Навоийда фермер хўжалик дала шийпонида майнинг фермаси аниқланди
5 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилиб, 436,3 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган майнинг фермадан 2,2 млрд сўм маблағ ундириш белгиланган.
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида майнинг ферма аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Қизилтепа туманида ўтказилган ана шундай рейд тадбири давомида туманнинг Яшнаобод маҳалласидаги “Хайрулло-Нарзулло” фермер хўжалиги дала шийпонида 47 дона майнинг қурилмаси ноқонуний тарзда тўғридан тўғри электр тармоғига улангани аниқланган. Ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилган.
Дастлабки қайта ҳисоб-китобларга кўра, фермер хўжалиги ушбу ҳолатда филиал манфаатига 436,3 млн сўм зарар етказган. Ҳуқуқбузарга ноқонуний ишлатилган электр энергияси учун 5 баробар ўсувчи коэффициент билан жарима тариқасида 1,8 млрд сўм қўшимча ҳисоб-китоб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил октябр ойи охирида Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳам давлатга 24,4 млрд сўмлик зарар келтирган ноқонуний майнинг фирма аниқланган ҳамда ушбу ҳолатни ўз вақтида пайқамагани учун туманнинг 5 нафар мансабдори ишдан олинганди.
Мавзуга оид
13:31
Бухоро ва Навоийда саксовулларни синдирганларга 43 млн сўм жарима белгиланди
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024