Иқтисодиёт | 16:22 / 07.12.2023
16132
3 дақиқада ўқилади

“Yandex Go томонидан 13,5 млрд сўмлик 800 минг 483 та чек шакллантирилди” – Солиқ қўмитаси

Бугунги кунда такси хизмати учун нақд пул орқали тўлов қилинганда чек берилиши йўлга қўйилмаган. Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, бу борада бир нечта ечимлар ишлаб чиқилган ва бозор иштирокчиларига таклиф қилинган. Яқин кунларда нақд пул орқали тўлов қилинганида ҳам чек берилиши таъминланади.

Фото: Yandex

Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Yandex Go хизмати Ўзбекистонда ўз фаолиятини маҳаллийлаштириб, солиқ резидентига айлангани хабар қилинганди. Шу билан бирга, мазкур сервис Солиқ ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши натижасида ҳар бир ташиш хизмати учун фискал чек шакллантириш имконияти яратилган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Хусусан, ўтган кунлар давомида (1 – 6 декабр) 13,5 млрд сўмлик 800 минг 483 та чек шакллантирилган. Ўз навбатида, қўмита мазкур соҳада бир қатор ечимини топиши лозим бўлган масалалар сақланиб қолаётганлигини маълум қилди.

“Биринчидан, такси хизмати (Yandex Go ва бошқалар) учун нақд пул орқали тўлов қилинганда чек берилиши йўлга қўйилмаган. Бу борада амалиётга татбиқ этиш учун бир нечта ечимлар ишлаб чиқилди ва бозор иштирокчиларига таклиф қилинди, яқин кунларда нақд пул орқали тўлов қилинганида ҳам чек берилиши таъминланади.

Иккинчидан, қолган агрегаторларда, хусусан – MyTaxi, Uklon ва бошқаларда фискал чек бугунги кунгача шакллантирилмаяпти. Ушбу агрегаторлар билан техник интеграциялаш ишлари якунланган ва яқин кунларда йўловчилар ушбу хизматлардан фойдаланганда фискал чекларни олишни бошлаши кутилмоқда. Бундан ташқари, республиканинг барча ҳудудларида агрегаторлар ва такси хизматларини фискаллаштириш кўзда тутилган.

Учинчидан, бугунги кунга қадар шакллантирилган 13,5 млрд сўмлик 800 минг 483 та чекларнинг 13,4 млрд сўмлик 791 минг 100 таси 232 та юридик шахслар (Yandex Go ҳамкорлари ва такси компаниялари), 163,9 млн сўмлик 9383 таси эса 1821 нафар ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳиссасига тўғри келади. Бунда, ташиш хизмати ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилган бўлса-да, ташишнинг барча суммаси таксопарк (ҳамкор) айланмасида акс этиш ҳолатлари Солиқ қўмитаси томонидан кузатилмоқда”, дейилади қўмита хабарида.

Қўшимча қилинишича, такси фаолиятидан расмий даромад шакллантириш имкониятининг пайдо бўлганлиги ўзини ўзи банд қилган шахслар учун алоҳида бир қатор афзалликларни келтириб чиқаради. Жумладан, даромад тўғрисидаги маълумотлар кейинчалик уларга бошқа иқтисодий ҳаракатларда имкониятларини кенгайтиради. Бу ўз навбатида аҳолининг иқтисодий фаоллиги ошишига хизмат қилади.

 “Солиқ қўмитаси такси хизматини кўрсатишда агрегаторлар ва уларнинг ҳамкорлари бизнес жараёнларини мониторинг қилиб бормоқда ва аниқ ечимларни таклиф этади. Шу билан бирга йўловчи ташиш бозорида, турли баҳолашларга асосан 500 мингдан 1 млн нафаргача фуқаро тўлиқ ёки қисман бандлигини, шунингдек, таксиларнинг кундалик логистика ва ҳаракатланишдаги аҳамияти катта эканини ҳисобга олиб, мазкур соҳадаги муносабатларни автоматлаштириш ва фискаллаштириш жараёнини босқичма-босқич ва эҳтиёткорлик билан амалга ошириш зарур”, дея хулоса қилинган қўмита хабарида.

Мавзуга оид