Жаҳон | 21:34 / 08.12.2023
11655
6 дақиқада ўқилади

Ливанга таҳдид, Мадуронинг «сиёсий трюки» ва муқаддас китобларни ёқишни тақиқлаган Дания — кун дайжести 

Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз. 

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливанга таҳдид қилди. Агар Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати уруш бошласа, Исроил Ливан пойтахти Байрут ва унинг жанубини Ғазо секторидан баттар вайронага айлантиришини ваъда қилди.

«Ҳизбуллоҳ»га бу таҳдидлар таъсир қилмаган, улар аввалги кун Исроилга қарши 11 та, кеча 10 та операция уюштирган

Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Олмерт эса Бинямин Нетаняҳуни истеъфога чиқишга чақирди.

«Нетаняҳу — исроил учун миллий ва тарихий фожиа. У зудлик билан истеъфога чиқиши керак», деган Олмерт TRT World каналига берган эксклюзив интервюсида.

Сўнгги икки кун ичида Ғазода Исроил ҳужумлари натижасида 930 нафар фаластинликлар ўлдирилган. Жами қурбонлар сони 17 минг 177 нафарга етган. Уларнинг 7739 нафари ёш болалар. Яна 7700 дан ортиқ инсон бедарак йўқолганини қайд этган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги. 

Вашингтон Конгресс позицияси туфайли Киевга келгусида ёрдам борасида ҳеч қандай кафолат бера олмайди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби брифингда айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, АҚШда бир неча ҳафтага етарли пул бор, шундан сўнг Украинага ёрдам ресурслари тугаб битади.

Ёрдам маъқулланиши учун АҚШ ҳукумати республикачиларга ён бериб, миграция сиёсатини кучайтириши керак. Шунда улар Украинага ёрдам беришни маъқуллайди, деб хабар беради Reuters.

Ғарб Украинадаги урушдан чарчагани борасида яна бир маълумот пайдо бўлди. Ғарбнинг Киевга ваъда қилинган ёрдами ҳажми августдан октябргача бўлган даврда йиллик ҳисобда 87 фоизга — 16 миллиард евродан 2 миллиард еврогача камайди, дейилади Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) маълумотларида. Бу Ғарбнинг Киевни қўллаб-қувватлаши 2022 йил феврал охирида уруш бошланганидан бери энг паст даражага тушганини англатади.

Таъкидланишича, Украинага ёрдамни қисқартириш тенденцияси ҳисобот давридан бир неча ой олдин аниқ бўлган, ёрдамнинг қисқариши эса барча — гуманитар, молиявий ва ҳарбий соҳаларга таъсир қилган. «Ҳарбий ёрдам кўрсатишда энг кучли пасайиш кузатилмоқда», деган Жаҳон иқтисодиёти институти эксперти Петро Бомпрецци. 

АҚШ мудофаа вазири республикачилар олдига ултиматум қўйган. Ллойд Остин ёпиқ брифингда агар улар Украинага янги ёрдам тўғрисидаги сўровни маъқуллашмаса ва Украинада Россиянинг қўли баланд келиб, АҚШ урушга аралашишга мажбур бўлса уларнинг қариндошларини «Россияга қарши жангга» жўнатиши билан таҳдид қилган, деб ёзади АҚШлик журналист Карлсон ўз манбаларига таяниб.

АҚШ 2024 йил сўнгига бориб Россияни Киев учун манфаатли шартларда сулҳ музокаралари ўтказишга кўндириш ниятида.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Жонатан Файнерга кўра, сулҳ шартномаси шартлари Украина учун қониқарли, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги борасида БМТ Низомига таяниши керак.

Вашингтон Москванинг олдига икки шарт қўймоқчи: ёки шу музокара вариантини танлаш ёки «АҚШ ва Европада янада қудратли саноат базасига таянган, яна қарши ҳужум уюштиришга қодир янада кучли Украина билан тўқнаш келиш», деб тушунтирган маслаҳатчи ўринбосари. Унинг баҳолашича, бир йил ичида ғарб давлатлари «ҳозиргидан анча мустаҳкам пойдевор» устида бўлишади. 

Россиянинг бир қатор шаҳарларида Навалний жамоаси ўзига хос «диверсия» уюштирди. «Янги йил билан, Россия» ёзувлари туширилган баннерлардаги QR код одамларни Навалний жамоасининг «Путинсиз Россия» ташаббуси сайтига йўллаган.

Москва, Санкт-Петербург ва Новосибирскда ўрнатилган бундай баннерлар ҳақида хабарлар тарқалгач, улар шошилинч равишда кўчалардан олиб ташлана бошлаган. 

Ғарб давлатлари Венесуэла ва Гайана атрофидаги воқеаларни синчковлик билан кузатиб бормоқда. Financial Times нашри минтақада яқин истиқболда ҳарбий можаро юз бериши эҳтимолини паст деб баҳолаган. Референдум ўтказишдан мақсад ва кейинги воқеалар тобора обрўси тушиб бораётган Николас Мадуронинг сиёсий ўйини бўлиб, аҳолининг эътиборини мухолифат номзодидан чалғитиш, дейилади нашр мақоласида.

Шунга ўхшаш версияни Washington Post ҳам қўллаган. Нашрга кўра, халқаро ҳамжамият қайта сайланишга уринаётган, халқ орасида у қадар машҳур бўлмаган етакчининг «сиёсий трюки»ни кузатмоқжа

Бироқ Foreign Policy Лотин Америкаси сўнгги 75 йил ичида илк бор потенциал қитъа уруши ёқасига келиб қолганини ёзган. 

Ер юзида янги қайноқ нуқталар пайдо бўлаётган бир паллада Кавказдаги 30 йиллик можаро сулҳ томон ниҳоят катта қадам ташлади. Озарбайжон ва Арманистон асирларни алмашишга келишиб олди ҳамда тинчлик шартномаси тузмоқчилигини тасдиқлади. Унга кўра, Боку 32 нафар арманистонлик ҳарбийни, Ереван эса икки озарбайжонлик ҳарбийни озод қилади.

Шунингдек, Арманистон хайрихоҳлик белгиси сифатида Озарбайжон фойдасига БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясига мезбонлик қилиш бўйича ўз номзодини қайтариб олди. 

Ниҳоят, Европанинг эркин демократик давлатларида соғлом ақл ғолиб кела бошлади. Дания парламенти мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони каримни ёқишни тақиқловчи қонун қабул қилди. Қонунни маъқуллаб парамент аъзоларининг 94 нафари овоз берган, 77 депутат қарши чиққан.

Энди Данияда Қуръон, шунингдек, диний жамоатчилик учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бошқа китобларни ёқиш жиноят ҳисобланади ва икки йилгача қамоқ билан жазоланади. Дебатлар чоғида Даниядаги бутун мухолифат ушбу қонуннинг қабул қилинишига қарши чиққан.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид