Иқтисодиёт | 15:57 / 06.12.2023
20861
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон октябрда энг кўп олтин сотган давлат бўлди

Ўзбекистон Марказий банки октябр ойида дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда кўпроқ – 11 тонна олтин сотди.

Фото: Akio Kon / Bloomberg

Ўзбекистон Марказий банки октябр ойида дунёдаги бошқа молиявий регуляторлардан кўпроқ олтин сотди. Бу ҳақда Жаҳон Олтин Кенгашининг (WGC) ойлик маълумотларида келтириб ўтилган

Ҳисобот даврида жаҳон марказий банкларининг жами олтин захиралари 42 тоннага ошди. 

Октябр ойида қимматбаҳо металларнинг энг фаол харидорлари Хитой (23 тонна), Туркия (19 тонна) ва Полша (6 тонна) Марказий банклари бўлди.

Мазкур вақтда олтиннинг асосий сотувчиси Ўзбекистон Марказий банки бўлди ва ўз захираларини 11 тоннага қисқартирди. Шунингдек, Қозоғистон Марказий банки томонидан ҳам 2 тонна олтин сотилган.

Аввалроқ, олтин нархи бир троя унцияси учун 2135 долларгача қимматлашгани хабар қилинганди. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Қимматбаҳо металл нархларининг ошишига Яқин Шарқдаги қуролли можаро ҳамда Федерал захира тизимининг ставкани пасайтириш бўйича кутилмалари сабаб бўлган.

Маълумот учун, 2023 йилнинг 10 ойида Ўзбекистон 6,87 млрд доллар қийматидаги олтин сотди. Бу ўтган йилга нисбатан 2,3 баробарга кўп. Шунингдек, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотилган.

Мавзуга оид