Жаҳон | 22:52 / 06.12.2023
11574
2 дақиқада ўқилади

Эрон Сулаймоний ўлими учун АҚШдан товон пули талаб қилди 

Мамлакат суди Қўшма Штатлар ва бир қанча жисмоний ва юридик шахсларни қарийб 50 миллиард доллар тўлаши лозимлиги ҳақида қарор чиқарди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Эрон суди мамлакат армияси махсус кучлари қўмондони, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун АҚШдан товон пули ундирилиши ҳақида қарор чиқарди. 

«Қўшма Штатлар ва яна 41 нафар жисмоний ва юридик шахс генерал Қосим Сулаймоний ўлими билан боғлиқ жиноятлар туфайли 49 миллиард 770 миллион доллар тўлашга мажбур бўлди», деб суд қароридан иқтибос келтирди IRNA. 

АҚШ расмийларининг бу даъвога муносабати ҳозирча маълум эмас. 

Эронлик генерал Қосим Сулаймоний ва Ироқ шиа милицияси раҳбари ўринбосари Абу Маҳдий ал-Муҳандис 2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШ томонидан Бағдод аэропорти ҳудудида уюштирилган операция оқибатида ҳалок бўлди. Вашингтон уларни 2019 йил 31 декабр куни Бағдоддаги АҚШ элчихонасига ҳужум уюштиришга алоқадор деб ҳисоблаган. Бунга жавобан Эрон Американинг Ироқдаги базаларига қарата ракета ҳужумларини уюштирган эди. 

Сулаймоний ўлимидан сўнг Эронда уч кунлик миллий мотам эълон қилинди. Генерал ўзи туғилиб ўсган Кармон шаҳрида дафн этилди.

Мавзуга оид