Жаҳон | 10:26 / 02.12.2023
24273
11 дақиқада ўқилади

Россиялик олигархлар ёқтирадиган ва Жеймс Бонд самолёт қўндирган аэропорт – дунёнинг энг ғаройиб ҳаво қўналғалари

Дунёдаги ғаройиб аэропортлардан бири денгиз сатҳидан 4,4 км баландликда, иккинчисининг ўртасидан темир йўл кесиб ўтади, бошқасида эса қумли учиш-қўниш йўлакчаси бор. Яна бир аэропорт қияликда жойлашган ва филмлардан бирида Жеймс Бонд унга самолётни қийинчилик билан қўндиради. Хўш, дунёнинг энг ғаройиб ва ноодатий аэропортлари қаерда жойлашган?

Фото: AP

Бугун дунёни авиация ва аэропортларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Фан-техника ва иқтисодиёт ривожланган сайин инсонларнинг турмуш даражаси ҳам ошди ва шунга яраша дунёнинг турли мамлакатларида саёҳат қилувчилар сони кескин ошди. Бу жараён ҳанузгача давом этмоқда.

Шу билан бирга янгидан янги парвоз йўналишлари ташкил этилди ва ҳатто Ер юзининг узоқ чеккаларигача аэропортлар қурилди. Бугун дунёдаги йирик аэропортлар бир йилда 50-100 млн нафар йўловчи ўтказишмоқда.

Шу билан дунёнинг турли бурчакларида кичик ва ажабтовур аэропортлар ҳам жойлашган. Уларнинг айримларига йирик самолётлар ҳам қўна олади. Бошқаларига қўна олмайди.

Қўйида дунёдаги энг ажабтовур аэропортлари ҳақида маълумот берамиз.

Гисборн аэропорти

Гисборн аэропорти, Янги Зеландия

Янги Зеландия шимолида жойлашган Гисборн шаҳридаги кичик аэропорт унчалик муҳим ҳаво қўналғаси эмас. Унга самолётлар ҳадеб учиб-қўнавермайди.

Аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги тор ва қисқа – узунлиги бор йўғи 1 310 метр. Шу сабабли унга асосан кичикроқ самолётлар учиб-қўнади. Гисборн шаҳарчасида 40 мингга яқин одам яшайди ва аэропорт шаҳарчадан 4,2 км узоқликда жойлашган.

Аэропорт ўртасидан темир йўл изи ўтан. Агар шу темир йўл ва у ердан поездда ўтиб-қайтувчи йўловчилар бўлмаса, Гисборнда аэропорт борлигини анча-мунча одам билмасди ҳам.

Айрим пайтларда поезд ўта бошлаганда самолётлар учиш ёки қўнишдан аввал бироз кутиб туришади. Ердагиси учиш йўлакчасида, ҳаводагиси осмонда.

Малика Жулиана аэропорти

Малика Жулиана аэропорти, Авлиё-Мартин ороли

Малика Жулиана аэропорти Кариб ҳавзасида жойлашган, Франция ва Нидерландия томонидан иккига бўлинган кичик оролда жойлашган.

Оролнинг Нидерландияга тегишли қисмида жойлашган мазкур ҳаво қўналғаси дунёдаги энг хавфли ўнта аэропортдан бири ҳисобланади. Бунинг сабаби аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги соҳилдан бошланиб соҳилда тугайди.

Аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги қирғоққа яқин бўлгани учун самолётлар денгиз бўйидаги пляжда дам олаётган сайёҳларнинг бошидан 10-20 метр баландликда учиб ўтади.

Шу сабабли Авлиё Мартин оролидаги бу пляжларга самолётларнинг учиб-қўнишини томоша қилиш учун ҳам кўплаб одамлар келади.

Малика Жулиана аэропорти 1943 йилда ҳарбий аэродром сифатида ташкил этилган. Кейинчалик қайта таъмирланиб, фуқаро авиациясига берилган.

Аэропортдаги учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 2 300, эни 45 метр бўлиб, унга йирик самолётлар ҳам бемалол қўна олади. Аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги нисбатан қисқа ва ноқулай бўлса ҳам у анча йирик ҳисобланади.

Унинг терминали бир йилда 1,5 млн йўловчини ўтказиш имкониятига эга. Аэропортнинг ўзига эса соатига 36-40 та самолёт учиб-қўна олади.

Саба оролидаги Хианчо-Ираускин аэропорти

Хианчо-Ираускин аэропорти, Саба ороли

Кариб ҳавзасида Авлиё Мартин оролидан атиги 46 километр жануби-ғарбда Саба ороли бор. Мазкур оролда дунёдаги энг қисқа 396 метр узунликдаги учиш-қўниш йўлагига эга бўлган халқаро аэропорт жойлашган.

Бу аэропортга фақат кичик самолётлар ёки вертолётлар қўна олади. Аэропортнинг Авлиё Мартин оролидаги Малика Жулиана аэропорти билан умумий ўхшашлиги бор.

Хианчо-Ираускин аэропорти ҳам Голландияга тегишли ва у дунёдаги энг хавфли аэропортлар қаторига киради. Саба оролининг диаметри 2,5 км. Шу сабабли бу ердаги аэропортнинг учиш-қўниш йўлакчасини узайтиришнинг иложи йўқ.

Гибралтардаги аэропорт

Гибралтар аэропорти, Гибралтар

Гибралтар Пиреней ярим оролининг жанубий-шарқида жойлашган стратегик аҳамиятга эга ҳудуд бўлиб, у Британияга тегишли.

Британиянинг денгиз орти ҳудудларига кирувчи Гиблартарда кичик халқаро аэропорт ҳам бор. Унинг учиш-қўниш йўлаги 1 829 метр бўлиб, маҳаллий шаҳарнинг энг катта йўлини кесиб ўтади.

Ҳар сафар аэропортга самолёт қўнишидан ёки ҳавога кўтарилишидан аввал автомобил йўли ёпилади. Аэропорт Британия Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлишига қарамай, у ердан ҳарбий парвозлардан ташқари, баъзида фуқаролик парвозлари ҳам амалга оширилади.

Аэропорт 1939 йилда ҳарбий мақсадлар учун қурилган. Кейинчалик қайта таъмирланиб, ҳарбий парвозлар билан бирга ундан фуқаро авиацияси самолётлари ҳам фойдалана бошлаган.

Мадейра оролидаги Криштиану Роналду номидаги аэропорт

Криштиану Роналду номидаги аэропорт, Мадейра ороли, Португалия

Мадейра ороли Атлантика океанида жойлашган. Таниқли футболчи Криштиану Роналду дунёга машҳур бўлмаганча бу орол борлигини кўпчилик билмасди.

Роналду Португалиянинг материк қисмида эмас, бу давлатга тегишли Медейра оролида туғилган. Оролдаги халқаро аэропорт Фуншал шаҳрида жойлашган.

Ушбу аэропорт 1964 йилда ишга туширилган ва ўшанда унинг учиш-қўниш йўлаги қисқа ва ноқулай бўлгани учун унга ҳатто ўртача катталикдаги самолётлар ҳам қўна олмасди.

Кейинчалик оролда кўплаб дам олиш масканлари барпо этилади ва бу ерда сайёҳлик кескин ривожланади. Натижада оролга Европа давлатларидан ҳар йили миллионлаб одамлар кела бошлайди ва аэропортни таъмирлашга эҳтиёж туғилади.

2000 йилда аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги қайта қурилади. Аввалига океан сувларига туташ ҳолда ҳар бирининг диаметри 5 метр бўлган 180 та темир-бетон устун қурилади.

Бетон устунлар баландлиги денгиз сатҳидан 50 метр баланд қилиб кўтарилган. Сўнг уларнинг усти оғир бетон плиталар билан ёпилган. Шу тариқа, учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 1 800 метрдан 2 777 метргача узаяди.

Кейинчалик, Роналду машҳур бўлиб кетганидан сўнг оролдаги аэропортга унинг номи берилади. Ҳозирги кунда Мадейрадаги аэропорт Криштиану Роналду номидаги аэропорт деб юритилади. Сўнгги йилларда аэропорт йилига бир неча миллион йўловчиларни ўтказмоқда.

Алп тоғларининг Францияга тегишли қисмида жойлашган Куршевел аэропорти

Куршевел аэропорти, Франция

Куршевел Алп тоғларининг Францияга тегишли қисмида жойлашган курорт шаҳарча ҳисобланади. Бу шаҳарчада учиш-қўниш йўлаги бор-йўғи 525 метр бўлган аэропорт бор.

Бу аэропорт денгиз сатҳидан 2 минг метр баландликда қурилган. Унинг учиш-қўниш йўлаги паст-баланд тарзда жойлашган бўлиб, унга фақат жуда тажрибали учувчилар самолётни қўндира олади.

Куршевел аэропортини, айниқса россиялик олигархлар жуда яхши билишади. Улар урушгача (2022 йил 24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб киргани назарда тутилмоқда) бу ердаги курортларда дам олиш учун тез-тез келиб туришарди.

Жеймс Бонд ҳақидаги филмлардан бири Куршевел аэропортида ҳам суратга олинган. «Эртага ҳеч қачон ўлмайди» (Tomorrow Never Dies) филмида Жеймс Бонд ўзи бошқариб келаётган самолётни аэропортга муваффақиятли қўндиради.

Шотландиядаги Барра аэропорти

Барра аэропорти, Шотландия

Барра аэропорти Шотландиянинг Ички Гебрид ороллари таркибига кирувчи Барра оролида жойлашган. Бу аэропортнинг ўзига хослиги шундаки, унинг учта учиш-қўниш йўлагида ҳам асфалт ёки бетон йўқ. У қумли пляжда жойлашган.

Мазкур аэропорт дунёнинг энг хавфли ўнта аэропорти рўйхатига киритилган. Денгизда кучли тўлқинлар содир бўлганда сув аэропортнинг учиш-қўниш йўлагигача чиқиб келади. Бундай пайтларда тўлқинлар тингунча парвозлар тўхтатиб турилади.

Аэропортдаги учиш-қўниш йўлакчасида чизиқлар ўрнига ерга қоқилган ёғоч тўсиқлар ўрнатилган. Учувчилар асосан ана шу тўсиқларга қараб мўлжал олишади. Мазкур аэропортга фақат кичик самолётлар учиб-қўна олади.

Lockheed C-5B Galaxy самолёти Ice Runway аэропортига қўниш пайтида

Ice Runway аэропорти, Антарктида

Антарктидада жойлашган бу аэропортнинг учиш-қўниш йўлагида на асфалт, на бетон, на Барра аэропортидагидай қум йўқ. Ҳаммаёқ муз. Самолётлар ана шу музга қўнади ва парвоз қилади.

Аслида Ice Runway’ни аэропорт деб ҳам бўлмайди. У бор-йўғи Антарктида минтақасида жойлашган энг машҳур учиш-қўниш йўлакларидан бири ҳисобланади холос.

Антарктидаги Мак-Мердо бўғозида жойлашган бу учиш-қўниш йўлаги АҚШнинг Антарктида дастури бўйича иш олиб бораётган гуруҳнинг асосий аэропорти ҳисобланади.

Антарктидаги АҚШнинг йирик Мак-Мердо посёлкасига махсус юк ва йўловчиларни олиб кетувчи самолётлар асосан шу аэропортдан фойдаланишади.

АҚШдан учиб келган самолёт қўнишидан аввал учиш-қўниш йўлаги тўлиқ қордан тозаланади. Музли қатлам очилгач, унга чизиқ чизилади. Агар аэропортни қор босса, шу ишлар яна қайтарилади.

Учиб-қўниш анча хавфли бўлса ҳам, бу аэропортга анча йирик бўлган Lockheed C-5 Galaxy ҳарбий самолёти ҳам қўнади. Декабр ойига келиб, жанубий ярим шарда ёз фасли бўлганда муз ёрилиб кетиши хавфи туфайли парвозлар бир муддат тўхтатиб турилади.

Хитойдаги Ядин аэропортининг терминали. У учар ликопча кўринишида қурилган

Ядин аэропорти, Хитой

Ядин аэропорти Хитой таркибидаги Тибет автоном ўлкасининг шарқий қисмида, Даочен шаҳрида жойлашган. Ушбу аэропорт дунёдаги энг баланд жойда, денгиз сатҳидан 4 411 метр баландликда фаолият олиб боради.

Ядин аэропорти 2013 йилда фойдаланишга топширилган. Шундан сўнг одамлар у жойлашган Сичиуан провинцияси марказига бориш учун тоғдаги довон орқали узоқ йўл босиш машаққатидан қутилишди.

Аэропорт терминали учар ликопча шаклида қурилган. Унинг учиш-қўниш йўлакчасининг узунлиги 4 200, эни 45 метрни ташкил этади ва унга йирик самолётлар ҳам бемалол қўна олади. Мазкур аэропорт бир йилда 300 минг нафар йўловчини ўтказиш қувватига эга.

Ядин аэропорти қурилгунча Тибетдаги бошқа бир ҳаво қўналғаси – Бамда аэропорти дунёдаги баланд ерда жойлашган эди. У денгиз сатҳидан 4 334 метр баландликда жойлашган.

Японидаги Кансай аэропорти

Кансай аэропорти, Япония

Кансай аэропорти Осака шаҳри яқинидаги сунъий тарзда пайдо қилинган оролда жойлашган. Аэропортнинг узунлиги 4 000, эни 1 000 метр бўлиб, унга йирик самолётлар ҳам қўна олади.

Мазкур аэропорт 1989 йилда ишга туширилган бўлиб, у жойлашган сунъий оролни барпо этиш учун 21 млн метр турли ер жинслари ишлатилган.

1990 йилда аэропортни Осака шаҳри чети билан боғлаш учун 1 млрд доллар сарфланиб, 3 километрли кўприк қурилган. Кейинчалик ҳудудда бир неча марта кучли зилзилалар содир бўлади.

Жумладан, 1996 йилда Рихтер шкаласи бўйича 7 балли зилзила, 1998 йилда шамол тезлиги соатига 200 километрдан ошган кучли тўфон содир бўлади. Ҳар икки табиий офат ҳам аэропортга айтарли зарар етказа олмайди ва у ишлашда давом этади.

Шундан сўнг аэропорт ва унга олиб борадиган кўприк қўшимча маблағлар ҳисобидан мустаҳкамланади. Умумий ҳисобда Кансай аэропорти ва унга олиб борадиган кўприк учун жами 15 млрд доллар сарфланган.

2007 йилда Кансай аэропортида 3 500 метр узунликдаги иккинчи учиш-қўниш йўлаги қурилади. Келажакда аэропортда иккинчи терминални қуриш режалаштирилган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид