Огоҳ бўлинг: Фирибгарлар расмий шахсларнинг тасвирлари орқали дипфейк тарқатмоқда
Шу кунларда интернетда президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Ариповнинг нутқ сўзлаётгани акс этган видеоларнинг сунъий интеллект орқали ўзгартирилган дипфейк вариантлари тарқатилмоқда. Киберхавфсизлик маркази аҳолини фирибгарлар тузоғига тушиб қолмасликка чақирди.
Бу видеоларда гўёки раҳбарлар тилидан Ўзбекистон аҳолисига мурожаат қилиб, уларга фирибгарлар томонидан ўғриланган пуллар компенсация қилиб берилиши бўйича чоралар кўрилаётгани, алданиб қолган одамлар юристларнинг маслаҳатига амал қилиши кераклиги айтилган.
Видеоларда айтилган “юристларнинг маслаҳати” аслида тузоқ бўлиб, видеога илова қилинган йўл-йўриқларни бажарган одамлар банк карталаридаги пулларидан айрилади.
Бу – фуқароларнинг карталаридаги пулларини ўғирловчи фирибгарлар ўйлаб топган янги усул. Эндиликда улар сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда, шахснинг овозини ўхшатиб, унинг иштирокидаги видеони мукаммал ёлғон – дипфейк шаклга ўтказмоқда.
Ҳар икки видеода ҳам рус тилидан фойдаланилгани – сунъий интеллект технологиялари ёрдамида ҳали ўзбек тилида мукаммал дипфейклар яратиш имкони йўқлиги билан боғлиқ.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази ҳам аҳолини бундай замонавий турдаги фирибгарлик тузоғидан огоҳ бўлишга чақирди.
Аввалроқ Korzinka супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ҳам фирибгарларнинг бундай дипфейклар нишонига айланган эди.
Айни кунларда, шунингдек, россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг қайта ишланган ёлғон видеоси ҳам тарқатилмоқда.
- Эслатма: Банк карталаридан пул ўғирланиши деярли барча ҳолатларда телефонга келган SMS'даги яширин коднинг бегоналарга берилиши оқибатида содир бўлади.
Умуман, интернет кенгликларида машҳур шахсларнинг сунъий интеллект технологиялари орқали ясалган фейк видеолари сўнгги вақтларда кескин кўпайган. Хусусан, АҚШда 2024 йилги президентлик сайловлари олдидан амалдаги президент Жо Байден, президентликка собиқ номзод Ҳиллари Клинтон ва бошқа юқори мартабали шахсларнинг янгидан янги дипфейк видеолари тарқатилмоқда.
Мавзуга оид
22:25 / 20.10.2024
Фирибгарлар Telegram орқали фотосурат кўринишида вирус юбормоқда
15:12 / 20.10.2024
Ўзини банк ходими деб таништириб, фуқаронинг пулларини ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилди
08:10 / 17.10.2024
ИИББ интернетдаги фирибгарликнинг янги кўринишидан огоҳлантирди
20:45 / 14.10.2024