлигидан озод этилишини айтган.

Ўтган ҳафта Исроил ва ҲАМАС вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Асосий келишувда ҳар икки томоннинг ўт очишни 4 кунга тўхтатиши, Исроил қамоқхоналаридаги 150 нафарга яқин фаластинликларнинг озод этилиши эвазига 50 нафарга яқин исроиллик қўйиб юборилиши кўзда тутилган эди.

Келишувлар, шунингдек, фаол ҳарбий ҳаракатлар туфайли деярли барча инфратузилмалари вайрон бўлган ёки шикастланган Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб беришни ҳам назарда тутган.

Дастлабки тўрт кунлик сулҳ душанбадан сешанбага ўтар кечаси тугаши керак эди.

Мавзуга оид