Иқтисодиёт | 18:48 / 05.12.2023
32769
5 дақиқада ўқилади

Нима учун иссиқхона маҳсулотлари қимматлаб кетди?

Иссиқхоналарнинг газдан узилиши ҳақидаги хавотирлар, корхоналарнинг хорижий валютадаги қарздорлиги, рақобатнинг кучайиши, шунингдек, Россия бозоридаги иқтисодий турғунлик Ўзбекистондаги иссиқхона бизнесига салбий таъсир кўрсатган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда иссиқхона бизнеси ривожланиши пессимистик сценарий бўйича кетмоқда. Бу ҳақда East Fruit таҳлилий мақола эълон қилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, буни қуйидаги статистик рақамлар ва маълумотлар мисолида ҳам кўриб чиқиш мумкин.

1. Ўзбекистонда иссиқхона помидорининг улгуржи нархлари кетма-кет 4 йилдан буён ўсиб бормоқда ва ҳозирда бу кўрсаткич рекорд даражага етган.

Графикда келтирилган маълумотларда, айни пайтда Ўзбекистонда иссиқхона помидорининг улгуржи нархлари ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар, уч йил аввалгидан эса 3,5 баравар қимматроқ экани кўрсатилган.

2. Ўзбекистонда иссиқхона помидорининг улгуржи нархи Россиядаги нархлар билан деярли бир хил, қиш мавсумида эса экспорт имкониятларини ҳисобга олмаганда, бундан ҳам юқори.

3. Кетма-кет 4 йилдан бери Ўзбекистондан иссиқхона помидори экспорти пасаймоқда.

2019−2022 йилларга оид рақамлар шуни кўрсатганки, 2022 йил охирида иссиқхона помидори экспорти 16 минг тоннадан ортиқ ёки 22 фоизга қисқарган.

East Fruit прогнозларига кўра, 2023 йилда ҳам экспортнинг камайиши давом этади ва йил охирига қадар бу кўрсаткич тахминан 53−55 минг тоннани ташкил этади. Бу эса сўнгги беш йил ичидаги антирекорд бўлиши мумкин.

Нима учун Ўзбекистондан иссиқхона маҳсулотларининг экспорти қисқариб бормоқда?

East Fruit таҳлилчилари фикрига кўра, бунга сабаб – иссиқхона хўжаликларининг табиий газдан фойдаланиши бўйича ўрнатилган тақиқ.

Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда иссиқхоналар газдан узилиб, кўмир билан иситиш тизимига ўтишга мажбур бўлди, бу эса иссиқхона бизнес тизимини бутунлай ўзгартириб, самарадорликни кескин пасайтирди.

Кейинчалик бу борада баъзи ўзгаришлар бўлди. Хусусан, қишда газ импорт қилиш бўйича шартномалар тузилди. Аммо кўчат экиш даврида бу масалада аниқлик йўқ эди ва кўплаб иссиқхона ишлаб чиқарувчилари бу қишда сабзавот етиштирмасликка қарор қилди. Бундан ташқари, газ етказиб бериш тикланган тақдирда ҳам, нархлар аввалгидан анча юқори бўлиши айтилмоқда.

Иккинчи омил – иссиқхона корхоналарида хорижий валютадаги қарздорликнинг юқорилиги. Бу сўмнинг қадрсизланиши фонида қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини оширмоқда ва ишлаб чиқарувчиларнинг амалда банкрот бўлишига олиб келмоқда.

Учинчи омил – рақобатнинг кучайиши. Туркманистонлик тадбиркорлар бир неча йилдан буён ўзбек иссиқхона ишлаб чиқарувчиларини анъанавий савдо бозорларидан сиқиб чиқармоқда. Туркманистонда иссиқхона корхоналари газни ниҳоятда арзон нархларда олишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ, бу эса ушбу соҳага катта сармоя жалб этиш имконини бермоқда.

Тўртинчи омил – Ўзбекистоннинг асосий савдо бозори ҳисобланган Россиядаги иқтисодий муаммолар ва валюта девалвацияси. Бу россиялик истеъмолчиларнинг харид қобилиятига салбий таъсир кўрсатди.

Ўзбекистон рақобатни кимга бой беряпти?

Ўзбекистонда иссиқхона ишлаб чиқаришининг қисқариши фонида Озарбойжон, Эрон, Туркия ва Туркманистон ўз маҳсулотларини Россия бозорига етказиб беришни фаол оширди. Шунингдек, Грузия, Миср каби давлатлардан ҳам иссиқхона помидорини экспорт қилишда ижобий тенденция кузатилмоқда.

Прогнозлар. Ўзбекистон импортёр мамлакатга айланадими?

Ҳукуматнинг иссиқхоначиларга газни қайтариш ваъдаси ҳисобга олинса, келгуси мавсумдан иссиқхона бизнесининг маълум бир даражада жонланиши истисно этилмайди.

Бироқ бу вақтгача иссиқхона сабзавотлари экиладиган майдонлар қанчага қисқаради ва Ўзбекистондаги барча корхоналар ўз фаолиятини қайта тиклай оладими, деган савол очиқлигича қолмоқда, чунки уларнинг кўпчилиги банкротлик жараёнларидан ўтишга мажбур бўлади.

Ўзбекистон иссиқхона бизнесида Туркманистонга қараганда маълум афзалликларга эга, хусусан:

  • сабзавот етиштириш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича катта тажриба;
  • иссиқхона бизнеси мутахассисларининг кўплиги;
  • йўлга қўйилган савдо алоқалари.

Газ нархининг кескин ошиши ҳисобга олинса, ўзбек иссиқхона сабзавотларининг қанчалик рақобатбардош бўлишини аниқ айтиш қийин. Туркманистонда эса иссиқхона ишлаб чиқаришга инвестицияларнинг жадал суръатларда жалб қилинаётгани, маҳаллий иссиқхоналар технологик даражасининг тез ўсиши, шунингдек, газнинг анча арзонлиги ҳисобга олинса, мамлакатда ишлаб чиқарилган иссиқхона помидорлари нархи анча рақобатбардош ҳисобланади.

Россия учун салбий иқтисодий прогнозлар Ўзбекистондаги иссиқхона саноатига нисбатан пессимизмни кучайтирувчи яна бир омилдир. Чунки бошқа мамлакатларга экспорт логистикаси жуда қиммат.

Катта эҳтимол билан Ўзбекистонда иссиқхона помидори, бодринг ва қалампир нархи 2023/24 қиш мавсумида юқорилигича қолиши мумкин. Эҳтимол, туркман помидорлари учун тарифсиз тўсиқлар олиб ташланса, бу қишда Туркманистонда ишлаб чиқарилган иссиқхона помидорлари Ўзбекистон бозорига кириб кела бошлаши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистондаги иссиқхона мажмуаларининг бир қисмини йил давомида маҳсулот етиштиришдан йилнинг иссиқ мавсумида маҳсулот етиштиришга ўтишини тахмин қилиш мумкин.

Мавзуга оид