Жаҳон | 11:24 / 11.12.2023
6165
3 дақиқада ўқилади

Венесуэла ва Гайана Эссекибо бўйича музокаралар ҳақида келишиб олди

Венесуэла ва Гайана чегарасидаги вазият декабр ойи бошида Николо Мадуро Эссекибо ҳудуди Венесуэла таркибига қўшилишини эълон қилганидан кейин кескинлашган.

Фото: REUTERS/Leonardo Fernandez Viloria

Венесуэла ва Гайана Эссекибо провинцияси атрофидаги вазият юзасидан музокаралар олиб боради. Учрашув 14 декабр, пайшанба кунига белгиланган ҳамда Сент-Винсент ва Гренадин оролларида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Венесуэла ташқи ишлар вазири Иван Хил 10 декабр, якшанба куни Х'даги блогида маълум қилди.

Музокаралар ҳақидаги келишувдан олдин Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва ҳамда Сент-Винсент ва Гренадин бош вазири Ралф Гонсалвес Венесуэла раҳбари Николас Мадуро билан телефон орқали мулоқот қилган. Мадуро, шунингдек, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан музокаралар ўтказди, унинг давомида бош котиб Венесуэла ва Гайана ўртасида тўғридан тўғри мулоқотга кўмак кўрсатишга ваъда берди. Гайана президенти Ирфаан Алининг идораси унинг учрашувга розилигини тасдиқлади. «Гайананинг қуруқликдаги чегараси муҳокама қилинмайди», деб таъкидлади давлат раҳбари идораси.

Мадуро Эссекибони Венесуэла таркибига қўшиш тўғрисидаги фармонларни имзолади

Декабр ойи бошида Мадуро Эссекибо масаласи бўйича Венесуэлада ўтказилган референдумдан сўнг Гайана чегарасидан тахминан 100 км узоқликда янги ҳарбий база яратиш режасини эълон қилди, бунда расмий натижаларга кўра, овоз берганларнинг 95 фоизи минтақани аннексия қилиш тарафдори бўлган.

Гайана ўз ҳудудининг бир қисмини беришдан бош тортди ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизликни тиклаш учун чекловчи чоралар ёки ҳарбий ҳаракатларга рухсат бериши мумкин бўлган ташкилот низомининг 41- ва 42-моддаларини қўллаш учун БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилишга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди.

6 декабрда Венесуэла ўз армиясини сафарбар қилди. Шундан сўнг Мадуро Эссекибони Венесуэла таркибига қўшадиган фармонларни имзолади.

Эссекибо фойдали қазилмаларга бой минтақа

Венесуэла 1811 йилда мустақил давлат бўлганидан бери Эссекибога даъво қилиб келади. Гап худди шу номдаги Эссекибо дарёсининг ғарбий қисмидаги умумий майдони 160 минг квадрат километр бўлган ҳудуд ҳақида бормоқда, у Гайана ҳудудининг тўртдан уч қисмини эгаллаган ва ҳозирда унинг назорати остида. Эссекибо асосан ўтиб бўлмайдиган ўрмонлардир, аммо нефт, газ, олтин ва миснинг катта захираларига эга.

Мавзуга оид