«Шафқатсиз, айёр ва ақлли». ҲАМАСнинг Ғазодаги раҳбари Яҳё Синвар ҳақида нималар маълум?
Яҳё Синвар кўздан ғойиб бўлган. Исроиллик минглаб ҳарбийлар дронлар, электрон қурилмалар ва маълумот берувчилар орқали унинг қаердалигини аниқлашга уринаётган шароитда бу сира ажабланарли эмас.
BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича шарҳловчиси Фрэнк Гарднер ҲАМАСдаги иккинчи рақамли шахс — Яҳё Синварнинг тарихини ҳикоя қилди.
Сочлари қордек оқарган ва қошлари тим қора бўлган Синвар — ҲАМАСнинг Ғазодаги сиёсий қаноти раҳбари ва исроилликлар томонидан энг кўп қидирилаётган одамлардан бири ҳисобланади.
ҲАМАСнинг бошқа етакчилари қатори Исроил уни ҳам 7 октябр куни амалга оширилган, 1200 дан ортиқ киши ўлдирилиб, 200 дан ошиқ киши ўғирлаб кетилган рейд учун жавобгар деб билади.
«Яҳё Синвар — командир… ва ўлимга маҳкум одам», — деганди октябр ойи бошида Исроил мудофаа армияси расмийси, контр-адмирал Даниэл Ҳагари.
«Бу жирканч ҳужумни амалга ошириш қарорини Яҳё Синвар қабул қилган, — деган ЦАҲАЛ штаби бошлиғи Герци Ҳалеви. — Шунинг учун у ва унинг қўл остидагилар — ўзини ўлган деб ҳисоблайверсин».
Бу гаплар ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти — «Ал-Қассам» бригадасининг қўлга тушмас раҳбари Муҳаммад Дейфга ҳам тегишли.
Европа халқаро муносабатлар кенгаши (ECFR) катта илмий ходими Ҳю Ловаттнинг ҳисоблашича, 7 октябр кунги ҳужум режаси, бу ҳарбий амалиёт бўлгани учун, Дейф томонидан ишлаб чиқилган, аммо Синвар ҳам, катта эҳтимол билан уни режалаштирган ва унинг ўтказилишига таъсир қилган гуруҳ таркибида бўлган.
Исроил ҲАМАСда асосий раҳбар Исмоил Хониядан кейинги иккинчи одам ҳисобланган Синвар ўз қўриқчилари билан Ғазо яқинидаги қаердадир туннелларда яшириниб юрибди, кузатилиши ва топилишидан қўрқиб ҳеч ким билан алоқа қилмаяпти, деб ҳисоблайди.
Таълим ва ҳибслар
Абу Иброҳим номи билан танилган 61 ёшли Синвар Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнисда қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ота-онаси Ашкелондан (ҳозирда Исроил ҳудуди) бўлган, аммо «Накба» («Фалокатлар»)дан кейин қочқинга айланишган — фаластинликлар 1948 йил Исроил давлатига асос солинганидан кейин бошланган уруш вақтида фаластинликлар ёппасига ўз уйларидан кўчирилишини шундай аташади.
У Хон Юнисда ўғил болалар учун ўрта мактабда ўқиган, кейин Ғазо ислом университетини араб тили бўйича бакалавр даражасида тамомлаган.
Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти ходими, Синвар қамоқхонадалигида у билан тўрт бор суҳбатлашган Эхуд Яарининг сўзларига кўра, ўша вақтда Хон Юнис «Мусулмон биродарлари»ни қўллаб-қувватловчи қўрғон вазифасин ўтаган.
Яарининг сўзларига кўра, ушбу исломий гуруҳ «қочқинлар лагеридаги масжидларга борувчи, қашшоқликдан азият чеккан ёшлар учун оммавий ҳаракат бўлган» ва кейинроқ у ҲАМАС учун ҳам худди шундай аҳамият касб этган.
Исроилликлар Синварни биринчи марта 1982 йилда, 19 ёшдалигида «исломий фаолияти» учун, иккинчи бор — 1985 йилда қўлга олишган. Тахминан шу вақтларда у ҲАМАС асосчиси, шайх Аҳмед Ёсиннинг ишончига киради.
Тел-Авивдаги Миллий хавфсизликни ўрганиш институти катта илмий ходими Коби Михаэлнинг сўзларига кўра, улар жуда яқин бўлиб қолишган. Ташкилотнинг диний раҳнамоси билан бу муносабатлар кейинчалик Синварга кўтарилишда ёрдам берган.
1987 йилда ҲАМАСга асос солинганидан икки йил ўтиб у ташкилотнинг ички хавфсизлик хизмати — «Ал-Мажд»ни тузади. Бу вақтда у атиги 25 ёшда бўлган.
«Ал-Мажд» фаластинликларни кузатиш ва Исроил билан ҳамкорлик қилганларнинг барчасини тутиб ўлдириш билан, шунингдек ахлоқий қоидаларни бузганларни таъқиб этиш билан шуғулланган, Михаэлнинг аниқлик киритишича, порнографик материаллар сотилган дўконлар унинг нишони бўлган.
Яарининг тасдиқлашича, Синвар Исроил билан ҳамкорликда гумон қилинган кўплаб кишилар шафқатсизларча ўлдирилиши учун жавобгар ҳисобланади: «Айрим қотилликларни у ўз қўли билан амалга оширган ва бу ҳақда менга ва бошқаларга фахр билан айтиб берган».
Исроил расмий шахсларига кўра, кейинроқ у Исроилга хабар етказиб туришда гумонланувчини жазолаш учун унинг акасига укасини тириклай кўмишни ва бу ишни белкуракда эмас, қошиқда бажаришни буюрганини тан олган.
«У атрофига издошларини, мухлисларини — шунчаки ундан қўрқадиган ва у билан баҳслашишни истамайдиганларни тўплай оладиган одамлардан бири», — дейди Яари.
1988 йилда Синвар исроиллик икки ҳарбий ўғирлаб кетилиши ва ўлдирилишини режалаштирган. Ўша йилда исроилликлар уни ҳибсга олиб, 12 нафар фаластинлик ўлдирилишида айблайди ва тўртта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилади.
Қамоқхонадаги йиллар
Синвар умрининг катта қисмини — 1988 йилдан 2011 йилгача бўлган даврни Исроил қамоқхонасида ўтказади. Бу йиллар, айниқса бир кишилик камерада ўтказилган давр уни янада радикаллаштирган.
«У куч ишлатиб, ўзининг шафқатсизлик ҳукмронлигини қабул қилишга мажбур қилади», — дейди Яари. У ўзини маҳбуслар етакчиси сифатида намоён этиб, қамоқхона маъмурияти билан улар номидан музокаралар ўтказади ва қамоқхонадаги тартиб-интизомни назорат қилади.
Исроил ҳукумати Синварнинг қамоқхона давридаги шахсиятини таҳлил қилиб, унинг характерини шундай тасвирлаган: «Шафқатсиз, обрўли, таъсир доирасига эга, ғайриоддий даражадаги бардошли, оз нарсага қаноат қиладиган, айёр ва манипулятор… Ҳатто қамоқхонадаги бошқа маҳбусларга сир бой бермайди… Оломонни ўз ортидан эргаштириш қобилиятига эга».
Яарининг Синвар билан танишчилик вақтида шаклланган фикри у психопатлиги ҳақида эди. «[Аммо] „Синвар — психопат, ва нуқта“, дейиш — хато бўларди, — дейди у, — чунки бу ҳолда сиз ушбу ғалати, мураккаб фигурани тўлиқ тушуна олмайсиз».
Яарининг сўзларига кўра, Синвар «фавқулодда айёр, зукко — қачон жозибадор бўлиш керак, қачон йўқлигини биладиган одам».
Синвар унга Исроил йўқ бўлиши кераклиги ва Фаластинда яҳудий халқига жой йўқлигини таъкидлаганида «„балки, биз сен учун истисно қилармиз“ деб ҳазиллашган».
Маҳбусдалик чоғида Синвар Исроил газеталарини ўқиб, иврит тилида равон гапиришни ўрганган. Яарининг айтишича, у араб тилини яхши билса ҳам, Синвар ҳамиша у билан иврит тилида сўзлашишни афзал кўрган.
«У ўзининг иврит тилини яхшилашга интиларди, — дейди Яари. — Ўйлайманки, у мен иврит тилида турма назоратчиларидан яхшироқ сўзлаша олганимдан фойдаланишни истаган».
Синварни 2011 йилда 1027 нафар фаластинлик ва Исроилда яшовчи араблар бир нафар исроиллик — ЦАҲАЛнинг гаровдаги аскари Гилад Шалитга алмаштирилганида озодликка чиққан.
Шалит беш йил мобайнида асирликда бўлган. Унинг ўғирланишида Синварнинг укаси, ҲАМАСнинг юқори мартабали ҳарбий командири ҳам иштирок этган. Шундан буён Синвар кўпроқ исроиллик аскарларни ўғирлашга чақириб келади.
Бу вақтга келиб Исроил Ғазо сектори оккупациясини тўхтатган ва бу ерда ҳокимият сайловларда ғалаба қозонган ва кейин ўз рақиблари — Ёсир Арофатнинг ФАТҲ партиясини сиқиб чиқариб, унинг кўплаб аъзоларини баланд биноларнинг томларидан улоқтирган ҲАМАС қўлига ўтганди.
Қатъий интизом
Михаэлнинг сўзларига кўра, Синвар Ғазога қайтганида, уни дарҳол етакчи сифатида қабул қилишган. Бу кўп жиҳатдан унинг ҲАМАС асосчиларидан бири сифатидаги обрўси ва ҳаётининг кўп қисмини Исроил қамоқхоналарида ўтказгани билан боғлиқ эди.
Аммо, бундан ташқари, «одамлар шунчаки ундан қўрқишган — ахир у ўз қўллари билан одам ўлдирган, — дейди Михаэл. — У жуда шафқатсиз, тажофвузкор ва шу билан бир вақтда харизматикдир».
«У нотиқ эмас, — дейди Яари. — У омма олдида чиқиш қилганида, кўпроқ мафия одамига ўхшайди».
Яарининг қўшимча қилишича, Синвар қамоқхонадан чиққанидан кейин дарҳол «Ал-Қассам бригадаси» ва штаб бошлиғи Марвон Исса билан иттифоқ тузган.
2013 йилда у ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги сиёсий бюросига сайланган, 2017 йилда эса унинг раисига айланган.
Синварнинг кичик укаси Муҳаммад ҳам ҲАМАСда муҳим шахслардан эди. У исроилликлар томонидан уюштирилган бир қанча суиқасдлардан омон қолганини айтган, 2014 йилда ҲАМАС унинг ўлими ҳақида эълон қилганди. Кейинроқ ОАВда у ҳали тирик ва ҲАМАСнинг ҳарбий қанотида фаол ишлаётган, Ғазо остидаги туннелларда яширинган ва ҳатто 7 октябр кунги ҳужумга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Синвар шафқатсизлиги билан довруғ қозонгани туфайли «Хон Юнис қассоби» деган лақаб орттирган.
«ҲАМАСда одамлар Синварга бўйсунмасанг, ҳаётинг хавф остида бўлишини билишади», — дейди Яари.
Маълумотларга кўра, 2015 йилда ҲАМАС қўмондони, талон-торож қилиш ва гомосексуалликда айбланган Маҳмуд Иштиви қўлга олиниши, қийноққа солиниши ва ўлдирилиши ортида айнан у масъул бўлган.
2018 йилда халқаро нашрлар учун брифингда Синвар АҚШ элчихонаси Тел-Авивдан Қуддусга кўчирилишига қарши норозилик намойишлари доирасида Ғазо секторини Исроилдан ажратиб турувчи чегара тўсиғини бузиб ўтган минглаб фаластинликларни қўллаб-қувватлашини билдирганди.
Ўша йилда у ўзига ҲАМАСнинг рақобатчиси, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Фаластин мухторияти тарафдорлари томонидан суиқасд уюштирилганини айтиб чиқади.
Шу билан бирга, у Исроил билан ўт очишни вақтинча тўхтатиш, асирлар алмашинуви ва Фаластин маъмурияти билан ярашишни қўллаб-қувватлаб, прагматик бўла олишини ҳам кўрсатганди. Михаэлнинг айтишича, айрим мухолифлари уни ҳаддан ташқари мўътадиллик қилишда айблаган.
Эрон билан яқинлик
Исроил кучишлатар тузилмалари вакиллари асирлар алмашинуви доирасида Синвар ҳам қўйиб юборилгани ҳал қилувчи хато бўлган деб ҳисоблайди.
Исроилликлар агар ҲАМАСга иқтисодий имтиёзлар ва фаластинликларга мамлакат ҳудудида ишлаш учун кўпроқ имтиёзлар берилса, ҳаракатни жанг қилишдан қайтариш мумкин бўлади, деб адашганини айтишади.
«У ўзини Фаластинни озод этиши керак бўлган одам деб ҳисоблайди, — у Ғазодаги иқтисодий вазиятни яхшилаш, ижтимоий масалалар билан шуғулланмайди. Бу у ҳақда эмас», — дейди Яари.
2015 йилда АҚШ Давлат департаменти Синварни расман «алоҳида қидириладиган халқаро террорчи» (Specially Designated Global Terrorist) сифатида тан олганди. 2021 йил майида исроилликлар унинг Ғазо секторидаги уйи ва офиси бўйлаб авиазарбалар йўллайди. 2022 йил апрелида у ўз телемурожаатида одамларни исталган усулда Исроилга ҳужум қилишга чақиради.
Таҳлилчилар уни ҲАМАСнинг сиёсий бюросини унинг ҳарбий қаноти — 7 октябр куни Исроилга рейдни бошқарган «Ал-Қассам бригадаси» билан боғловчи асосий фигура сифатида билишади.
14 октябр куни Исроил қуролли кучлари вакили, подполковник Ричард Хехт Синварни «ёвузликнинг юзи» деб атаганди. У шундай қўшимча қилган: «Бу шахс ва унинг бутун жамоаси нишонимизда. Биз унга етиб борамиз».
Синвар Эрон билан ҳам яқин ҳисобланади. Шиалар мамлакати ва сунний араблар ташкилоти ўртасида ҳамкорлик алоқалари — ошкора эмас, аммо уларни умумий мақсад бирлаштиради — Исроил давлатини йўқ қилиш ва Қуддусни Исроил оккупациясидан озод этиш.
Улар бир-бирига қўл бериб ишлай бошлаган. Эрон ҲАМАСни молиялаштиради, ўқитади ва қуроллантиради, ҳарбий салоҳиятини ошириб, Исроил шаҳарларини ўққа тутиши учун минглаб ракеталар билан таъминлайди.
Синвар 2021 йилги чиқишида қўллаб-қувватлов учун Теҳронга миннатдорчилик билдирган: «Агар Эрон бўлмаганида, Фаластиндаги қаршилик ҳаракати ҳозирги имкониятларга эга бўлмаган бўларди».
Аммо Синварнинг ўлдирилиши Исроил учун ҳаракатга қақшатқич зарбадан кўра кўпроқ «пиар-ғалаба» бўлади, деб ҳисоблайди Ловатт.
Нодавлат ташкилотлар одатда гидра боши каби ишлайди: бир оператив командир ёки етакчи йўқ қилинса, ўрнига тезда бошқаси келади. Унинг вориси у каби тажриба ёки авторитетга эга бўлмаслиги мумкин, аммо ташкилот барибир у ёки бу шаклда қайта тикланишга муваффақ бўлади.
«Унинг ўлими йўқотиш бўлиши тушунарли, аммо уни бошқаси алмаштиради ва бунинг учун тегишли тузилмалар мавжуд. Бу бин Лодиннинг ўлдирилиши билан бир хил ҳолат эмас. ҲАМАСда бошқа юқори мартабали сиёсий ва ҳарбий етакчилар бор», — дейди Ловатт.
Қуйидаги саволлар бундан муҳимроқ: Исроил ҲАМАСга қарши ҳарбий кампаниясини якунлаганида нима бўлади ва бошқарув кимга қолади?
Ва улар Ғазо сектори ҳозир бўлаётган вайронгарчиликларга жавобан Исроилга келгусида қилинажак эҳтимолий ҳужумлар учун плацдармга айланишининг олдини ола оладими?
Мавзуга оид
09:17 / 24.11.2024
Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024