Жаҳон | 13:23 / 28.11.2023
5371
3 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби Украинани қўллаб-қувватлаш давом этишини билдирди

Украина Россияга жиддий талафотлар етказишда давом этмоқда, деди Йенс Столтенберг НАТО ташқи ишлар вазирлари саммити арафасида.

Фото: Reuters

НАТО ташқи ишлар вазирлари саммитида алянс Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Бу ҳақда 27 ноябр, душанба куни икки кунлик саммит олдидан ўтказилган матбуот анжуманида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди. 

«Биз яна бир бор Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлашга ишонтирамиз», - деди Столтенберг саммит дастурини эълон қилиб. «Ўтган йили Украина Киев, Харкив ва Херсон учун жангларда ғалаба қозонди. Бу йил Россияга жиддий йўқотишлар беришда давом этмоқда», - деди НАТО бош котиби Украина ҳарбийлари ҳудудлар ярмини озод қилганини таъкидлаб. 

«Бу Украина учун катта ғалаба. Украина жасорат билан курашни давом эттирмоқда, биз уларни қўллаб-қувватлаймиз», - дея қўшимча қилди Столтенберг. Унинг сўзларига кўра, саммитда Украинага Шимолий Атлантика алянси томон йўлда зарур бўлган ислоҳотлар ҳам муҳокама қилинади. 

Столтенберг: НАТОнинг вазифаси - эҳтимолий музокаралар олдидан Киев позициясини мустаҳкамлаш

Урушни тугатиш шартларини Украина белгилаши керак, дея яна бир бор таъкидлади алянс бош котиби. НАТОнинг мақсади - музокаралар учун Украинани «энг яхши ҳолатга келтириш», деди у. 

«Украина бир неча ҳафта ичида қулашидан, бир неча кун ичида Киев эгаллаб олинишидан қўрқиб кетганимизни эслашимиз керак. Бу содир бўлмади», - дея жавоб берди алянс бош котиби Украинанинг қарши ҳужуми натижалари ҳақидаги саволга. 

«Албатта, биз имкон қадар кўпроқ ҳудудларни тезроқ озод қилишларини истардик, бироқ фронт чизиғи ўзгармаган бўлса-да, украиналиклар россияликларга катта талафот етказа олди», — деди Столтенберг. 

Столтенберг Ғазода сулҳни узайтиришга чақирди 

НАТО ташқи ишлар вазирлари даражасидаги саммитида Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш ҳам муҳокама қилинади, деди Столтенберг. НАТО бош котиби, шунингдек, Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва гуманитар ёрдам етказиш, гаровга олинганларни озод қилиш учун ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришга чақирди. 

Столтенберг Швециянинг НАТОга кириши кутилаётганини эътиборсиз қолдирмади. Алянс бош котиби Туркия Анқаранинг барча шартларини бажарган Стокҳолм аризасини «имкон қадар тезроқ» маъқуллаши кераклигини таъкидлади. 

Мавзуга оид