Жаҳон | 11:13 / 13.12.2023
3716
3 дақиқада ўқилади

Давлат думаси Россия гвардияси ҳақидаги «фейклар» учун жазо чораларини киритди

Россия парламентининг қуйи палатаси Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришларни маъқуллади, унга кўра Украинада жанг қилаётган Россия гвардиясининг «кўнгиллилари»га нисбатан «обрўсизлантириш» ва «фейклар» учун жавобгарлик белгиланди.

Фото: ТАСС

Давлат думаси депутатлари учинчи ва охирги ўқишда Россия гвардиясига «ихтиёрий тузилмалар»га эга бўлиш, шунингдек уларни танқид қилганлик учун жазолаш имконини берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда 12 декабр, сешанба куни Россия парламенти қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатга кўра, Россия Жиноят кодексининг ҳарбий «фейклар» бўйича 207.3-моддаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун ишлатилиши мумкин бўлган «Россия Миллий гвардияси қўшинлари»га ҳам татбиқ этилади. Худди шу ўзгартиришлар Жиноят кодексининг 280.3-моддасига Россия ҳарбийларини «обрўсизлантириш» бўйича киритилмоқда. Бундан ташқари, Россия гвардияси ходимлари ҳақидаги эслатма Жиноят кодексининг 284.3-моддасига Ҳаагадаги суд ва Россия иштирок этмайдиган бошқа халқаро органларнинг «қарорларини ижро этишда ёрдам кўрсатиш» бандига қўшилади. Ушбу моддалар учун энг кўп жазо 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир.

Ушбу кўнгиллилар ҳақида эслатма, шунингдек, Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 20.3.3-моддасига киритилган. «Обрўсизлантириш» бўйича маъмурий модда бўйича максимал жазо юридик шахслар учун 1 миллион рублгача жарима ҳисобланади.

Россия гвардияси Украинадаги урушда фаол иштирок этмоқда

Аввалроқ, ушбу қонун лойиҳаси ҳаммуаллифларидан бири, Давлат думасининг Ахборот сиёсати, ахборот технологиялари ва коммуникациялари қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн «кўнгилли тузилмалар»нинг пайдо бўлиши заруратини Россия гвардияси Украинадаги урушда фаол иштирок этаётгани ва у ерда «Мудофаа вазирлиги функциясига ўхшаш» вазифаларни бажараётгани билан асослаган эди.

Ҳужжат Россия гвардиясининг «кўнгиллилари»га Россия Мудофаа вазирлигининг «кўнгилли тузилмалари» аъзолари билан бир хил ҳуқуқларни беради. Хабар қилинишича, ушбу тузилмалардан «мобилизация, ҳарбий ҳолат, қуролли тўқнашувлар шароитида ва аксилтеррор операциялари даврида мудофаа соҳасидаги муайян вазифаларни бажаришда» фойдаланилади.

Россия гвардияси Россия Федерацияси президентининг қарори билан «кўнгилли бўлинмалар»ни ташкил этиши мумкин.

«ФСБ» органларида мажбурий хизмат тўғрисидаги ўзгартиришлар

«Кўнгилли тузилмалар» тўғрисидаги қонун лойиҳасида, шунингдек, Федерал хавфсизлик хизматида, шу жумладан Россия «ФСБ» чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўташга рухсат берувчи тузатишлар киритилади.

Иккинчи фуқаролиги ёки бошқа давлатда яшашга рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлган россияликлар, судланган шахслар, шифокор рецептисиз гиёҳванд моддалар ёки психотроп дориларни қабул қиладиганлар, шунингдек, «чет эл агентлари» бундан мустасно.

 

Мавзуга оид