Жаҳон | 13:30 / 29.11.2023
4025
4 дақиқада ўқилади

«Чегара билмас мухбирлар» матбуот эркинлиги учун мукофотларини топширди

Брюсселда «Чегара билмас мухбирлар» ҳакамлар ҳайъати 2023 йилнинг энг жасур журналистларини тақдирлади. Улар орасида мисрлик блогер, колумбиялик ва гватемалалик икки журналист ҳамда франциялик фотосуратчи бор.

Фото: PHILIPPE LOPEZ/AFP/Getty Images

28 ноябр, сешанба куни Брюсселда «Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро ноҳукумат ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича 31-мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди

«Таъсир» номинациясида мукофот колумбиялик журналист Хуан Пабло Барриентосга топширилди. Унинг иши туфайли 2022 йилда Колумбия жинсий жиноятларда айбланган 26 католик руҳонийларининг шахсини аниқлади. «Болалар менинг олдимга келяпти» китоби муаллифи сўнгги етти йил давомида ушбу ва бошқа коррупция ҳолатлари бўйича ўтказган суриштирувлари учун таъқиб ва цензурага учраган. «Унинг материаллари Колумбия халқига жиноятчиларни аниқлаш ва жазосизликка қарши курашиш имконини беради», деб таъкидлади «Чегара билмас мухбирлар». 

Мисрлик блогернинг исми - «жасур журналистиканинг синоними»

«Жасорат» номинациясидаги мукофот мисрлик блогер Муҳаммад Иброҳим Радванга топширилди. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, Мисрда унинг номи, тўғрироғи Муҳаммад Оксижен тахаллуси жасур журналистика билан синонимдир. 2019 йил бошида у беш йиллик қамоқ жазосидан кейин озодликка чиқди. Расмийлар унинг журналистик фаолиятини давом эттиришига рухсат бермади ва уни назорат остига олди. Аммо ўша йилнинг сентябр ойида Мисрда норозилик намойишлари бошланганда, Egypt's Oxygen («Миср кислороди») блоги муаллифи ҳамма нарсага қарамай, намойишларни ёритиб борди. Унинг ахборот олиш ҳуқуқига содиқлиги расмийлар томонидан бўйсунмаслик ҳаракати сифатида қабул қилинди. У қайта ҳибсга олинди ва «ёлғон хабар чоп этгани» учун беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

«Мустақиллик» номинациясида мукофот гватемалалик журналист, йигирма йил давомида Гватемала сиёсий элитасининг коррупциясини фош қилган elPeriódico газетаси асосчиси Хосе Рубен Саморага топширилди. У бир неча бор таҳдидга учраган ва жиноий жавобгарликка тортилган, 2022 йил июл ойида эса пул ювиш бўйича сохта айбловлар билан ҳибсга олинган ва деярли бир йил тергов ҳибсхонасида ўтирган. 2023 йил май ойида elPeriódico ёпилишга мажбур бўлди. Унга 2023 йил июн ойида чиқарилган олти йиллик қамоқ жазоси 13 октябрда апелляция бўйича бекор қилинган бўлса-да, Самора янги суд жараёнигача ҳибсда қолмоқда. 

Фотосуратчилар учун янги мукофот

Бу йил «Чегара билмас мухбирлар» мукофоти илк бор янги тоифада – фотожурналистлар учун топширилди. У 2011 йилда ҳалок бўлган ёш фотожурналист шарафига «Лукас Долега - SAIF» деб номланди. Мукофот ғолиби франциялик Карин Пер бўлди. Унинг фотосуратчи сифатидаги карераси 2015 йил ноябр ойида Париждаги терактлардан кейин бошланган, 2017 йил охирида эса Пер Hans Lucas агентлигига қўшилди. У Ливиядаги фронт чизиғидан репортажлар тайёрлади, икки йил давомида Байрутда Le Monde ва Washington Post билан ҳамкорликда ишлади. 

Пер Покистонда олинган «Мени уйга олиб кет!» фоторепортажи учун тақдирланди. Унда Карачи ва Мултандаги икки бошпана тасвирланган, уларда юзлаб рад этилган аёллар ва болалар сақланади. «Эри томонидан ташлаб кетилган, оиласи томонидан рад этилган, кўп йиллик зўравонлик қурбони бўлган бу аёлларнинг аксарияти қолган умрларини шу деворлар ичида ўтказади», деб ёзади «Чегара билмас мухбирлар». 

Тақдирлаш маросимида тинчлик учун 2022 йилги Нобел мукофоти лауреати, Украина Фуқаролик эркинликлари маркази раҳбари Александра Матвийчук иштирок этди. Мукофотга 18 давлатдан 21 журналист, жумладан, Bellingcat тадқиқот нашри раҳбари, Россияда сиртдан ҳибсга олинган Христо Грозев ва Беларусда ёпиб қўйилган Tut.by янгиликлар сайти муҳаррири, март ойида 12 йилга қамалган Марина Золотова номзоди илгари сурилган.

Мавзуга оид