Дунёда энг кўп сотилган автомобил – 57 йилда ҳам эскирмаётган Toyota Corolla тарихи
Бугун дунё автосаноатини япон автомобилсозлик компанияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Улар орасида Toyota компанияси алоҳида ажралиб туради. Компания автомобиллари дунёнинг барча чеккаларига кириб борган. Айниқса унинг Toyota Corolla номи остида ишлаб чиқараётган автомобили дунёда жуда машҳур. Бу машина 57 йилдан буён янгиланган ҳолда тўхтовсиз ишлаб чиқарилмоқда.
Ўтган асрнинг 60 йилларига келиб иқтисодиётда «Япон мўъжизаси» ибораси пайдо бўлди. Бунга сабаб, иккинчи жаҳон урушидан сўнг қайта оёққа турган ёки Япония компаниялари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган техникаларни ишлаб чиқара бошлади.
Жумладан, чўнтакка жойласа бўладиган радио, магнитофон, рангли телевизорлар, видеомагнитофонлар, видеокамералар ва бошқа турли электроника буюмларини илк бор японлар ишлаб чиқарган.
Шунингдек, ХХ аср бошларида тамал тоши қўйилган япон автомобил саноати урушдан сўнг жуда тез суръатларда ривожлана бошлади ва қисқа муддатда жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлди.
Гарчи 2000-йиллардан бошлаб Япониянинг иқтисодий ўсиши секинлашган ва «Япон мўъжизаси» термини кун тартибидан тушган бўлса-да, бугун ҳам Япония компаниялари ўзларининг пишиқ ва сифатли маҳсулотлари билан турли мижозлар эътирофига сазовор бўлиб келяпти.
Жумладан, япон автомобилсозлари ишлаб чиқарган турли русумдаги машиналар бугун ҳам дунё бўйлаб харидоргир. Маълумот учун, сўнгги йилларда Япония автомобилсозлари дунё бўйлаб ҳар бир неча ўн миллион донадан кўп автомобил ишлаб чиқариб сотмоқда.
Япония автомобилсозлик компаниялари орасида Toyota алоҳида ажралиб туради. 1937 йилда ташкил топган Toyota бугун дунёдаги энг йирик автомобилсозлик компанияси ҳисобланади.
Сўнгги йилларда компания ҳар йили 8-10 миллион дона автомобил ишлаб чиқармоқда ва энг кўп машина ишлаб чиқарувчилар рўйхатида юқори ўринни эгалламоқда.
Компаниянинг энг муваффақиятли моделларидан бири Toyota Corolla ҳисобланади. Бу машина илк бор 1966 йилда ишлаб чиқарилган. 1968 йилда Toyota Sprinter номи билан унинг хэтчбек варианти пайдо бўлади.
Умумий ҳисобда Toyota Corolla узоқ йиллардан буён седан, икки, уч ва беш эшикли хэтчбек, лифтбек ва универсал кўринишларда ишлаб чиқариб келмоқда.
1-авлод Toyota Corolla E10 (1966-1970)
1966 йилда Toyota Corolla илк бор седан кўринишида ишлаб чиқарилганда унинг узунлиги 3 850, ердан баландлиги 170 миллиметр, оғирлиги 690 кг бўлган.
Машина икки эшикли бўлиб, унга 1,1 литр ҳажмли 60 от кучига эга двигател ўрнатилган. Машина ҳар 100 км масофага 5 литр ёқилғи сарфлаган. Максимал тезлиги соатига 140 км бўлган.
Ушбу модел 1966 йилдан 1970 йилгача ишлаб чиқарилган.
2-авлод Toyota Corolla E20 (1970-1974)
1970 йилда компания рестайлинг (маҳсулотни янгилаш) ўтказади ва Toyota Corolla янгиланган кўринишда ишлаб чиқарилади. Ўшанда нафақат машинанинг ташқи ва ички кўриниши, ҳатто двигателларигача ўзгаради.
Жумладан, машина узунлиги қарийб 4 000 миллиметрга етказилади. Аввалига унга 1,2 литр ҳажмли двигател ўрнатилади. Орадан бир йил ўтиб бу модел 1,6 литр ҳажмли 75 от кучига эга бўлган двигател билан алмаштирилади.
АҚШга экспорт қилинадиган вариантига эса янада кучайтирилган 1,6 литр ҳажмли 102 от кучига эга двигател ўрнатилади. Гарчи двигател қуввати анча ошган бўлса-да, ёқилғи сарфи унча ўзгармайди ва ҳар 100 км масофага 5-6 литр бензин сарфлайди.
Шунингдек, кузовнинг бироз катталашиши натижасида машина оғирлиги ҳам 825 килограммгача ошади. Максимал тезлик соатига 160 кмга етади. Бу модел 1970-1974 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган.
3-авлод Toyota Corolla (1974-1979)
1974 йилда компания Toyota Corolla машиналарининг яна янгиланган вариантини ишлаб чиқара бошлайди. Улар 3-авлод машиналари деб аталади.
Ана шу моделдан бошлаб Toyota Corolla машиналарининг икки, уч ва беш эшикли, универсал ва хэтчбек кўринишдаги моделлари чиқарила бошланади. Шунингдек, илк бор автомат узатиш қутили варианти ҳам пайдо бўлади.
3-авлод машиналари ҳам 1,2, 1,4 ва 1,6 литр ҳажмли, 54-58 от кучига эга двигателлар билан жиҳозланади. Унда ёқилғи сиғими ҳар 100 кмга 7 литргача ошади.
Бу модел 1979-1983 йиллар оралиғида ишлаб чиқарилган ва у АҚШда жуда оммалашади.
4-авлод Toyota Corolla (1979-1983)
1979 йил март ойида компания 4-авлод Toyota Corolla автомобиллари бозорга чиқарилади. Ушбу модел 1,3 ва 1,8 литр ҳажмли 65 дан 115 от кучигача бўлган двигателлар билан жиҳозланади.
Айнан шу моделдан бошлаб Toyota Corolla машиналарига дизел ёқилғисида ҳаракатланадиган двигателлар ҳам ўрнатила бошланади. Ушбу машина ҳам седан, универсал ва хэтчбек кўринишларида ишлаб чиқарилади.
5-авлод Toyota Corolla (1983-1987)
1983 йилдан бошлаб компания 5-авлод машиналарини ишлаб чиқара бошлайди. Бу моделга 1,3-1,8 литр ҳажмгача бўлган 75-96 от кучига эга ва дизелда ҳаракатланадиган 1,8 литр ҳажмли 58 от кучига эга двигателлар ўрнатилади.
Машина узунлиги 4 200 миллиметрга етказилади. Ёқилғи сарфи эса 100 кмга 8 литрни ташкил этган.
Айнан шу моделдан бошлаб Toyota Corolla машиналарининг айрим турларига алоҳида ном берила бошланган. Масалан, уч эшикли хэтчбек Corolla Trueno, икки эшикли седан Corolla Levin номи билан чиқарилган.
5-авлод Toyota Corolla жуда харидоргир бўлади ва компания бир неча йилда ушбу машинадан жами 3,3 миллион дона ишлаб чиқариб сотади.
Ушбу модел АҚШда ҳам тайёрлана бошланади. Бироқ аввалига General Motors билан ҳамкорликда чиқарилгани учун машиналарга Toyota эмас, General Motors бренди урилади.
6-авлод Toyota Corolla (1987-1992)
1987 йилдан бошлаб компания 6-авлод Toyota Corolla’ларни ишлаб чиқара бошлайди. Ушбу машина АҚШда General Motors билан ҳамкорликда чиқарилган ва Geo Prizm, Австралияда эса Holden Nova номи билан сотилган.
Бу модел асосан 1,6 литр ҳажмли 75 дан 125 от кучигача бўлган двигателлар билан жиҳозланган. Машинанинг максимал тезлиги соатига 172 кмни ташкил этган.
1988 йилда унинг универсал модели Toyota Corolla Tercel номи билан чиқарилади.
7-авлод Toyota Corolla (1991-1997)
1991 йилда компания Toyota Corolla моделининг кўринишини кескин ўзгартиради. Машина аввалгиларидан узунроқ ва кенгроқ тарзда ишлаб чиқарилади.
7-авлод машиналарига 1,3 литр ҳажмли 88 от кучига эга бўлган двигател ўрнатилади. Унинг максимал тезлиги соатига 165 км эди.
Дизелда ҳаракатланувчи вариантига 2 литр ҳажмли 75 от кучига эга двигател ўрнатилади. У 100 кмга 5,8 литр ёқилғи сарфлайди.
Шу пайтдан бошлаб компания АҚШда General Motors’дан алоҳида бўлади ва ўз машиналарини Toyota бренди остида сота бошлайди.
8-авлод Toyota Corolla (1995-2002)
Бу модел ҳам ўзидан олдингисидан анча фарқ билан чиқарилади. Жумладан, машина узунлиги 4 295, эни 1 690 миллиметр, оғирлиги 1080 кг бўлади.
Юкхона сиғими 390 литр, ёқилғи сиғими эса 50 литр бўлади. Машинага 1,6 литр ҳажмли, 110 от кучига эга двигател ўрнатилади.
У 100 кмга 8,7 литр ёқилғи сарфларди. Машинанинг максимал тезлиги соатига 192 кмга етказилади.
9-авлод Toyota Corolla (2000-2006)
2000 йилда Японияда Toyota Corollaʼнинг 9-авлоди Е120 номи остида тақдим этилади. Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида бу модел Corolla Altis номи билан сотилади.
Унинг универсал варианти Япониянинг ўзида Corolla Fielder номи билан савдога чиқарилади. Шунингдек, кўплаб давлатларда бу модел Toyota Е120 номи билан сотилган. 2002 йилда Toyota Е120 йил автомобили деб топилади.
Ушбу модел бензинда ҳаракатланувчи 1,4 ва 1,6 литр ҳажмли 90 ҳамда 97 от кучига эга, дизелда ҳаракатланувчи 1,4 ва 2 литр ҳажмли 90 ҳамда 116 от кучига эга двигател билан жиҳозланганди.
Машина узунлиги 4 375, эни 1 710 миллиметрга узайтирилади. Натижада унинг оғирлиги 1 115 кгга етади. Бу модел ҳам седан, универсал ва хэтчбек кўринишларида ишлаб чиқарилган.
10-авлод Toyota Corolla (2006-2012)
2006 йилда Toyota Corolla’нинг 10-авлод машиналари ишлаб чиқарила бошланади. Японияда бу модел Corolla Axio ва Corolla E140 номлари билан, Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида Corolla Axio номи билан сотилади.
Corolla Axio ва Corolla Altis бир биридан бироз фарқ қиларди. Жумладан, Японияда сотилган варианти Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида сотилган вариантидан бироз ҳашаматлироқ ва қимматроқ эди.
Европада 10-авлоднинг универсал варианти Corolla Fielder, хэтчбек варианти эса Toyota Auris номи билан савдога чиқарилган.
Бу моделда двигателлар, ёқилғи сиғими, узатиш қутилари қарийб ўзгармайди. Фақат машина аввалгиларидан оғирроқ бўлади – 1 300 кг.
11-авлод Toyota Corolla (2012-2018)
2012 йилда компания 11-авлод машиналарини чиқара бошлайди. Улар асосан Corolla Axio ва Corolla Е160 номи остида чиқарилади. Универсал варианти ҳам Corolla Fielder номини сақлаб қолади.
Мазкур модел 1,3 ва 1,5 литр ҳажмли 90 дан 132 от кучигача эга бўлган CVT трансмиссияли бешта узатиш қутили автомат ёки олтита механика узатиш қутили двигател билан чиқарилган.
Унинг максимал тезлиги соатига 180-200 кмни ташкил этади. Машина 100 км масофага ўртача 6 литр ёқилғи сарфлайди.
Машина оғирлиги 1 280 кг, узунлиги 4 620, эни 1 775, ердан баландлиги 125 миллиметрни ташкил этади.
12-авлод Toyota Corolla (2018 йилдан ҳозиргача ишлаб чиқарилмоқда)
2018 йил март ойида компания 12-авлод машинасини сотувга чиқаради. Toyota Corolla янги кўринишда Toyota Auris номи остида чиқарилади. У АҚШда илк бор 2018 йил июнда Ню-Йорк автосалонида оммага тақдим этилади.
Машина оғирлиги 1 297 кг, узунлиги 4 651, эни 1 775, ердан баландлиги 170 миллиметрни ташкил этади. Унинг гибрид варианти сал оғирроқ – 1310-1425 кг.
Сўнгги моделга унинг русумига қараб бир неча хил двигател ўрнатилган. Жумладан, асосий русум 1,5 литр ҳажмли, 125 от кучига эга Dynamic Force двигатели билан жиҳозланган.
Яна бирига 1,6 литр ҳажмли, 132 от кучига эга автомат CVT трансмиссияли ёки олтита механика узатиш қутили, бошқасига эса 1,8 литр ҳажмли CVTi-S ёки механика узатиш қутили двигателлар ўрнатилган.
Гибрид вариантига эса 1,8 литр ҳажмли 122 от кучига эга бўлган CVT трансмиссияли двигател билан жиҳозланган.
Toyota Corolla’нинг бошқа кўринишда чиқарилганлари
Toyota Corolla Wagon / Toyota Sprinter Wagon – бу машиналар Toyota Corollaʼнинг универсал кўринишда, беш эшикли қилиб ишлаб чиқарилган вариантлари ҳисобланади.
Toyota Sprinter Carib – бу Toyota Corolla Wagon’нинг ўзи фақат рули ўнг томонида жойлашган варианти. Ушбу машина ҳаракат чап томонлама бўлган давлатлар учун ишлаб чиқарилган.
Toyota Corolla Fielder – бу ҳам универсал кўринишда беш эшикли машина ҳисобланади. Унинг Toyota Corolla Wagonʼдан фарқи кузов ва шунга ҳамоҳанг двигател ўлчами бироз катта қилиб чиқарилган.
Toyota Sprinter Trueno / Toyota Corolla Levin – ушбу машина икки эшикли қилиб чиқарилган.
Toyota Corolla II – 1978 йилдан 2000 йилгача ушбу машинанинг беш авлоди чиқарилган. 2000 йилдан унинг ўрнига Toyota Platz чиқарила бошлаган.
Toyota Corolla Ceres / Toyota Sprinter Marino – Хардтоп кўринишидаги ушбу машиналар 1980 йиллар охиридан 1990-йиллар охиригача ишлаб чиқарилган. Машиналар номи Ceres – қадимги Рим афсоналаридан, Marino – эса Италиядаги шаҳар номидан олинган.
Toyota Corolla Blade – Бу машина Toyota Auris’га ўхшаш, бироқ ундан бир синф юқори қилиб ишлаб чиқарилган. Машинага 2,4 литрли двигател ўрнатилган.
Toyota Corolla Spacio – Беш эшикли ушбу машина 1997 йилдан 2005 йилгача ишлаб чиқарилган бўлиб, у шаҳарда юришга мўлжалланган эди. Toyota Corolla Spacio 1,6 ва 1,8 литрли двигател билан чиқарилган.
Corolla Verso – Европа ва Америкада Toyota Corolla Spacio шу номда сотилган. Ушбу модел 2001 йилдан 2009 йилгача ишлаб чиқарилган. 2008 йилда Германиянинг Auto Bild нашри ушбу машинани енгил машиналар орасида энг ишончли деб топган.
Toyota Corolla RunX / Toyota Allex – Ушбу машина беш эшикли хэтчбек бўлиб, у асосан Япония бозори учун ишлаб чиқарилган. Машинага 1,5 ва 1,8 литрли двигател ўрнатилган.
Кейинроқ ушбу машина Европа бозорига Toyota Corolla номи билан сотувга чиқарилган.
Toyota Corolla ҳақида қизиқарли маълумотлар
Toyota Corolla – автомобилсозлик тарихида энг кўп сотилган модел сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига икки марта киритилган.
Toyota Corolla илк бор 1966 йилда ишлаб чиқарилган. Ўшандан буён компания дизайнерлари унинг янгиланган вариантларини тақдим этиб келишмоқда. Ҳозирда унинг ўн иккинчи авлоди ишлаб чиқарилмоқда.
Сўнгги йилларда дунё бўйлаб ўртача ҳар 15-30 сонияда битта Toyota Corolla машинаси сотилмоқда.
1966 йилдан 2023 йилгача қарийб 50 миллион дона Toyota Corolla ишлаб чиқарилиб сотилган.
Toyota Corolla дунёнинг йигирмага яқин давлатида ишлаб чиқарилади ва 150 дан ортиқ давлатда сотилади.
Toyota Corolla нега оммалашган?
Ҳеч кимга сир эмас, япон автомобиллари жуда сифатли қилиб тайёрланади. Шу жумладан Toyota компанияси ишлаб чиқарган машиналар ҳам.
Энди Toyota Corolla автомобилига келсак, бу машинанинг узоқ йиллардан буён тўхтовсиз ишлаб чиқарилаётганига ва кўп сотилаётганига бир нечта омиллар сабаб бўлган.
Энг биринчи омил унинг сифатли тайёрланишидир. Япон машиналарининг сифатли ва пишиқ қилиб ишлаб чиқарилиши унинг энг биринчи ютуғи ҳисобланади.
Яна бир омил – Toyota Corolla ишлаб чиқарила бошлангандан сўнг керакли вақтида янгиланиб турган ва бозор талабларига қараб замонавийлаштириб борилган. Бу ҳам харидорларнинг эътиборини тортган.
Энг асосий омил – Toyota Corolla ҳар доим ҳамёнбоп нархларда сотилган. Масалан, аксарият давлатларда сўнгги русумдаги янги Toyota Corolla 20 минг АҚШ доллари атрофида сотилмоқда.
Дунёнинг жуда кўп давлатларида бу нарх қиммат ҳисобланмайди. Айниқса, машина Toyota брендига мансуб бўлса.
Ҳозир Ўзбекистондаги турли онлайн платформаларда 2023 йилда ишлаб чиқарилган Toyota Corolla машинасини 24 мингдан 26 минг долларгача таклиф этишяпти.
Toyota компанияси ўзи ишлаб чиқараётган машиналар сифатига жуда юқори баҳо беради. Шу сабабли Toyota Corolla машиналарига 3 йил ёки 100 минг км масофага юргунича кафолат берилади.
Ана шу вақт мобайнида машинада аниқланган исталган камчилик жойлардаги сервис бўлимларида тўғрилаб берилади. Агар носозлик жиддий бўлса машина алмаштириб берилади.
Toyota Corolla машиналарининг яна бир ютуғи, улар ўз эгаларига узоқ муддат хизмат қилиб беради. Маълумотларга кўра, бу машина турли шароитларда фойдаланилганда камида 5 йил ёки 300 минг километр масофа босиб ўтганда ҳам жиддий таъмирга муҳтож бўлмайди.
Энг ёмон шароитларда фойдаланилганда 150-200 минг километр масофани босиб ўтганча ёки 4 йил жиддий таъмирга муҳтож бўлмайди. Машина турли харидорларни шундай кўрсаткичлар билан ҳам ўзига жалб қилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
07:31 / 12.11.2024