Жаҳон | 00:07 / 10.12.2023
31683
2 дақиқада ўқилади

Зарур ёрдамсиз дунё шунчаки ўлишимизга қўйиб беради — Зеленская

Украина биринчи хоними Ғарб давлатларининг урушдан «чарчаб қолгани» қандай оқибатларга олиб келишини айтди.

Фото: BBC

Ғарб давлатлари молиявий ёрдам кўрсатишда давом этмас экан, украиналиклар ҳалок бўлиш хавфи остида. Бу ҳақда Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленская айтиб ўтди.

BBC нашри билан бу ҳақдаги суҳбат АҚШ Конгрессидаги республикачи сенаторлар Украинага ёрдам бериш тўғрисидаги асосий қонун лойиҳасини блоклаганидан кўп ўтмай бўлиб ўтди.

«Биз ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтожмиз. Оддий қилиб айтганда, биз бу ҳолатдан чарчай олмаймиз, чунки шундай қилсак, ўламиз. Агар дунё чарчаса, ўлимимизга йўл қўйишади», деди Зеленская.

Украина биринчи хонимининг таъкидлашича, украиналиклар учун Ғарбда «ёрдам бериш иштиёқи» қандай йўқолиб бораётганини кўриш жуда оғриқли.

«Бу биз учун ҳаёт масаласи», деди у.

АҚШ Конгресси икки ойдан ортиқ вақт давомида Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишнинг янги дастурини қабул қила олмаяпти. Шу ҳафта АҚШ Сенати яна ёрдамни маъқулламади. Президент Жо Байденнинг Украинани қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаган чақириқларига қарамай, республикачилар олдин Американинг ички муаммоларини ҳал қилиш лозимлиги бўйича ултиматум қўйдилар.

Оқ уй Украинага қурол-яроғ учун аввал ажратилган маблағлар йил охиригача тугаши ҳақида огоҳлантирмоқда. Агар янги дастур қабул қилинмаса, Америка қуролларини Украинага етказиб бериш бутунлай тўхтатилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид