Жаҳон | 09:00 / 08.12.2023
3510
3 дақиқада ўқилади

Киберҳужумлар: АҚШ ва Британия икки россияликка нисбатан санкциялар киритди

АҚШ ва Буюк Британия санкциялар киритган Россия фуқароларидан бири «ФСБ» ходими. Иккинчи шахснинг иш жойи айблов хулосасида кўрсатилмаган.

Фото: AP

АҚШ ва Буюк Британия расмийлари турли мамлакатларда компютер тармоқларини бузиш кампаниясини ўтказишда айбланган икки россияликка нисбатан санкциялар жорий қилди. Бир гуруҳ ҳакерлар АҚШ, Буюк Британия ва НАТОнинг бошқа давлатлари ҳамда Украинадаги компютерларни бузиб кириб, 2019 йилда Буюк Британиядаги сайловларга таъсир кўрсатиш учун «ёмон ниятли хорижий таъсир операцияларида» фойдаланилган маълумотларни ўғирлаган, деб хабар берди пайшанба куни Вашингтондаги Адлия вазирлиги. 

Сан-Францискодаги федерал катта ҳакамлар ҳайъати «ФСБ» Ахборот хавфсизлиги маркази («18-марказ») ходими Руслан Перетятко, шунингдек, Андрей Коринецга қарши айблов хулосасини чиқарди. The Insider нашрининг ёзишича, глобал компютер ҳужуми кампаниясида «16-марказ» (71330-сонли ҳарбий қисм) номи билан машҳур Алоқа бўйича электрон разведка маркази ходимлари ҳам иштирок этган. АҚШ Адлия вазирлигига кўра, Сиктивкарда яшовчи Россия фуқароси Перетятко - «ФСБ» ходими. Андрей Коринец Коми Республикасида яшайди, лекин унинг иш жойи номи айтилмаган. 

Айблов хулосасида қайд этилишича, Dansing Salome, Seaborgium, Star Blizzard, Coldriver ва TA446 номлари билан танилган «Каллисто» ҳакерлик гуруҳи Перетятко ва Коринецни ўз ичига олади, у НАТО мамлакатларида, Болтиқбўйи, Скандинавия ва Шарқий Европада ҳарбий хизматчилар, расмийлар, таҳлил марказлари ва журналистларга қарши кибержосуслик ҳужумларини амалга оширади.

Давлат департаменти мукофот эълон қилди

АҚШ Давлат департаменти Перетятко ва Коринец, шунингдек, уларнинг шерикларининг шахси ёки жойлашган жойини аниқлаштирадиган маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот эълон қилди.

Буюк Британия Молия вазирлиги баёнотида айтилишича, TAG-53 ва BlueCharlie номи билан ҳам танилган «ФСБ» кибергуруҳи аъзолари «киберфаолиятда, жумладан мақсадли фишинг кампанияларини тайёрлаш ва тегишли тадбирларда қатнашишда иштирок этган, бу рухсатсиз кириш ва махфий маълумотларни ўғирлашга олиб келган». «Бу ҳаракатлар Британия институтлари ва умуман Буюк Британия ҳукуматининг яхлитлиги, фаровонлиги ва хавфсизлигига путур етказиши мумкин эди», деди Лондон. 

Россия элчиси Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, «Россиянинг Буюк Британия ва ундан ташқаридаги сиёсий ва демократик жараёнларга аралашиш учун кибермакондан фойдаланишга бўлган уринишларидан чуқур хавотир мавжудлиги» билдирилди.

Мавзуга оид