“Бу очиқлик сиёсатига зид” — Акмал Бурҳонов ИИВ ходимлари тасвирларини тарқатишга доир лойиҳа ҳақида
Ички ишлар вазирлигининг таклифи билан депутатлар қабул қилган қонун лойиҳасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг тасвирларини “обрўсизлантириш мақсадида” интернетда эълон қилиш учун жазолаш назарда тутилмоқда. Коррупция қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов очиқлик сиёсатига зид бўлган ушбу норма қайта кўриб чиқилиши кераклигини айтди.
Аксилкоррупция агентлиги директори Kun.uz нашрига Акмал Бурҳонов Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш ва давлат ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини оширишга доир президент фармони юзасидан интервью берди. Бурҳонов интервью давомида жамоатчилик учун долзарб бўлиб турган ИИО ходимлари тасвирларни тарқатишга доир саволга ҳам жавоб берди.
“Бу лойиҳага салбий қараймиз, агентлик бунга қўшилмайди. Тўғри, албатта шахсни обрўсизлантириш мақсадида видео тасвирга олишнинг ўзи қонунчиликка зид. Нафақат ички ишлар ходимларини, балки оддий фуқароларни ҳам обрўсизлантириш мақсадида тасвирга олиб тарқатиш ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоланиши керак.
Лекин бу масалада аниқ тартиблар белгиланмагани учун кўплаб тушунмовчиликлар ва саволларни келтириб чиқариши мумкин. Яъни, тасаввур қилинг, ички ишлар ходими чой ичиб ўтирибди. Шуни кўрсатиб чиқариб юборса ходим “бизни обрўсизлантирган”, деган важни айтиши мумкин ва шуни айбдор қилиб юборишлари мумкин. Тушуняпсизми? Аниқлаштирилмаганлиги учун. Айнан бу нормада таклиф этилаётган ўзгаришга биз агентлик вакили сифатида салбий қараймиз ва очиқлик сиёсатига зид, деб ҳисоблаймиз.
Ҳозирги кунда ҳам агар ИИО ходимларини видео тасвирга олиб, уни обрўсизлантириб чиқариб юборадиган бўлса, қонунчиликда жавобгарлик бор. Судга мурожаат қилиб, уни жавобгарликка тортиши мумкин. Лекин, алоҳида “ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими тасвирга олиш” деган нормани киритилиши уни татбиқ қилинишида ҳам қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, бунда суистемолчилик ҳам бўлиши мумкин. Чунки жавобгарликка тортиш ҳуқуқ тартибот идоралари, ички ишлар идораларнинг вазифаси ҳисобланади. Буни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман”, — дея Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
28-ноябрь куни бўлиб Олий Мажлис қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини “обрўсизлантириш мақсадида” иш фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинди.
Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195−2-моддани киритишни таклиф қилган, унга кўра ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши вақтида олинган сурат ва видеоларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетда жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Депутат Дониёр Ғаниев биринчи ўқиш жараёнида бу ҳуқуқ-тартибот идораларидаги айрим ходимлар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузишини рағбатлантириши мумкинлигига эътибор қаратган. Лекин, депутатлар лойиҳани 3 ўқишда қабул қилди.
Муҳокамалардан сўнг ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам кескин эътирозларини билдира бошлади. Фаоллар ИИВнинг бу лойиҳасини президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсатига зид ва орқага ташланган қадам, деб атади.
Коррупция қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов билан тўлиқ интервьюни тез кунларда Kun.uz сайтида кўришингиз мумкин.
Мавзуга оид
17:59 / 20.11.2024
Президент норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик билан муҳокама қилинмаётганига эътироз билдирди
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
16:25 / 19.09.2024
«Судга ижтимоий босимнинг олдини олиш учун жараён ёпиқ ўтказиляпти» – Судялар олий кенгаши Азиз Воитов иши ҳақида
15:31 / 12.09.2024