Ўзбекистон | 14:56 / 13.12.2023
8457
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонларни йўқ қилганлик учун жарималар миқдори 10 бараварга оширилди

Табиатга етказилган зарар миқдори ҳайвон турига ҳамда овлаган шахснинг фуқаролигига қараб 300 минг сўмдан 400 минг АҚШ долларигача ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонларни йўқ қилганлик учун ундириладиган жарималар миқдори 10 бараварга, ўсимликларни ўсишдан тўхташ даражасида шикастлантириш ёки йўқ қилганлик учун 5 бараварга оширилди.

Эндиликда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бир бош қушни ноқонуний овлаганлик учун чет эл фуқароларига 30 минг доллар, Ўзбекистон фуқароларига эса 105 млн сўм жарима тўлайди. Шундай турдаги қушларнинг бир дона тухуми эса қушни йўқ қилганда табиатга етказилган зарарнинг 40 фоизи миқдорида баҳоланади. Бу Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қушнинг 1 дона тухуми 12 минг доллар ёки 42 млн сўм бўлади дегани.

Қоплон, тарғил сиртлон, илвирс каби ҳайвонлар ноқонуний овлагани учун Ўзбекистон фуқаролари 3 млрд 150 млн сўм, чет эл фуқаролари эса 400 минг доллар табиатга етказилган зарарни тўлашларига тўғри келади. Рўйхатдан судралиб юрувчи ҳайвонлар, умуртқасиз жониворлар ҳамда балиқлар ҳам жой олган.

Жаримаси энг арзон ҳайвон ўрмон, қишлоқ ва овчилик хўжалиги зараркунандаларига, хавфли инфекцияларни тарқатувчиларга кирмайдиган бошқа сут эмизувчилар ҳисобланади. Мазкур турдаги ҳайвонларни ноқонуний овлаганлик учун 350 минг сўмга яқин, чет эл фуқаролари эса 50 доллар жарима тўлайди.

Олдинроқ Навоийда фуқаро Қизил китобга киритилган она-бола жайронни ўлдиргани ва табиатга 33 млн сўм зарар етказгани аниқланганди.

Мавзуга оид