Нетаняҳуга танбеҳ берган Байден, россияликларни ҳайдаётган Туркия, АҚШдан қуруқ қайтаётган Зеленский — кун дайжести
Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништириб борамиз.
Исроил Ғазонинг марказида жойлашган Ал-Мағазий қочқинлар лагерини бомбардимон қилди. Юзлаб инсонлар ўлган ва ярадор бўлган. Қутқарувчилар вайронлар остидан тинч аҳоли вакилларини жасадларини чиқариб олишмоқда ва Ал-Ақсо шаҳидлари касалхонасига элтишмоқда.
67 кундан буён давом этаётган ноинсоний агрессия оқибатида Ғазода ўлдирилганлар сони камида 18 минг 412 кишини ташкил қилмоқда. Минглаб инсонлар бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиқ инсон ярадор қилинган
Бирлашган миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Миср ва Мавртиания томонидан таклиф қилинган, Ғазода ўт очишни тўхтатиш юзасидан юздан ортиқ давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам қўллаган резолюцияни қабул қилди. Ҳар доимгидек, АҚШ ва Исроил бунга қарши овоз берди.
Афсуски, Бош Ассамбля резолюцияларини бажариш мажбурий эмас, тавсиявий характерга эга. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажбурий статусдаги резолюцияларига беписанд Исроилга бу чоралар кор қилмайди.
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторининг шимолида жойлашган Жабалиядаги Камол Адван шифохонасининг 70 дан ортиқ тиббиёт ходимларини ҳибсга олганини CNN хабар қилган. Афтидан, ЦАҲАЛга Ғазодаги ҳар қандай инсон ҲАМАС жангариси бўлиб кўринаяпти.
Исроил армияси Ғазода ҲАМАС томонидан барпо этилган тоннеларни Ўрта Ер денгизи суви билан тўлдиришни бошлаб юборганини ёзмоқда The Wall Street Journal нашри. Нашр бу янгиликни Исроилдаги операциядан бохабар америкалик манбасига таяниб ёзган. ЦАҲАЛ махфийликни пеш қилиб изоҳ беришдан бош тортган.
The Wall Street Journal манбаси кўра, тоннелларни денгиз сувига тўлдириш учун бир неча ҳафта кетишини таъкидлаган. Аввалроқ, бу режадан хабар топган экологлар бу Ғазодаги ерости чучук сувларини истеъмолга яроқсиз ҳолга келтиришидан огоҳлантиришган эди.
Бу орада АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни мамлакат ҳукуматини ўзгартиришга чорлаб, кескин чиқиш қилди. Жо Байденга кўра, Исроил Ғазо секторига бостириб киргач, халқаро қўлловдан шиддат билан маҳрум бўлмоқда.
Америкага сафар қилган Украина президенти Пентагонда америкалик ҳарбийлар билан учрашди, Сенатда чиқиш қилди ва Оқ уйда Жо Байден билан юзма юз суҳбат қурди. Учрашув ниҳоясида Байден ва Зеленский қўшма матбуот анжумани ўтказишди.
Агар Сенат ва Конгресс томонидан қўшимча ёрдам маъқулланмаса, 200 млн доллар Украинага ўтказилган сўнгги траншлардан бири бўлади, деди Байден.
«Биз Путинни тўхтатмасак, бутун дунёни хавф остида қолдирамиз. Биз шуни тушунимиз керакки, республикачилар Украинага ёрдамни блоклаганда Россия байрам қилади. Имконият бор экан,АҚШ Украинага қурол-яроғ етказишни давом эттиради, бироқ қўшимча ёрдамсиз пул тез орада тугайди», деган АҚШ президенти.
Байден Америка Украинанинг ғалабасини хоҳлашини, Украина ўзини ўзи мудофаа қила оладиган суверен давлатга айланиши ва Россия билан урушда ғалаба қозонилгач, албатта НАТО аъзоси бўлишини ҳам таъкидлаган.
Ўз навбатида Украина президенти Володимир Зеленский 2022 йилнинг февралидан буён Украина Россия оккупация қилган ҳудудларнинг 50 фоизини озод қилганини таъкидлаган.
“Ҳозир биз осмонда устунликка эга бўлиш устида ишламоқдамиз, бу бизнинг 2024 йилдаги позициямизни мустаҳкамлайди. Бизнинг денгиз экспортимиз ишга тушди ва 5 фоиздан ўсиб бораётган иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда”, — деди Зеленский.
Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Зеленский Украина ҳеч қачон Россия фойдасига ўз ҳудуларидан воз кечмаслигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Зеленский билан учрашувдан сўнг Байден Украинага 200 млн доллар ёрдам ажратилишини эълон қилди. Аммо, Зеленский америкалик сенаторлар ва республикачиларни 61,4 миллиард долларлик йирик ёрдам ажратилишига кўндира олмаган кўринади.
Оқ уй раҳбари агар Конгресс қўшимча молиялаштиришни тасдиқлашга улгура олмаса бу Владимир Путин учун “Рождествога энг катта совға” бўлишини таъкидлаган.
Республикачилар Украина ва Исроилга ёрдам бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини АҚШнинг жанубий чегараларидаги миграция сиёсати ва хавфсизликни таъминлашни қатъийлаштиришни талаб қилиб, ортга суриб келишмоқда.
АҚШ разведкаси Украинадаги уруш Россия армиясини тараққиёт даражаси бўйича 2005 йилга қайтарганини маълум қилган.
Америка разведкачиларининг фикрича, Россиянинг Украина шарқидаги босқинининг шу йил куз-қиш ойларидаги бош мақсади ғарб қўлловидан маҳрум қилиш бўлган, деб ёзади The New York Times. Бу режалар Россияга жанг майдонида катта стратегик муваффақият олиб келмаган, аксинча улкан йўқотишларга дучор қилган. Оқ уйи миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон хонимга кўра, РФ армиясининг октябрдан бошланган қарши ҳужуми чоғида 13 мингдан ортиқ аскари ҳалок бўлган, 220 дан зиёд ҳарбий машиналар яксон қилинган.
Яна бир махфийлиги очилган докладга кўра, уруш бошидан буён Россия армиясининг 315 минг аскари ҳалок ёки ярадор бўлган. Бу шахсий таркибнинг 80 фоизини ташкил этади. Уруш бошида Россияда мавжуд бўлган 3500 та танкдан 2200 таси йўқотилган. Уруш Россиянинг қуруқликдаги қўшинларини модернизация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини 15 йил орқага силтаб ташлаган.
Оқ уй бу маълумотларни республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндириш важидан ошкор қилгани тахмин қилинмоқда.
Украинадаги уруши мавзуси тобора одамларни зериктирмоқда. У Google’нинг қидирув сўровлари ўнлигидан ҳам тушиб кетган.
Google Trends маълумотлари анализига кўра, 2023 йилнинг энг машҳур сўрови Ғазодаги уруш мавзуси бўлиб турибди. Шунингдек, “Титаник” қолдиқлари олдида “Титан” батискафи портлаши, Туркиядаги зилзилалар, АҚШ ва Канададаги учта довул, АҚШнинг Мэн ва Теннеси штатларидаги отишмалар, ҳиндларнинг Ойга учирган «Чандрайан-3» миссияси ва Судандаги уруш ўнликдан жой олган.
Россиянинг Украинага босқини 2022 йилда қидирувдаги энг бош мавзуга айланган эди.
Туркияда истиқомат изни бериш оммавий тарзда рад этила бошлагач, мамлакатни 53 мингдан зиёд Россия фуқароси тарк этган.
Йил бошидан буён Туркияда доимий асосда бўлиб турган россияликларнинг сони 34 фоизга камайган. Туркия миграция ишлар бўйича бошқарамасининг маълумотларига кўра, 2022 йилда истиқомат изини қўлга киритган хорижликлар ўртасида Россия фуқаролари энг олдинда бўлган: уларга 154 мингта рухсатнома берилган. Россиялик мигрантларнинг норасмий пойхати — Анталя шаҳрини шу йил ёз фасллари ва сентябр ойида 17 минг одам тарк этган.
Россиялик ва беларуслик фуқаролар учун истиқомат изни беришни тақиқлаш қарори Анқарадан келгани таъкидламоқда Туркиянинг Муғла вилояти ҳудудларидан бирининг маъмурияти. Унга кўра, 2022 йил февралидан сўнг истиқомат изни олганларнинг барчасига рад жавоби берилмоқда.
АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилди. Рўйхатда 250 та компания, 23 киши ва учта кема: «Аркадий Чернишев», «Капитан Якубович» ва «Мария» бор.
Санкциялар нафақат россияликларга, шунингдек, Покистон, Хитой, Туркия, Жанубий Корея фуқароларига ҳам жорий этилган. Санкцияга тушган компаниялар орасида БАА ва Хитой фирмалари, шунингдек Сингапур, Тожикистон, Қирғизистон, Малдив ва Швейцария етказиб берувчилари ҳам бор.
Европа Иттифоқи кенгаши эса Россия билан санкция остидаги товарлар савдо-сотиғини йўлга қўйган ёки россияликларга тақиқланган хизматларни кўрсатаётганларни 5 йил қамоқ билан жазолашни режалаштирмоқда.
Швейцария банклари Россия миллиардерларининг музлатиб қўйилган пулларини сақлаш учун комиссия олишни бошлаб юборди. “Ведомости” нашрининг ёзишича, вазиятдан хабардор манбалардан бири ҳисоб-рақам очган инсон бу хизматдан фойдалана олаяптими-йўқми, хизмат барибир кўрсатилишда давом этмоқда, шу сабабли хизмат учун комиссия ҳаттоки келгуси йиллар учун аввалдан олинаверади, дея тушунтирган.
Еврокомиссия эса Россиянинг музлатилган активларидан даромадларни йиғиб, 2027 йилгача Украинага 15 млрд евро ёрдам қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади Financial Times.
Венгрия агар Европа Иттифоқи унга тегишли миллиардларни қайтарса Украинанинг молиялаштирилишига тўсқинлик қилмайди. Бош вазир Виктор Орбаннинг маслаҳатчиси Bloomberg нашрига берган интервюсида Будапешт мамлакатдаги демократия билан боғлиқ муаммолар туфайли Евроиттифоқ томонидан тўхтатиб турилган 30 млрд еврони қўлга киритишдан умид қилаётганини айтган.
Мавзуга оид
14:38
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024