Жаҳон | 21:13 / 06.12.2023
26781
8 дақиқада ўқилади

«Пул ҳам, вақт ҳам тугамоқда». Украина Америка қуролларисиз ютқазишидан хавотирда

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Америка ҳарбий ёрдамининг янги партияларисиз ўз мамлакати Россияга қарши урушни бой бериши хавфи катта эканидан огоҳлантирди.

Ozge Elif Kizil / Anadolu / ddp / Vida Press

Ермакнинг сўзларига кўра, Америка қўллаб-қувватлови давом этмаса, Украина урушда мағлуб бўлиши «хавфи катта».

«Биз шу позицияларни сақлаб қолишимиз ва шунчаки омон қолишимиз ҳам қийин бўлади», — дея қўшимча қилган у сешанба куни Вашингтондаги АҚШ Тинчлик институтида қилган чиқишида.

Ермакнинг вазиятни борича баҳоловчи маълумотлари президент Зеленский америкалик сенаторлар билан режалаштирилган видеоконференциядан бош тортишидан бир неча соат олдин янгради, президент бу чиқишида ҳарбий ҳаракатлар бориши тўғрисида хабардор қилишни кўзлаганди.

Сенатда кўпчиликни ташкил қилувчи демократлар етакчиси Чак Шумер тафсилотларни келтирмасдан берган маълумотга кўра, сўнгги лаҳзаларда украинлар етакчисининг кечиктириб бўлмайдиган иши чиқиб қолган.

Ермакнинг баёноти Оқ уй яна бир бор Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам ажратилишига уринаётган маҳалда янграмоқда.

Айни вақтда Украина президенти офиси раҳбари Ермак, Олий Рада раиси Руслан Стефанчук, Украина мудофаа вазири Рустем Умеров каби номлардан иборат катта делегация Америкада бўлиб турибди. Фото: Brendan Smialowski/AFP via Getty Images

Шу билан бирга, Конгресс ҳамон келгусида ҳам Киевни молиялаштириш имконини берадиган муросага яқинлашгани йўқ. BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркер Конгрессдаги вазиятни таҳлил қилди.

Молиялаштиришдаги боши берк кўча

«Бизда пул тугаб қолди ва амалда вақтимиз ҳам тугаяпти», — дея ёзган душанба куни Оқ уй маъмурий-бюджет бошқармаси директори Шаланда Янг демократлар ва республикачилар етакчиларига мурожаатида.

У агар Конгресс йил охиригача Украинага қўшимча ҳарбий ёрдамни маъқуллай олмаса, бу мазкур мамлакатнинг Россияга қарши курашиш ҳаракатларига путур етказиши ва қўшимча маблағ жалб этилиши мумкин бўлган «сеҳрли тувакча» қолмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Аммо душанба куни Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон демократларнинг Украинага ўнлаб миллиард доллар миқдоридаги қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги чақириқларини рад этди.

«Байден маъмурияти Украинада аниқ стратегия йўқлиги борасидаги, можарони тинч йўл билан ҳал қилиш ёки америкалик солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган ёрдам учун жавобгарликни адекват таъминлаш бўйича бизни ташвишлантираётган саволлардан бирортасига жавоб бера олмади», — дея ёзган у фейсбукда.

Молиялаштиришдаги боши берк кўча фронтнинг олдинги чизиғидаги шундай вазият натижасида юзага келган.

Россиянинг 2022 йил февралида бошланган кенг кўламли босқини даврида АҚШ Конгресси Украинага жами 100 млрд доллар миқдорида ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатилишини маъқуллаган.

Бу немисларнинг зенит қуроллари билан жиҳозланган Flakpanzer Gepard танки, аммо Европа Америка ёрдами ўрнини қоплай олмаслигини тан олади

Аммо Байден маъмурияти бир неча ойдан буён бу пулларнинг катта қисми аллақачон тақсимлаб берилганидан огоҳлантириб келмоқда.

Америка тадбиркорлик институти «Критик таҳдидлар» лойиҳаси директори ва АҚШ Ҳарбий академияси собиқ профессори Фредерик Каганнинг сўзларига кўра, молиялаштиришдаги кечикишлар аллақачон Украина фронтида реал оқибатларга олиб келмоқда.

Украинларнинг ёзги қарши ҳужуми якунланмоқда, бой берилган ҳудудларни қайтариб олиш учун амалиётлар келажаги шубҳа остида қолмоқда.

«Украинлар қийин танлов қилишларига тўғри келади, - дейди у. - Агар Қўшма Штатлардан яна нимадир олишига ишончи комил бўлмаса, улар ўз назоратида қолган жойларни ушлаб қолишга ҳаракат қилиши керак».

Каганнинг сўзларига кўра, украин армиясига танклар, зирҳли транспортёрлар, қирувчилар, дронлар ва узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар зарур. Ва АҚШ — бундай техникаларни тез ва келгуси йилда Украинага керакли миқдорда етказиб беришга қодир бўлган ягона мамлакатдир.

Қўллаб-қувватлов бор, қонун лойиҳаси йўқ

Конгресснинг икки палатасида ҳам Украинага кўпроқ ёрдам берилишини (гарчи Оқ уй сўраётганидек 61,4 млрд доллар бўлмаса-да) қўллаб-қувватловчи демократлар ва республикачилар сони кўпчиликни ташкил этади.

Аммо Конгрессдаги бу қўллаб-қувватловни президентга имзолаш учун юбориладиган ҳақиқий қонун лойиҳасига айлантириш жиддий муаммо бўлиб чиқди.

АҚШ Сенатидаги республикачилар ва демократлар айни вақтда Украинага кўмак, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам ва АҚШнинг Мексика билан чегараларини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига оладиган 106 млрд доллар миқдоридаги умумий харажатлар пакетини муҳокама қилмоқда.

Харажатларнинг охирги банди энг мунозаралиси ҳисобланади, чунки демократлар республикачилар илгари сураётган қатъий иммиграция сиёсатига қарши.

«Украинага қўшимча молиялаштириш ўрнига биз чегара сиёсатимизда сезиларли ислоҳотлар ўтказишимиз лозим», — деди Арканзасдан бўлган республикачи сенатор Том Коттон якшанба куни телевизион интервюсида.

Чак Шумер ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини шу ҳафтада Вакиллар палатасида овозга қўйишини айтди, аммо у иммиграция ислоҳоти бўйича келишувсиз республикачиларнинг етарлича қўлловига эга бўлиши аниқ эмас.

Америка нашрлари маълумотига кўра, сешанба куни тушдан кейин Байден маъмурияти мулозимлари томонидан тақдим этилган ёрдам пакети бўйича брифингда қизғин баҳслар авж олган, чунки Сенатдаги республикачилар демократларни уларнинг чегарани мустаҳкамлаш бўйича чақириқларини эътиборсиз қолдиришда айблаган.

Республикачи сенатор Митт Ромни Украинага ёрдам масаласига бағишланган можароли ёпиқ йиғилишдан кейин. Фото: EPA

«Бу йил АҚШ дефицити 2,5 триллион доллардан ошади, — деди сешанба куни республикачи конгрессмен Мэтт Розендейл BBC мухбири Жеймс Кумарасамига. — Шундай экан, нима учун Қўшма Штатлар халқи Хитойдан пул олиб, уни Украинага бериши керак? Бу бизнинг манфаатларимизга мос эмас».

Конгрессда тарғибот қандай олиб борилади?

Оқ уй Конгресснинг қўлловига эга бўлиш мақсадида Украинага қўшимча ёрдамни Америка иқтисодиёти ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш имконияти сифатида кўрсатмоқда.

Оқ уй маъмурий-бюджет бошқармаси директори Шаланда Янг 
Конгрессга йўллаган мактубида сўралган маблағлар бутун мамлакат бўйлаб жойлашган Америка заводларида қурол ишлаб чиқаришга йўналтирилишини қайд этган.

«Биз Алабамада ишлаб чиқариладиган ўқ-дорилар ва «Жавелин» каби қуролларни, Ғарбий Виржиния, Арканзас ва Техасда тайёрланадиган баравар ўт очиш тизимларини... ва Пенсилвания, Арканзас, Айова ҳамда бошқа кўплаб штатларда ишлаб чиқариладиган артиллерия снарядларини  такомиллаштирамиз», - дея ёзган у.

Президентлик сайловлари яқинлашаркан, Оқ уй Конгресс аъзолари ўз сайлов округларида маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашдаги ютуқларини тарғиб этиш йўлларини излашидан умид қилаётган бўлиши мумкин.

Фредерик Каган можаро учинчи йилга ўтаётгани туфайли Украинанинг молиялаштирилиши масаласи АҚШда бу қадар мунозарали мавзуга айланганидан ажабланмаслигини айтади.

«Америка халқи ўз вакилларининг Америка манфаатлари нимада эканини аниқ белгилаши ва бундай катта миқдордаги пулни тақсимлаш бўйича ҳақиқий мунозаралар ўтказишига лойиқ», - дейди у.

У ўртага нима тикилгани аниқ эканини айтади: «Бу уруш қандай якунланиши биринчи навбатда украинлар нима қила олиши, иккинчи навбатда эса Қўшма Штатлар нима қилишга қарор қилиши билан белгиланади».

Мавзуга оид