Жаҳон | 17:53 / 05.12.2023
11039
6 дақиқада ўқилади

Хон Юнусга ҳужумлар: Ғазо халқи Мисрга сиқиб чиқариладими?

Сўнгги кунларда Исроилнинг Ғазога босқини яна авж олди. Аввалроқ сектор жанубидаги Хон Юнус шаҳрини хавфсиз ҳудуд деб атаб, тинч аҳолини ўша ерга кўчишга ундаган Исроил ҳукумати энди бу шаҳарга ҳам ракеталар учирмоқда. Kun.uz урушдаги сўнгги воқеаларни шарҳлаш учун эксперт Шавкат Икромовни таклиф қилди.

Хавфсиз ҳудуд деб аталган Хон Юнусга ҳам ҳужумлар бошлангани ва тинч аҳоли ҳалок бўлгани айтилди. Хон Юнусга ҳужум қилишдан мақсад нима?

— Араб нашрларидан бири Нетаняҳу бошчилигидаги сионистик ҳукумат шахмат ўйнаяпти деб ёзди. Ва шахмат ўйини стратегик эмас, балки тактик юришлардан иборат бўлаётганини ҳам айтади. Ростдан ҳам худди шахмат ўйнаётганга ўхшайди. Аввалига аҳолини жанубга, яъни Хон Юнусга кўчишга чақирди, энди эса ҲАМАС вакиллари Хон Юнусдан жой олган деб, ўша ерда ҳам ҳарбий амалиёт бўлишини айтяпти.

Ғазонинг географиясига, ҳозирги воқеаларга қарайдиган бўлсак, аҳоли жанубга, Миср чегараси томон қисиб борилмоқда. Ўтган суҳбатда аҳоли кўчирилиши лойиҳаси ҳақида гаплашгандик, балки аҳоли қисиб борилиши шу лойиҳани амалга ошириш учундир. Олдин Хон Юнусга бориши кераклиги айтилган аҳоли энди [Миср билан чегарадаги] Рафаҳга бориш кераклигини айтишяпти. Улар интервюларида Мисрга чиқариб юборилишларидан хавотирларини айтишяпти.

Хон Юнусга йиғилган аҳолининг сони 1,8 млнга яқинлашган. Бу дегани ҳар бир қадамда аҳоли бор дегани, жой жуда тор. Бу ерда ҳам 3 декабрдан қуруқлик амалиётлари бошланди, ҲАМАС вакиллари қидирилмоқда. АҚШ, БМТ, Ғарб ва Шарқ давлатлари бу ерда катта инсоний талафотлар бўлиши мумкинлигини айтяпти. АҚШ ҳам Исроилдан тинч аҳолига етадиган зарарни максимал камайтиришни сўраяпти. Аммо айни вақтда амалга оширилаётган ишлар қурбонлар сонини фақат кўпайтиради. Оташкесим тугаб, шанба куни ҳаракатлар бошлангандаёқ ОАВ 700 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани ҳақида ёзди. Ғазода 2,5 млн-3 млнга яқин аҳоли бор. Уларни кўчириб чиқариш инсоният тарихидаги йирик жиноятлардан бири бўлади.

Исроил Хон Юнусни бир нечта кварталларга бўлиб чиққан. Ҳужум бўладиган кварталдаги аҳолига бир кун олдин SMS-хабар юбориб, хавфсиз ҳудудга ўтишини сўраяпти. Умуман, бу худди биз киноларда кўргандек вазият.

Британия махсус хизматлари Ғазодаги асирларни қидиришда Исроилга ёрдам бериши ҳақида хабарлар бор. Нега араб давлатлари ҳам Исроил асирлигидаги минглаб фаластинликларни озод қилишда ёрдам қўлини чўзишмаяпти?

— Араб давлатлари нега ёрдам бермаяпти деган савол уруш бошлангандан бери бор, умуман олганда, 1948 йилдан бери бу савол айланади. Афсуски, араб давлатларининг ўз манфаатлари, Ғазода тинчлик ўрнатилишидан кўра муҳимроқ бўлган ўз мақсадлари бор. Шунинг учун ҳам бу урушга аралашмайди, Бундан ташқари, ҳар қандай аралашув урушни Ғазодан ташқарига чиқариб юбориши мумкин.

Британия разведкаси ёрдам бериши масаласида ҲАМАС ҳам, бошқалар ҳам айтдики, агар шундай бўлса, Британия Исроилнинг жиноятларига тенг шерик ҳисобланади. Аммо барибир Британия ҳаракатларни бошлади. Араб давлатлари, Туркия ва Эрон ҳам Британияни огоҳлантирди, аммо бу шунчаки баёнотлар.

Нетаняҳу ҳукумати Ғазо шимолида ғалаба қилдик, деётган бўлса-да, ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар буни рад этяпти. Чунки у ерда ҳали ҳукумат ўзгармади, тўлиқ назоратга ўтмади. Исроил асирларни озод қилиш, ҲАМАСни йўқ қилиш каби вазифаларни ўз олдига қўйганди, аммо бажарганича йўқ – ғалаба йўқ. ҲАМАС Исроил ўт очишни тўхтатса, музокараларга ўтиришини айтяпти. ҲАМАС биладики, Исроил барибир музокарага киришади, чунки асирларни озод қилолмайди. Британия разведкасининг аралашуви ҲАМАС учун фожиа эмас.

Исроил Ғазода буфер ҳудуд яратишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар чиқяпти, бу нимани англатади?

— Ғазони тўлиқ назоратга ололмаслигини Исроил ҳукумати тушуниб етган. Нетаняҳу ҳукумати бу ҳудудда икки халқ учун иккита давлат бўлишига рози эмас. Шунга кўра Нетаняҳу Ғазо ҲАМАСдан олиб қўйилса, Маҳмуд Аббос ҳукумати эмас, Исроил назоратига олишни айтарди. Аммо бу мақсадига эришолмаяпти ва буфер ҳудуд ҳақида гапиряпти. Ҳозирдан бунга ҳаракатлар бошланган, Ғазони иккига бўлиш бўляпти. Ўтган суҳбатда айтганимиздек, Миср ҳам Синай яриморолида буфер ҳудуд қилган эди. Энди Исроил ҳам шундай ҳудуд яратмоқчи.

Якшанба куни 8-марта Исроил шаҳарларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Асирларнинг яқинлари ҳукуматдан талаб қиляптики, асирларни озод қилишни музокаралар йўли билан амалга ошириш керак. Аҳоли орасида Нетаняҳуни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайган. Бошида Нетаняҳуни қўллаган нашрлар энди уни танқид қилишга ўтган. Қурбонлар сонини камайтириш, иқтисодий барқарорлик, миллик хавфсизлик, халқаро обрўни сақлаш учун Натаняҳу ҳозирги ҳаракатларини ўйлаб кўриши керак, дейиляпти. Мухолиф газеталар эса бу уруш Нетаняҳунинг ўзининг уруши, нима қилаётганини тушуниш қийин, деяпти. Ростдан ҳам Исроил томони урушда кутилмаган қарорлар билан инсонларга катта талафот келтирмоқда.

Айтганимдек, Натаняҳуда Фаластин давлатининг ташкил этилиши ғояси умуман йўқ. Ўзгаришлар бўлиши учун Исроилда ҳукумат алмашиши керак. Нетаняҳу жуда кўп вақт ҳокимиятда қолди ва ҳозирги уруш ҳам ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун бўляпти. Экспертлар ҳам айтяптики, урушнинг кейинги тақдири Нетаняҳу қарорларига боғлиқ бўлади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи