Жаҳон | 08:21 / 07.12.2023
4056
3 дақиқада ўқилади

G7 етакчилари Россия олмосларига нисбатан санкциялар бўйича келишиб олди

Россиядан қайта ишланмаган олмосларга нисбатан санкциялар 1 январдан кучга кириши керак, дейилади G7саммити баёнотида. Зеленский G7 етакчилари билан гаплашиб, уларни Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирди. 

Фото: Pixabay

G7 давлатлари Россия олмослари импортини чеклашга келишиб олди. Бу ҳақда 6 декабр, чоршанба куни эълон қилинган, Токиода видеоформатда бўлиб ўтган «Катта еттилик» етакчилари саммитининг якуний ҳужжатида айтилади.

Ҳужжатга кўра, Россияда қазиб олинган, қайта ишланган ёки ишлаб чиқарилган носаноат олмосларни импорт қилиш бўйича чекловлар 2024 йил 1 январдан кучга кириши керак. Учинчи мамлакатларда қайта ишланган рус олмосларига нисбатан санкциялар аста-секин, тахминан, кейинги йилнинг март ойидан бошлаб жорий этилади. 

«Ушбу чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш учун кўплаб қайта ишланмаган олмосларни импорт қилувчи G7 мамлакатлари 2024 йил 1 сентябргача мустаҳкам кузатув ва сертификатлаштириш тизимини жорий қилади», дейилади Британия бош вазирининг идораси томонидан эълон қилинган саммит баёнотида. Шунингдек, у G7 мамлакатлари «Россия ҳарбий ва саноат соҳаси учун ўта муҳим бўлган барча товарларни экспорт қилиш бўйича чекловларга содиқ қолишини» таъкидлади ҳамда «учинчи томонларни» ушбу чораларга риоя қилишга чақирди. 

Зеленский G7 етакчилари билан суҳбатлашди 

G7 етакчилари чоршанба куни Украина президенти Володимир Зеленский билан гаплашиб, у уларни Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирди. «Россия Америка ва Европа кучсизлигини кўрсатиб, Украинани керакли даражада қўллаб-қувватламаслигига ишоняпти. У эркин дунё ўз санкцияларига тўлиқ амал қилмаслигига ишоняпти», - деди Зеленский. Унинг сўзларига кўра, «эркин дунё бирдам бўлиб қолиши, эркинлиги ҳужум остида бўлганларни қўллаб-қувватлаши жуда муҳимдир».

Зеленский G7 етакчиларини фронтдаги вазият ҳақида хабардор қилди. Унинг сўзларига кўра, Путин россияликларнинг уруш жараёнидан ўсиб бораётган норозилигини тинчлантириш учун фронтда босимни сезиларли даражада оширган, бироқ украиналик ҳарбийлар зарбаларга дош бериб, фронтнинг бир неча йўналишларида муҳим нуқталарни сақлаб қолмоқда ва кейинги қадамларга тайёрланмоқда. «У бу йил бирорта ҳам операцияда ғалаба қозонмади», - деди Украина президенти. Унинг сўзларига кўра, Украинанинг саъй-ҳаракатлари ўз иттифоқчилари кўмагида жойларда муваффақиятни таъминлаши мумкин. 

Учрашувдан сўнг АҚШ президенти Жо Байден G7 мамлакатлари Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини маълум қилди. «Биз бу масалани муҳокама қилдик. Барча Европа етакчилари, биз ҳаммамиз Украинани қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», деди у Оқ уйда баёнот бериб. 

Мавзуга оид