Билл Гейтсдан йил якунида 3 та китоб – миллиардер қандай китоблар тавсия қилди?
Йилига камида 50 та китоб ўқийдиган миллиардер Билл Гейтс анъанавий тарзда бу йил якунида ҳам китобхонларга ўқиш учун асарлар тавсия қилди. Китоблар – тирик организмдаги ҳужайраларнинг қандай ишлаши, иқлим ўзгариши кураши ва шу пайтга қадар қилинган инновациялар ҳаётни қандай ўзгартиргани ҳақида.
Дунёнинг топ миллиардерларидан бири, Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс ўзининг ашаддий китобхонлиги билан ҳам эътироф этилади. Билл Гейтс йилига камида 50 та китоб ўқийди.
У анъанавий тарзда ҳар йил якунланаётганда китобхонларга ўқиш учун китоблар тавсия қилади. Бу йил ҳам миллиардер ўзи ўқиган топ китоблари рўйхатини эълон қилди.
Билл Гейтс 2023 йил давомида ўзи ўқиган китоблар орасидан 3 та бадиий йўналишда бўлмаган китобларни тавсия қилди. Ўзининг ёзишича, рўйхат тузаётган пайтида энг биринчи айнан шу китоблар хаёлига келган.
"Ҳужайра қўшиғи", муаллиф Сиддҳартҳа Мукержи
Рўйхат бошида Колумбия университети онкологи, Пулицер мукофоти совриндори Сиддҳартҳа Мукержининг "Ҳужайра қўшиғи" китоби жой олган. Китоб "ҳаётимизнинг қурилиш блоклари”, ҳамма жонли организмларни ташкил қилувчи ҳужайралар ҳақида.
Китоб 1600 йилларда ҳужайралар кашф қилингандан то ҳозиргача бўлган даврда одамларнинг уларни тушуна олиш даражаси қандай ўзгарганини тушунтирувчи тиббий тарихни ўз ичига олади.
Билл Гейтснинг ёзишича, "Ҳужайра қўшиғи" инсон ўз танасини яхшироқ тушунишига ёрдам беради. Айниқса, касал бўлган пайти танамиз бизга нима демоқчи бўлаётганини англатишга ҳаракат қилади.
Муаллиф Мукержи дастлаб бир ҳужайрали организмлар билан қандай тарзда ҳаёт бошланганини тушунтиради. Сўнг эса инсондаги ҳар бир касаллик ва қариш жараёни танадаги ҳужайралар билан нимадир хатолик рўй бериши оқибатида содир бўлишини тушунтиради.
"Дунёнинг охири келмади", муаллиф Ханна Ричи
"Байрам руҳини ҳис қилиш учун озгина оптимизмга нима дейсиз?" деб ёзади Гейтс навбатдаги китоб ҳақида. Миллиардер тавсия қилаётган бу китобни иқлим ўзгариши ҳақидаги суҳбатлардан хабардор бўлишни истаган ҳар қандай шахс ўқиши керак.
Оксфорд университети олими Ханна Ричининг муаллифлигидаги "Дунёнинг охири келмади" китоби январда чоп этилиши режа қилинган. Бу китоб инсоният иқлим ўзгариши устидан қандай қилиб ғалаба қозона олиши мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилади.
Муаллиф бошқа иқлим фаоллари каби ўзи "инсониятнинг энг фожиали даврида" яшаётганига ишонган. Бироқ далилларни ўрганиш орқали Ричи инсонлар иқлим ўзгариши билан курашда натижаларга ҳам эришаётганини тушуниб етади.
"Дунёнинг охири келмади" китобида муаллиф фактлардан фойдаланган ҳолда иқлим ўзгаришига оид охирзамон сценарийларига зид келадиган бошқа маълумотларни беради.
"Ихтиро ва инновация", муаллиф Ватслав Смил
Ватслав Смил — Канададаги Манитоба университети фахрий профессори, Билл Гейтснинг севимли ёзувчиларидан бири. Гейтснинг ёзишича, у Смилнинг 44 та асарининг ҳаммасини ўқиб чиққан, "ҳеч ким ўтмишни тушунтиришда Смилдан яхшироқ эмас", деб ҳисоблайди.
Февралда чоп этилган "Ихтиро ва инновация" китобида Смил инсоният тарихда яратган ихтиролардан мисоллар келтиради.
Профессор Смил бу китобида енгиб бўлмайдиган, ҳалокатли бўлган ихтиролар ҳақида ёзади. Бундан ташқари, инсоният яратишни ваъда берган, лекин ҳануз амалга оширилмаган ихтиролар билан қандай жараёнлар содир бўлаётганини ёзади.
Гейстга кўра, муаллиф ҳозирги инновациялар даврида яшаётгани билан солиштирганда камроқ оптимист. Билл Гейтс инсоннинг заковати бизни ҳозирги даврга қандай олиб келганига қизиққан исталган кишига бу китобни ўқишни тавсия қилади.
Шунингдек, Билл Гейтс Стенфордда таҳсил олган иқтисодчи Тимоти Тейлорнинг иқтисодга оид 3 та маърузасини ва байрамда эшитиш учун қўшиқлар ҳам тавсия қилди.
Мавзуга оид
13:34 / 07.10.2024
Туркияда Ислом Каримов ҳақида китоб нашр қилинди
11:53 / 06.10.2024
Ўқув маркази, китоб дўкони ва SMM: Икки йилда учта бизнес очган ёш тадбиркор ҳикояси
23:20 / 03.10.2024
Билл Гейтс сунъий интеллект олдидаги учта асосий қўрқувини айтди
14:40 / 31.08.2024