Ўзбекистон | 20:47 / 07.12.2023
16951
2 дақиқада ўқилади

Яна икки ҳудудда «метан заправкалар» фаолияти чекланди

Андижон ва Қорақалпоғистон ортидан Сурхондарё вилоятида ҳам метан газ қуйиш шохобчалари иш вақтига чеклов киритилди. Вилоятдаги АГТКШлар 2023 йил 7 декабрдан бошлаб соат 8:00 дан 17:00 гача ишламоқда.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Андижон ва Қорақалпоғистон ортидан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС) иш вақтига чеклов киритилди.

Сурхондарё вилоятида «метан заправкалар» 7 декабрдан бошлаб, эрталаб соат 8:00 дан 17:00 гача фаолият юритади.

Бундан мақсад биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасаларнинг табиий газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш экани айтилган.

Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот»нинг Сурхондарёдаги филиали табиий газдан дебитор қарздорлиги сабаб вилоятдаги 28 та метан газ қуйиш шохобчалари тармоқдан вақтинча узилганини маълум қилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам «метан заправкалар» 8 декабрдан, эрталаб соат 6:00 дан 15:00 гача фаолият юритиши ҳақида хабар берди.

«Станциялар фаолияти чекланиши ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши туфайли табиий газ биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда ижтимоий соҳа обектларига етказиб берилиши билан изоҳланган», дейилади хабарда.

  • Бундан аввалроқ Андижон вилоятида (соат 06:00 дан 15:00 гача) ва Қорақалпоғистон Республикасида (соат 06:00 дан 15:00 гача) худди шундай чекловлар жорий этилгани хабар қилинганди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги шохобчалар ишлашида ҳам узилишлар бўлаётгани ва навбатлар юзага келаётгани айтилмоқда.

Мавзуга оид