Жаҳон | 22:22 / 30.11.2023
23387
7 дақиқада ўқилади

“Жиддий сигнал” — эксперт Эрон ва Туркия президентлари учрашуви бекор қилингани ҳақида

Ғазо бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштирмоқчи бўлган Туркия ва Эрон раҳбарларининг Анқарадаги учрашуви кутилмаганда бекор қилинди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған унинг мамлакати пойтахтида бўладиган саммитда Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳам иштирок этиши ҳақида аввалроқ журналистларга берган интервюсида айтган, лекин расмий Теҳрон бу маълумотни на тасдиқлаган, на инкор этганди.

Баъзи таҳлилчилар учрашувнинг амалга ошмагани сабаби Эрон раҳбари Эрдўғандан Ғазодаги уруш фонида Исроилга қарши реал ҳаракатлар кутган деган фикрни ҳам билдирмоқда.

Kun.uz мухбири бу масалада сиёсий таҳлилчи Равшан Ғозиев билан суҳбатлашди.

— Мавзунинг асосий нуқтасига ўтишдан аввал Туркия-Эрон муносабатлари Ғазо қирғинигача қандай эди, деган саволга жавоб берсак.

— Туркия ва Эрон муносабатларининг 5 асрлик тарихи бор. 1512 йилдаги Чалдирон урушидан бошлаб Эрон ва Туркия муносабатлари турли тўлқинларда давом этиб келади. Бу икки давлат бир-бирига жуда эҳтиёткор муносабатда бўлади, лекин бирор ножўя гап чиқиб қолса, икковиям қизишиб кетади. Тарихда Эрон ва Усмонлилар ўртасида минтақадаги айрим ҳудудлар, жумладан, Қорабоғ, Кавказ, Боғдод кабилар учун ўнлаб марта урушлар бўлган.

1637 йилда икки давлат ўртасида Қасри Ширин шартномаси имзоланади ва иккала давлат чегаралари белгилаб олинади. 400 йилдан бери сиёсий муносабатлар бўлиб келяпти. Туркия республика бўлгач, Эрон, Туркия, Афғонистон ва Ироқ ўртасида ички ишларга аралашмаслик бўйича Садабад пакти имзоланган. Бу пакт Эрон инқилобидан кейин бекор қилинган, лекин амалда ишлаяпти.

— Анқара ва Теҳрон манфаатлари Яқин Шарқда қайси манфаат нуқталаридан кесишади?

— Араб баҳори натижасида юзага келган Сурия можаросида Эрон ва Туркия бир-бирига зид эди. Туркия Башар Асаднинг кетишини истаган бўлса, Эрон уни ҳимоя қилди. Тарихда ҳам Нодиршоҳ даврида Туркия ва Эрон ўртасида диний урушлар бўлган. Замонавий даврда эса Сурия масаласида кўринди бу.

Бундан ташқари, Кавказдаги икки давлат позицияси бор. Эрон Кавказда Туркия ва Озарбойжон мавқейи кучайиб кетишини истамайди. 2020 йилги 40 кунлик урушдан сўнг Эрдўған Озарбойжондаги ҳарбий парадда Озарбойжон бўлиниши ҳақидаги Ваҳабзаденинг бир шеърини айтганди ва шу ҳам анча муҳокамаларга сабаб бўлганди. Эрон ташқи ишлар вазирлиги қаттиқ муносабат билдирди. “Чор Россияси Озарбойжонни Эрондан ажратиб олганди, ҳудудий масалаларимизга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деган муносабатлар янграган эди. Эрон шимолидаги озарийлар анча кўпчиликни ташкил қилади, шунинг учун Эрон хавотирида ҳам жон бор эди.

Озарбойжон муфтийси Қорабоғга борганда “бизнинг ғалабаларимиз оятуллоҳ Хоминаий дуолари билан бўлди”, деган гапни ҳам айтиб кетди. Бу ҳам шов-шув бўлди, чунки Озарбойжонни қўлловчи Туркия эди. Озарийларнинг ҳам кўпи шиа мусулмонлари эканини айтиб ўтиш керак. Умуман, муносабатлар жуда мураккаб.

Ироқ масаласи. Ироқдаги курдлар ташкилотини террорчи деб эътироф этишади. Лекин Эронда ҳам, Туркияда ҳам курдлар яшайди. Сурияда ҳам курдларнинг гуруҳи бор. Бундай гуруҳ-ташкилотлар Эроннинг ҳам, Туркиянинг ҳам манфаатларига зид. Ироқ масаласида хам икки давлат ёндашуви икки хил бўлган, иккиси ҳам бошқа-бошқа қабилаларни қўллаган. 2018 ёки 2019 йилда Эрбилдаги курдлар ўзини мустақил деб эълон қилганда Туркия ва Эрон жиддий қаршилик кўрсатди, қатъий тан олмаслигини айтиб, Ироқ ҳудудий яхлитлигини эътироф этишди. Яъни умумий бирлашадиган нуқталар мавжуд.

Курдларнинг Рожова давлатини АҚШ қўллаган эди ўшанда, чунки курдларни ИШИДга қарши курашда ҳамкор деб қабул қилганди, бунга сабаб курдлар ИШИДнинг бир ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлади, шунда АҚШ уларда потенциал борлигини кўради. Буни тасдиқловчи манбалар мавжуд, ҳатто қурол-яроғ ҳам беришган.

— Иброҳим Раисий нима сабабдан Анқарага бормаган бўлиши мумкин?

— Учрашув бекор қилиндими ёки қолдирилдими – иккисининг фарқи бор. Туркия нашрлари учрашув бекор қилинди деяпти. Бу – жиддий сигнал. Юқори даражали давлат ташрифи бекор қилинишининг жуда муҳим сабаблари бўлади. Яна бир қизиқ нарса шундаки, шу пайтгача бу ташриф ҳақида фақат Туркия тарафи гапираётган эди, Эрон томони эмас. Тошкентдаги Эрон ва Туркия президентлари учрашувида ҳам бу масалалар кўтарилгандир, учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлди.

Учрашув бекор бўлганини биринчи бўлиб Франция оммавий ахборот воситалари ёзди, Туркияники эмас. Раисий Эрдўғандан реал ҳаракат кутган бўлиши мумкин. Озарбойжоннинг Туркия орқали Исроилга ўтувчи газини ёпиш, савдо алоқаларни тўхтатиш сўралган бўлиши мумкин. Лекин Туркия буларни бажармайди, чунки бу Озарбойжон манфаатларига тўғри келмайди, бундан ташқари, Туркия ўз географик имкониятларини чеклашни истамайди. Ҳатто Эроннинг ўзи ҳам газини Туркия орқали Европага ўтказиш бўйича музокаралар олиб борган эди. Умуман, бундай нарсалар Туркия учун фойдали бўлгани сабаб булардан воз кечмайди.

Балки АҚШ ва Ғарб давлатлари учрашмасликни талаб қилган бўлиши мумкин. Блинкен келиб Туркия ташқи ишлар вазири билан гаплашди, Эрдўғаннинг ўзи Германияга борди. Туркияни жиддий қадамлар ташламаслик бўйича огоҳлантирган бўлишлари мумкин.

Эрдўғаннинг позицияси аниқ, Исроилни қаттиқ қоралаяпти, ҲАМАСни ўз юрти озодлиги учун курашяпти, деяпти. Лекин давлат манфаатлари нуқтайи назаридан амалий ҳаракатлар қилишга Эрдўған ҳам ожизлик қилади.

— Позицияларини умумийлаштирмоқчи бўлган икки давлат ўртасида тафовут юзага келдими?

— Яна бир нарсани ҳисобга олиш керак. Эрон ҳам ҳеч қачон Исроил билан тўғридан тўғри урушгани йўқ ҳали. Исроилни тан олмайди, қандайдир таҳдид қилиши мумкин ва бошқалар. Эрон қўлловчи “Ҳизбуллоҳ” каби гуруҳлар ҳам асли Исроилга қарши тузилмаган, уларнинг вазифаси бошқа. Исроил билан Миср, Сурия, Иордания, Ливан каби давлатлар урушган, бошқалар аралашмаган.

Шу ўринда Эрон Туркиядан жиддий амалий ҳаракатлар талаб қилиши ҳам тушунарсиз. Тўғри, маълум бир амалий ҳаракатлар кутилиши мумкин, яъни дипломатик алоқаларни узиш, савдони тўхтатиш каби кўринишдагилар. Лекин Туркия – НАТО таркибидаги давлат, бутунлай шу тизимда у. Ғазодаги вазият Туркия учун урушга сабаб бўлолмайди. Тўғри, Эрдўған гапиряпти, босим ўтказишга ҳаракат қиляпти. Унинг баёнотлари одамлар кўзига шунчаки қуруқ гапдек кўриниши мумкин, лекин бунинг ҳам ўзига яраша таъсирлари бор.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид