Спорт | 23:34 / 30.11.2023
25797
3 дақиқада ўқилади

2030 ва 2034 йилги қишки Олимпиада ўйинларига Франция курортлари ва АҚШ мезбонлик қилади 

2030 йилги ўйинлар Франциянинг Алп тоғларидаги курортларида, 2034 йилги ўйинлар Қўшма Штатларнинг Солт-Лейк-Сити шаҳрида ўтказилади. 

Фото: ТАСС

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) амалда иккита, 2030 ва 2034 йилги қишки Олимпиада ўйинлари мезбонларини номлади. Жумладан, 2030 йилги ўйинлар Франциянинг Алп тоғларидаги курортларида, 2034 йилги ўйинлар Қўшма Штатларнинг Солт-Лейк-Сити шаҳрида ўтказилади. 

Сўнгги ўн йилликдан бери Олимпиада учун мезбонни танлаш соддалаштирилган схема бўйича амалга оширилмоқда. Авваллари мезбон узоқ давом этадиган танлов ва ижро қўмитаси томонидан якуний овоз бериш натижасида аниқланган бўлса, ҳозир махсус комиссия томонидан олдиндан ўтказиладиган ягона устувор номзодни танлаш асосида амалга оширилмоқда. 

Айнан шу жараён натижасида Франция Алп тоғлари курортлари, шунингдек, Американинг Солт-Лейк-Сити шаҳри ягона номзод сифатида қолган. ХОҚ бўлажак Олимпиада ўйинлари бўйича комиссияси раҳбари Карл Стосснинг тушунтиришича, энди мусобақаларни ташкил этиш жараёнига ёрдам бериш мақсадида бу шаҳарларнинг вакиллари билан мақсадли музокаралар ўтказилади. 

Олимпия ўйинлари мезбонларининг якуний мақоми 2024 йил июлида бўлиб ўтадиган ХОҚ сессиясида Франциянинг Алп тоғлари курортлари ва Солт-Лейк-Сити шаҳарларига берилади. Солт-Лейк-Сити 2002 йилда ҳам қишки Олимпиада ўйинларини қабул қилган. 

Қайд қилинишича, Солт-Лейк-Сити учун танловда рақиб бўлмади. Францияда эса Швеция ва Швейцария бор эди. Карл Стосс сўзларига кўра, Швейцария варианти 2038 йилги Олимпиада учун устувор номзод бўлади. 

Франция Алп тоғларида ўтказиладиган Олимпия ўйинларига бешта курорт шаҳар мезбонлик қилади. Улардан тўрттаси спортчилар ва сайёҳлар учун ажойиб инфратузилмага эга машҳур чанғи курортлари: Мерибел, Куршевел, Вал-д’Изер ва Ла-Клюза. Жанубдаги Ницца шаҳрида эса ҳоккей, фигурали учиш, конкида учиш ва шорт-трек бўйича мусобақалар ўтказиш режалаштирилмоқда. У ҳам тез-тез энг яхши халқаро мусобақаларга, жумладан қишки спорт турларига мезбонлик қилади ва ривожланган инфратузилмага эга. 

Қайд қилиш жоиз, Франция бундан олдин 3 марта (Шамони-1924, Гренобл-1968, Албервилл-1992) қишки Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилган. АҚШ 4 марта (Лейк-Плэсид-1932, Скво-Вэлли-1960, Лейк-Плэсид-1980, Солт-Лейк-Сити-2002) қишки ўйинларни қабул қилган.  

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги қишки Олимпиада ўйинлари 2026 йилда Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида ўтказилади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид