Жаҳон | 08:12 / 03.12.2023
15587
3 дақиқада ўқилади

«Деярли барча лойиҳалар вайрон бўлди» – Дубайдаги саммитда Ғазонинг гуманитар ва экологик муаммолари ҳам айтилди

БМТнинг иқлим ўзгаришига бағишланган саммитида, гарчи сиёсий масалалардан узоқ туриш ҳақида оғзаки келишув бўлганига қарамай бир қанча халқаро етакчилар Исроилнинг Ғазодаги бомбалашини танқид қилиб чиқди.

Хусусан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва ЖАР президенти Сирил Рамафоса ўз чиқишларида Исроилни ҳарбий жиноятларда айблаган.

«Жанубий Африка Ғазода содир бўлаётган шафқатсиз фожиадан даҳшатга тушди. Фаластиннинг бегуноҳ халқига қарши уруш – уруш жинояти бўлиб, ҳозироқ тўхтатилиши керак», – деган Рамафоса.

«Иқлим муаммолари ҳақида гапирар эканмиз, биз Фаластин ерларида юз бераётган гуманитар инқирозни эсламасдан ўтиб кетолмаймиз. Асосий қисми аёллар ва боллар бўлган 16 мингдан ортиқ тинч аҳолини ўлдиришини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди», – деган Эрдўған.

Шунингдек, Туркия етакчиси муаммонинг ягона ечими 1967 йилги чегаралар асосида мустақил Фаластин давлати тузилиши эканини таъкидлади ва бу борада Туркия ёрдамга тайёрлигини айтди.

«Шу сабабли яна айтаман – «Дунё бешталикдан кўпроқ» (Хавфсизлик кенгашининг 5 та доимий аъзолари ҳақида – таҳр.) ва янада адолатлироқ бўлиши мумкин», – деган у.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш Исроил-Ҳамас уруши катта азоб ва кучли ҳис-туйғуларга сабаб бўлаётгани, сулҳдан сўнг яна Ғазода бомбалар овози эшитила бошлаганини афсус билан қайд этган.

Тадбирдаги Ғазо бомбардировкасининг танқид қилишларидан сўнг Исроил президенти Исаак Герцог жума куни режалаштирилган нутқини бекор қилган ва чиқиш қилмаган.

Ғазонинг экологик муаммолари

 

«Биз мутахассисларимиз билан барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича музокаралар ўтказишимиз керак эди. Лекин, Ғазодаги кўплаб техник ходимларимиз билан алоқа узилиб қолди», – деган тадбирда қатнашаётган Фаластин маъмуриятининг иқлим ўзгариши бўйича эксперти Ҳадил Иҳмаис.

Ғазо сектори ва умуман Фаластиндаги энг муҳим экологик муаммолардан бири аҳолида тоза ичимлик сувига имконият йўқлиги ёки жуда камлиги. Бу нафақат саломатликка балки, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодга ҳам салбий таъсир қилмоқда.

«7 октябрдан кейин юзага келган фалокатнинг кўламини тасаввур қилиб бўлмайди. Деярли барча тузилмалар вайрон бўлди. Биз йиллар давомида стратегик иқлим ҳаракати орқали эришганларимиз, шу жумладан халқаро ташкилотлар молиялаштирилган суғориш лойиҳалари, сув насослари, тузни тозалаш ва канализация тизими ва ГCФ (Яшил иқлим жамғармаси) томонидан молиялаштирилган бошқа лойиҳалар вайрон қилинди», – деган Иҳмаис.

Мутахассисга кўра, Исроил ва Ҳамас ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувининг бекор қилиниши Ғазодаги вазиятни янада ёмонлаштиради.

«Дубайда давом этаётган COP28 тадбири очилганидан буён кўплаб ташкилотлар вакиллари урушни зудлик билан ва бутунлай тўхтатиш ҳақидаги чақирувимизни қўллаб-қувватлаганликларини айтиш учун бизнинг павилонимизга келишди. Биз уларнинг Фаластин халқи билан халқаро бирдамлик намойишини юқори баҳолаймиз», – деди Иҳмаис.

Мавзуга оид