Жаҳон | 13:10 / 10.12.2023
29064
10 дақиқада ўқилади

Икки хил полиция идораси ва иккита пул бирлиги амал қиладиган Бойқўнғир – дунёдаги илк космодром қандай қурилган эди?

1957 йилда Қозоғистон чўлларида жойлашган Бойқўнғир космодроми ишга туширилади. Унгача дунёда махсус космодром бўлмаган ва ракета синовлари ҳарбий полигонларда ўтказилган. Шу жумладан советлар ҳам Астрахан вилоятидаги Капустин Яр ҳарбий полигонидан фойдаланишган. Ўз даврида ҳар йили кўплаб парвозлар амалга оширилган бу космодромни ҳозирда Россия Қозоғистондан ижарага олиб ишлатмоқда.

Фотоколлаж: Kun.uz

Бугун дунёнинг 17 та давлатида 32 та космодром бор. Улардан ҳар йили 200 га яқин турли космик парвозлар амалга оширилади.

2022 йилда энг кўп парвоз Американинг Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган космодромдан амалга оширилган – 39 та. Кейинги ўринда Хитойдаги Цзюцюан космодроми, бу ердан 25 та парвоз амалга оширилган.

Донғи дунёга кетган, бир пайтлар жуда кўп космик кемалар учирилган Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан 2022 йилда бор-йўғи 7 та парвоз амалга оширилган. Қуйида Бойқўнғир космодроми тарихи ҳақида сўз юритамиз.

Космодром қурилишидан аввал

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг аввалига атом бомбаси синовдан ўтказилади. Сўнг турли масофаларга учадиган ракеталарнинг синовлари ўтказила бошланади.

Турли синовлар ўтказилар экан, ракеталарни учириш учун махсус жой керак бўларди. СССРда синовлар аввалига Астрахан вилоятида жойлашган Капустин Яр ҳарбий полигонида ўтказилади.

У пайтда ҳали қитъалараро уча оладиган баллистик ракеталар йўқ, фақат қисқа масофаларга учадиганлари синовдан ўтказилаётганди.

Кейинроқ қитъалараро уча оладиган ракеталар синовдан ўтказила бошлангач Капустин Ярдаги синов полигони торлик қилиб қолади. Дастлабки ракеталар синовдан ўтказилгач улар асосида фазога сунъий йўлдош учириш режалаштирилади.

Капустин Яр полигонидаги музе

Шундан сўнг Москвада янги ҳарбий синов полигони қуриш бўйича лойиҳалар кўриб чиқилади. Мамлакат ҳудудидаги бир қанча жойлар таклифи берилади. Жумладан, Мари АССРда, Доғистонда, Астрахан вилоятидаги Харабали шаҳарчаси яқинида ва Қозоғистон ССР Қизилорда вилоятидаги жойлар кўрсатилади.

Махсус комиссия томонидан барча вариантлар кўриб чиқилиб, Қизилорда вилоятидаги жой танлаб олинади. Бунда жойнинг мамлакат чегараларидан узоқ жойда жойлашгани муҳим аҳамиятга эга эди.

1954 йилда Тошкент-Москва темирйўли линияси яқинида, Жосали ва Тўратам қўрғонлари орасидаги чўлда Бойқўнғир деган жойда янги синов полигони ва космодром қурилиши бошланади.

Бойқўнғирдаги қурилишда ишлаётган мутахассисларнинг аксарияти Капустин Ярда ишлаётган ҳарбий муҳандислар эди. Қурилиш ишлари бир йил давом этади ва 1955 йил 12 январда дунёдаги биринчи космодром қурилиши битади.

Гарчи космодром битган бўлса-да, у 1957 йил 15 майда фойдаланишга топширилади. Ўша йили СССРда дунёдаги биринчи сунъий йўлдош учирилади.

1958 йилда америкаликлар ҳам ўзларининг биринчи сунъий йўлдошларини учиришди. Шу тариқа икки давлат ўртасида космик пойга авж олади.

Бойқўнғирдаги биринчи парвоз майдончаси
Фото: diletant.media

Бойқўнғирдаги ҳалокат

1960 йил 24 октябрда Бойқўнғир космодромида жиддий фожиа юз беради. Янги Р-16 қитъалараро баллистик ракетаси синовдан ўтказишга тайёргарлик чоғида портлаб кетади.

Анъанага кўра совет иттифоқи раҳбарияти ҳар йили октябр «инқилоби»нинг юбилейида улкан ютуқ билан мақтаниши керак эди.

Йилдан йилга кучайиб бораётган совуқ уруш шароитида бу анъананинг аҳамияти ошиб кетади. Натижада дунё жамоатчилигини ҳайратга солиш мақсадида ҳали тўлиқ тугалланмаган қитъалараро баллистик ракетанинг илк синови ташкиллаштирилади.

Бундай шароитда ҳарбийлар ўзларини хавфга қўйган ҳолда минг бир қўрқув ичида синов майдонига ишлари тўлиқ якунланмаган ракетани олиб чиқишади.

Айтишларича, қитъалараро баллистик ракетанинг айтилган муддатда учирилишини шахсан Хрушчев ва Брежнев назорат қилади.

Улар Р-16 лойиҳасига масъул бўлган Стратегик ракета кучлари бош қўмондони Митрофан Неделинга ракетани байрам кунига қадар учириш тўғрисида аниқ буйруқ беради.

Юбилейга улгуриш учун шошилиш хавфсизлик қоидаларининг қўпол бузилишига олиб келади. Синов бошланишидан ярим соат олдин двигателлардан бири ўз-ўзидан ишга тушади.

Кучли силкиниш таъсирида ёқилғи баклари қулаб тушади ва ракета ёқилғисига ўт кетади. Кўп ўтмай жуда кучли портлаш содир бўлади ва бир неча юз метр масофадаги ҳамма нарса ёниб кетади.

1960 йилда Бойқўнғирда содир бўлган ҳалокат
Фото: korrespondent.net

Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 74 киши ҳалок бўлган, портлаш оқибатида жароҳатланган ва куйганлардан яна 4 киши кейинроқ шифохонада вафот этган.

Бошқа маълумотларга кўра қурбонлар сони 92 нафардан 126 нафаргача бўлган. Қурбонлар орасида артиллерия бош маршали Митрофан Неделин ҳам бор эди.

Ҳар доимгидек ушбу фожиа тафсилотлари ҳам қатъий махфийлаштирилади. Бироқ стратегик ракета кучлари бош қўмондонининг ўлимини жамоатчиликка нимадир қилиб изоҳлаш керак эди.

Бойқўнғирдаги фожиа ҳақида айтиб бўлмагани учун гўёки Неделин авиаҳалокат қурбони бўлгани ҳақидаги уйдирмани ўйлаб топишади. У ҳурмат-эҳтиром билан Кремл девори ёнига дафн қилинади.

Фожианинг бошқа қурбонлари эса турли шаҳарлардаги қабристонларга ва Бойқўнғирдаги оммавий қабрга яширинча дафн қилинади. Тўғри, баъзи маълумотлар хориж матбуотида тарқалади, аммо СССР ҳукумати фожиа ҳақиқатан рўй берганини орадан 30 йил ўтиб, 1989 йилда тан олади.

Бойқўнғир ҳақида қизиқарли маълумотлар

Космодром Қизилқум чўлларида, Тўра-там шаҳарчаси яқинида қурилган ва бошида унинг номи Бойқўнғир бўлмаган. Ўшанда советлар душманларни чалғитиш учун космодромдан анча узоқда бўлган Бойқўнғир чўлида, шу номдаги шаҳарчада унинг макетини ясаб қўйишади.

1961 йил 12 апрел куни Гагарин фазога парвоз қилганидан сўнг космодром Бойқўнғир деб атала бошланади. Аслида эса космодром Бойқўнғир чўлидан анча узоқда жойлашган.

Бойқўнғир ва Капустин Яр космодромлари харитада

Космодромни қуришда асосан ҳарбийлар иштирок этган ва улар жуда оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлган. Қишнинг қаттиқ совуғида ва ёзда улар асосан чодирларда яшаб, зўрға жон сақлаган.

Тез-тез содир бўладиган қум бўронлари аскарларнинг кўзини очирмаган. Уларнинг қулоқлари, бурунлари ва кўзлари қумга тўлса ҳам, ҳеч кимга иш жойини ташлаб кетишга рухсат берилмаган.

Аскарлар ҳафтада бир марта ювинишган. Унда ҳам уларга 5 дақиқа вақт берилган. Қурилишда бир вақтнинг ўзида 2500 киши ишлаган. Уларнинг қарийб 2000 нафари ҳарбийлар, қолгани турли мутахассислар бўлган.

Космодромда қурилган шаҳарча энг аввал Тошкент-90 деб аталган. Кўп ўтмай Заря, Звездогород, охирида Ленинск деб аталган. Охирида шаҳарча ҳам космодром билан бирга Бойқўнғир номини олган.

Космодром тарихи 1955 йилдан бошланади дейилса-да, бу ерда илк парвоз 1957 йилда ўтказилади. Ўшанда Сергей Королёв лойиҳаси асосида ишлаб чиқарилган қитъалараро баллистик ракетанинг синов парвози ўтказилади.

Бойқўнғир космодроми амалга оширилган парвозлар сони бўйича рекордчи ҳисобланади. Ишга туширилганидан бошлаб ҳозиргача ундан 1 500 та турли космик кемалар фазога парвоз қилган.

Бундан ташқари, 100 дан ошиқ қитъалараро баллистик ракеталар учирилган. Космодромдан 130 нафардан ошиқ совет, Россия ва бошқа давлат вакиллари бўлган космонавтлар фазога учган.

Бойқўнғирдан ракета учирилиши
Фото: alamy.com

Космодром фаолият бошлаганига 60 йил тўлган 2015 йилда бу ердан 18 та ракета ташувчи учирилган ва бу ҳам рекорд ҳисобланади. Бунгача АҚШнинг Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган космодромдан бир йилда 17 та, Гвиан космик марказдаги космодромдан 16 та ракета учирилганди.

СССР парчаланиб кетганидан сўнг 1994 йилда Россия Бойқўнғирни Қозоғистондан 20 йилга ижарага олади. Муддат тугагач, 2004 йилда шартнома янгиланади. Бу сафар Россия уни 2050 йилгача ижарага олади.

Бойқўнғирнинг бир йиллик ижара пули 100 млн доллардан ошади. Россия бу пулга космодромдан ташқари Бойқўнғир шаҳарчаси ва унинг атрофидаги жуда катта ҳудудни ижарага олган.

Бойқўнғир космодроми комплекси ва унинг атрофидаги ҳудуд 6 717 километр квадратдан иборат. Ҳудуд россиялик ҳарбийлар томонидан қўриқланади ва у ерга кириб-чиқиш назорат қилинади.

Бойқўнғир шаҳарчасининг мэри икки давлат раҳбарлари, Россия ва Қозоғистон президентлари чиқарган фармон асосида тайинланади. Ҳудуд ичида ҳар икки давлат қонунлари ишлайди.

Бу ерда икки хил полиция ва ФҲДЁ бўлимлари бор. Ҳудудда Россия ва Қозоғистон пул бирликлари бирдай ишлайди.

Деннис Титонинг дунёдаги биринчи сайёҳлик парвози ҳам 2001 йилда Бойқўнғир космодромидан амалга оширилган.

Дунёдаги биринчи космик сайёҳ Деннис Тито парвоздан қайтиб тушган пайт, Қозоғистон
Фото: wall.kabegami.com

Бугун маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар маълум тўлов эвазига бемалол Бойқўнғирни томоша қилишлари мумкин. Уларга Гагарин парвоз қилган майдонча, космодром музейи, очиқ осмон остидаги музей, Гагарин ва Королёвга тегишли уйлар кўрсатилади.

Бойқўнғирда Гагаринга ўрнатилган ёдгорлик, Союз ракетаси, Михаил Янгел ёдгорлиги, космонавтлар аллеяси каби диққатга сазовор жойлар бор.

Бойқўнғир космодроми СССР даврида советларнинг бир нечта орден ва медаллари билан тақдирланган. Жумладан, 1960 йилда Гагариннинг муваффақиятли парвозидан сўнг Қизил Юлдуз орденини олган. 1965 йилда Ленин, 1976 йилда Октябр революцияси орденлари берилган.

Бойқўнғирдаги биринчи парвоз майдончасини қуришда чуқурлиги 45 метр, узунлиги 250, эни 100 метрдан ошиқроқ бўлган чуқур қазилган ва ундан миллион метр куб турли ер жинслари чиқариб ташланган. Космодром қурилиши умумий ҳисобда 1,5 йил давом этган.

Ракеталар учиришда парвоз тезлиги ҳам Бойқўнғирдан учган космик кемага тегишли. Бу ердан учирилган Восток-1 космик кемаси соатига 28 минг километр тезликда учган.

Бойқўнғирдаги парвоз майдони, космик кема парвозга шай
Фото: alamy.com

Илк аёл космонавт ҳам Бойқўнғирдан парвоз қилган. 1963 йилда Валентина Терешкова фазога парвоз қилади ва Ер куррасини 48 марта айланиб, қайтиб тушади.

1971 йилда Бойқўнғирдан учирилган Марс-3 космик қурилмаси Марсга етиб боради ва уни ўрганади.

2002 йилда Бойқўнғир жаҳон миқёсидаги тарихий ва маданий объект сифатида ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Бугун Бойқўнғир шаҳарчасида 70 мингдан ошиқ одам яшамоқда. Шаҳарча одамларининг қарийб барчаси космодром ва космик парвозлар билан боғлиқ ишларда ишлайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид