Сўнгги 3 йилда қарийб 30 нафар фуқаро олтин қазиб олиш жараёнида ҳалок бўлди – Сенат
Олий Мажлис Сенатида ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олиш билан боғлиқ жараёнлар муҳокама этилди.
Очиқ майдонларда қазиб олиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги оқибатида сўнгги 3 йилда қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан ёки қум ва тош босиб қолиб, вафот этган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълумот берилди.
28 ноябр куни ўтказилган йиғилишда ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати муҳокама этилган. Мажлисда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси масъул раҳбар ходимларининг ахбороти эшитилган.
Қайд қилинишича, олтин ва қимматбаҳо металларни қонуний қазиб олишнинг афзалликлари юзасидан ваколатли органлар томонидан тарғибот ишлари етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида Тошкент, Наманган, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида аҳоли томонидан очиқ майдонларда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари йилдан-йилга кўпаймоқда.
2020 йилда олтин ва қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юзасидан 34 та маъмурий иш қўзғатилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 463 тани, 2022 йилда эса қарийб 1500 тани ташкил қилган.
Очиқ майдонларда қазиб олиш ишлари жараёнида хавфсизлик талабларига риоя этилмаганлиги оқибатида 2021–2022 ва 2023 йилнинг 10 ойида қарийб 30 нафар фуқаро ис газидан ёки қум ва тош босиб қолиб, вафот этган.
Бундан ташқари, очиқ майдонларда ноқонуний олтин қазиб олиш жараёнларига вояга етмаганларни ҳам жалб қилиш ҳолатлари мавжуд.
Шу билан бирга, таркибида олтин ва қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни ноқонуний қазиб олиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 702-моддаси билан қўлланиладиган жарима миқдори кам белгиланганлиги ҳам мазкур йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатларининг айни бир шахслар томонидан такрор содир этилишига сабаб бўлаётгани таъкидланмоқда. Жумладан, бугунги кунда 102 нафар жисмоний шахс томонидан қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл билан қазиб олиш ҳолати такроран содир этилган.
Бундан ташқари, «НКМК» АЖ, «ОКМК» АЖ ва бошқалар томонидан захирага олинган шахта ва карьерлар атрофи ўраб олиниб, қўриқланиши таъминланмаган.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ҳудудий экспедициялари томонидан шахта ва штолняларни лойиҳа бўйича иш тугатилгандан сўнг ўрнатилган тартибда тўлиқ ёпиш чоралари кўрилмаган, бу эса мазкур ҳудудларда олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олаётган фуқароларга ноқонуний қазиб олиш ишларини олиб боришга шароит яратмоқда.
Муҳокамалардан сўнг Қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасига мутасадди вазирлик ва идорларни жалб қилган ҳолда соҳадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.
Мавзуга оид
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024