Жаҳон | 22:49 / 13.12.2023
17516
5 дақиқада ўқилади

Исроил Бен Гурион канали лойиҳасига қайтиши мумкинми?

Исроилнинг Ғазода ҲАМАСни йўқ қилиш ҳақидаги ваъдаларидан кейин, Бен Гурион канали лойиҳасига қизиқиш тикланаётгани ҳақида гап-сўзлар кўпаймоқда. Ўрта ер денгизини Ақаба кўрфази ва Қизил денгиз билан боғлайдиган канал лойиҳаси Сувайш каналига рақобатчи сифатида тақдим қилинади.

Сувайш каналидан ўтаётган контейнер-кема / Фото: Khaled Desouki / AFP

Тел-Авив бу канални Сувайш каналига қарши тижорий рол ўйнашдан ташқари, кўп қиррали лойиҳага айлантиришни режалаштирган. У сув йўли атрофида кичик шаҳарчалар, меҳмонхоналар, ресторанлар ва тунги клублар қуришни мақсад қилган. Бир неча экспертлар фикрича, Исроилнинг Ғазо секторидан ҲАМАСни йўқ қилиш истаги ортидаги сабаблардан бири – Бен Гурион канали лойиҳасини қуришга бўлган қизиқишдир.

Бен Гурион ким?

Давид Бен-Гурион (1886-1973) – Исроилнинг асосчиси сифатида танилган полшалик таниқли сионист лидер. У сионистик жангариларга фаластинликларни ўз ерларида оммавий портлатишга буйруқ берган ва бутун дунёдан яҳудий муҳожирларнинг Фаластинга кириб келишига ёрдам берган шафқатсиз одам сифатида тасвирланган. У 1948 йилда Исроилнинг биринчи бош вазири лавозимида ишлаган.

Бен Гурион канали қандай лойиҳа?

Фото: The New Arab

Бен Гурион канали лойиҳаси 1960 йилларда Исроил томонидан Қизил денгизни Ақаба кўрфазининг жануби орқали Ўрта ер денгизи билан боғлаш лойиҳаси эди.

Маршрут Эйлат порт шаҳри ва Иордания чегараси орқали, Арава водийси орқали Негев (Нақаб) тоғлари ва Иордания тоғлари ўртасида тахминан 100 километр масофада ва Ўлик денгиз ҳавзаси олдидан ғарбга бурилиб, водийдан ўтиши режалаштирилган эди. Кейин у Ғазо секторини айланиб ўтиши ва Ўрта ер денгизига уланиш учун яна шимолга йўл олади.

Исроил давлатининг асосчиси Девид Бен-Гурион номи билан аталган лойиҳа 1960-йилларнинг охирида ишлаб чиқилган бўлиб, Европа ва Осиёни боғловчи асосий юк ташиш йўли бўлган Сувайш каналига муқобил йўналиш яратишга интилди.

Исроилни Бен Гурион каналини қуришдан нима тўхтатган?

Бен Гурион каналининг тахминий қиймати 100 миллиард долларни ташкил этади, бу – Сувайш каналини кенгайтириш ва унинг транспорт муаммосини ҳал қилиш учун керак бўлган харажатлардан анча кўп.

АҚШнинг 1960-йиллардаги ўрганишларига кўра, тахминий режа – “Негев чўли бўйлаб Ўлик денгиз каналини қазиш” учун 520 та ядро бомбасидан фойдаланишни назарда тутган. Унда ҳар бир мил учун 2 мегатонли тўртта қурилма керак бўлиши тахмин қилинган, бу “520 та ядро” ёки 1,04 гигатон портловчи моддалар деб ҳисобланган. Бундай юқори қазиш харажати учун ядровий қазиш варианти таклиф қилинди. Бироқ ядровий ҳалокат хавфи бу мақсаднинг амалга ошмаётганининг асосий сабабларидан биридир.

Географик чекловлар: Бен Гурион каналининг режалаштирилган маршрути Сувайш каналидан 100 км дан ортиқроқдир, бу биринчи навбатда рельеф ва топографиянинг чеклангани билан боғлиқ. Агар қурилган бўлса ҳам, кўплаб кемалар эскироқ, қисқароқ маршрутни афзал кўришлари мумкин.

Ҳарбий таҳдид: Ҳар куни миллиардлаб долларлик юкларни ташувчи Бен Гурион канали ҲАМАС ракеталари ёки Исроил ҳужумлари туфайли доимий ҳарбий таҳдид остида қолади. Яъни минтақавий хавфсизлик жиҳатидан бу лойиҳа ҳануз амалга ошмаяпти.

Ғазонинг Исроил назоратига ўтиши канални ҳарбий таҳдидлардан озод қилиши мумкин

Яқинда уруш туфайли оммавий ахборот воситаларида Бен Гурион канали лойиҳаси эслана бошланди. Чунки канал лойиҳасининг якуний нуқтаси – Ўрта Ер денгизига чиқиш қисми Ғазо сектори ичига ёки яқинига (Ашкелон) тўғри келади.

Исроил қамал остидаги секторга ҳужум бошлаганидан бери, Фаластин Марказий статистика ююроси маълумотларига кўра, камида 400 минг фаластинлик Ғазо секторининг шимолидан жанубига кўчирилган. Исроилнинг секторни қайта ишғол қилишини айрим таҳлилчилар эски лойиҳани жонлантириш учун янги имконият деб талқин қилмоқдалар.

Агар амалга оширилса, Бен Гурион канали тектоник ўзгаришларга олиб келади, чунки у Сувайш каналига соя солади. Лойиҳа Исроилни жаҳон юк ташиш ва жаҳон савдо марказига айлантиради. Миср эса Африка, Осиё ва Европа ўртасидаги энг қисқа йўлда монополиясини йўқотиб, иқтисодиётига катта зарбани қабул қилади.

Бу канал ғояси баъзилар учун утопик сионистик орзу бўлиб кўриниши мумкин, лекин Исроил давлатининг ўзи ҳам аввалбошда сионистик бир орзу эди.

Сабина Латипова

Мавзуга оид