Спорт | 20:49 / 12.12.2023
31866
2 дақиқада ўқилади

ПФЛ Суперлига иштирокчилари сони 2025 йилдан 16тага оширилишини эълон қилди

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси Суперлига иштирокчилари сони аввалгидек 16тага оширилишини эълон қилди.

«2025 йилги мавсумдан бошлаб Суперлигада 16та жамоа иштирок этади. Бу орқали мавсум давомидаги тур ўйинлари сони 30тага етади. 

Лига сўнгги тўрт мавсум давомида Суперлига иштирокчилари сони спорт принципларига зид равишда ўзгармаслиги учун курашиб келди. ОФК лицензиясини қўлга киритаётган клублар сонининг ортиб бораётгани, расмий учрашувлар ўтказиш имкониятини берувчи майдонлар ва улардаги прожекторлар минимал талабларга мосланганидан келиб чиқиб, 2025 йилдан бошлаб жамоалар сонини ошириш режалаштирилди. 

Суперлиганинг 2024 йилги мавсумида 14та жамоа ғолиблик учун рақобатлашади. Якунда сўнгги ўринни эгаллаган 1та жамоа мусобақа билан хайрлашади. Унинг ўрнига Пролиганинг дастлабки икки жамоаси Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. Яна 1 та йўлланма эса Суперлиганинг 12-13 ҳамда Пролиганинг 3-4 жамоалари ўртасида ўйналади. Бунда Про лиганинг 4-жамоаси уй ўтиш ўйинида Суперлиганинг 12-жамоасини, Пролиганинг 3-жамоаси эса уй ўтиш ўйинида Суперлиганинг 13-жамоасини қабул қилади. Ҳар икки беллашув ғолиблари нейтрал майдонда Суперлиганинг 16-иштирокчиси номига ойдинлик киритади. 

Бундан кўриш мумкинки, Суперлигада 12-ўрин билан кифояланган жамоа ҳам 2025 йилги мавсумни Про лигада ўтказиши, Про лиганинг тўртинчи жамоаси эса аксинча, Суперлига йўлланмасига эга чиқиши мумкин. Муҳими, барчаси спорт принципларидан келиб чиқиб, амалга оширилади», - дейилади ПФЛ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Суперлига иштирокчилари 2017 йилги мавсум якунларига кўра, ЎФА собиқ президенти Умид Аҳмаджонов ташаббуси билан 16тадан 14тага қисқартирилган эди.

Мавзуга оид