Жаҳон | 14:58 / 14.12.2023
12839
9 дақиқада ўқилади

 “Бу фақат Венесуэланинг лойиҳаси эмас” — Гайана Эссекибо инқирозига геосиёсий контекст

Гайанани аннексия қилиш – фақат Мадуронинг лойиҳаси эмас. Венесуэла президенти – Владимир Путиннинг энг яқин иттифоқчиларидан. Россия ва Хитой АҚШ ва коллектив ғарбни ҳолсизлантириш учун янги уруш ўчоқларини яратишга уриняпти, дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Украин ва Ғазо бўлгасидаги ҳарбий ҳаракатлар фонида Жанубий Америкада ҳам яна бир уруш вулқони отилиши мумкин. Венесуэла қўшни Гайана ҳудудини куч билан босиб олишга қаратилган ҳаракатларни бошлади. “Геосиёсат” дастури сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг бу мавзу борасидаги фикрлари билан қизиқди.

Венесуэла нима учун Гайана ҳудудига даъво қиляпти?

— Лотин Америкаси бўйича мутахассис эмасман, аммо сўнгги 10 кунда бу минтақадаги воқеаларни кузатиб, маълумотларни ўрганишга ҳаракат қиляпман. 3 декабр куни Венесуэлада референдум бўлиб ўтган ва 93-95 фоиз аҳоли Гайанани қўшиб олишга овоз берган. Аммо Ғарб матбуоти хабарларига кўра, бу референдумда аҳолининг бор-йўғи 10 фоизи иштирок этган. Яъни бу референдумнинг легитимлиги унчалик юқори эмас. Аҳолининг кўп қисми қатнашганда, уларнинг ҳақиқий хоҳиш-истаклари яхши кўринар эди. Иштирок этмаслик эса ҳукумат лойиҳаларини қўлламаслик ёки бефарқликни билдиради.

Референдумда 5 та савол қўйилган. Улардан бирида халқаро жиноий судга ҳам муносабат билдирилган. Яъни Венесуэла Гайанани аннексия қилгач, судга берилишга ҳам тайёргарлик кўряпти.

Гайана ва Венесуэла ўртасидаги зиддият тарихи жуда узун. Лотин Америкаси кашф этилгандан буён Гайана турли давлатлар назоратида бўлган. Дастлаб Голландия ўз назоратини ўрнатган, кейин Англияга ўтган, Франция билан Англия бу ҳудуд учун зиддиятларга борган. 20-асрда Венесуэла ва Гайана ўртасида кўплаб тўқнашувлар бўлган, булар сиёсий ва суд даражасида ҳам бўлган, судлар Англия фойдасига ҳал бўлган. Шу пайтга қадар Венесуэла Гайанани мустақил давлат сифатида тан олмаган, бизнинг ҳудуд деган даъволари бор ҳали ҳам. Бу конфликт тарихи узун ва бу ерда Лотин Америкаси цивилизацияси учун курашган икки томон бор: англосаксонлар ва лотин дунёси (испан, португаллар). Испания ва Португалия Лотин Америкасидаги католик цивилизациясининг асосчилари ҳисобланади.

Гайананинг соҳил қисмида жуда катта нефт конлари топилган. Бу ерда Америка компаниялари иш олиб боради. Бу ҳудудда ҳозиргача аниқланган нефт ҳажми 11 млрд баррелдан ошади. Экспертлар фикрича, бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Лотин Америкасидаги жон бошига ЯИМ бўйича энг катта ўсишга эришган давлат айнан Гайана. Охирги 3 йилда ЯИМ 300 фоизга ошган – жуда катта ўсиш. Қолаверса, 2018 йилда жон бошига ЯИМ 7 минг доллар бўлган бўлса, 2022 йилга келиб эса 21 минг доллар бўлган. Кескин ўсиш бу. Аҳолиси кўп эмас, 700 мингга яқин. Туғилишлар сони яхши, лекин кўчиб кетиш ҳам жуда кўп. Давлат ҳудуди Ўзбекистоннинг учдан бирига тўғри келади.

Венесуэла ҳудуди эса Ўзбекистондан 2 баробар катта. Лекин аҳолиси 28 млн. Айни пайтда Венесуэла дунёда 2-ўринда турадиган нефт захирасига эга. Лекин шундай бўлса ҳам, Гайананинг бир қисмини босиб олмоқчи.

Бу конфликт глобал ҳамжамият учун қандай мессежлар беради?

— Дунё геосиёсатида тектоник ўзгаришлар кетмоқда. 2022 йил февралида Россиянинг Украинага босқинидан сўнг Россия ва НАТО уруши бошланди, дейиш мумкин. Бу урушга 2 йил бўляпти ва Путин бу конфликтни коллектив ғарб ва глобал жануб ўртасидаги урушга айлантиришга муваффақ бўлди. Яқин Шарқдаги вазият қўшилди, АҚШ ва Хитой ўртасидаги кристаллашган тўқнашувга тайёргарлик кетяпти. Энди эса Венесуэла. Айтиш керакки, Венесуэла президенти Мадуро – Путиннинг яқин иттифоқчиси. Эрон, Туркия каби давлатлар ҳам яхши муносабатда. Шаклланаётган глобал жануб давлатлари АҚШнинг геосиёсий қудрати пасайишидан манфаатдор.

Мадурога ҳокимиятини сақлаб қолишида Путин ёрдам берган эди. Путин каби катта сиёсатчилар яна нима қилсак Вашингтон ва Брюсселни янада заифлаштирамиз, деган тафаккур билан иш кўришади. Шу маънода фронтлар кўпайтирилмоқда. Агар Путинга ёки глобал жануб вакилларига қайсидир жойда конфликт пайдо қилиш орқали ғарбга зарба бериш мумкин, деган таклиф берилса, улар буни амалга оширади. 2021 йилда Афғонистондан чиқиб кетган Вашингтон Путин ва глобал жануб тафаккурида глобал таъсирни сақлаб қолиш учун етарли ҳарбий-технологик кучга эга эмас. Моддий, иқтисодий жиҳатдан коллектив ғарб кучли, аммо урушга нисбатан иродаси заиф, деган хулосага келинган. Шу сабабли ҳам Украина уруши бошланди. Яқин Шарқда уруш бошлангач, ғарбнинг ресурслари ўша ерга қайтарилди ва Украина ўз ҳолига ташланди. Шу фонда Мадуро майдонга чиқмоқда.

Венесуэладаги референдум, Мадуронинг баёнотлари аввало АҚШ ва Англияга чақириқ ҳисобланади. Чунки Гайана тарихан Англиянинг мустамлакаси бўлган, 1966 йил мустақил бўлган. Бугунги кунда давлат тили инглиз тили ва Англияга яқин давлат. Аммо Англия ҳам, ғарб ҳам ҳеч нарса қилолмаяпти. Умуман, АҚШ ва ғарбда изоляционизм кучайиб боряпти, яъни ташқи дунёга кўп пул сарфлаяпмиз, шуни ўзимизга ишлатиш керак, деган тафаккур. АҚШдаги иккала партияда ҳам шундай қарашлар кучаймоқда.

АҚШ ва Британия Гайанани ҳимоя қилишда ҳарбий жиҳатдан қўллайдими?

— Ҳарбий қўллов бўлиши мумкин. Аммо Мадуро ҳам АҚШ ва Англия аралашувини ҳисобга олган деб ўйлайман. АҚШга учта фронтда жуда қийин бўлади, унинг учун асосий фронт [ҳали очилмаган] – Тайван атрофидаги Хитой билан кураш. Экспертлар фикрича, совет иттифоқи қулагач, коллектив ғарб мутлақо либерализм ғалаба қилди, деган тафаккур билан асосий эътиборни иқтисодий томонларга қаратиб, ҳарбий саноат комплекси ривожига эътибор пасайди. Кейинги ярим йилда Украинага берилаётган ҳарбий ёрдамлар ҳам камайиб бормоқда. Чунки АҚШ ва ЕИда ишлаб чиқарилаётган ўқ-дорилар миқдори бир нечта фронтларга етарли эмас. Шуларни ҳисобга олган Мадуро ҳам ҳаракат бошлади.

Бу ерда сиёсий манипуляцияга мойиллик ҳам бор. Бекорга бу вақт танланмади, чунки АҚШ келаси йил сайловлар билан банд бўлади. Изоляционистлар ёки Трамп ҳокимиятга келса, улар ташқи дунёга ёрдамни камайтиради, АҚШ ва коллектив ғарбнинг глобал майдонга эътибори ва ёрдам борган сари пасайиб бориши давом этаверади.

Ҳозирги ишлар фақатгина Мадуронинг лойиҳаси эмас. Россия, Хитой, умуман, глобал жануб давлатлари бамаслаҳат иш қиляпти, дейиш мумкин.

Мадуро АҚШ билан нефт борасида савдолашган бўлиши мумкинми?

— Мадуро ва АҚШ ўртасидаги савдолашув ҳақида бир неча ойдан бери маълумотлар келяпти. Яқин Шарқда конфликт бошланишидан олдин АҚШ Венесуэла билан ёпиқ эшиклар ортида келишиб бошлаган эди. Сабаби декабр ойида Россияга қарши (нефт ва газга нисбатан) янги санкциялар пакети эълон қилиниши керак эди. Аммо кутилмаганда Яқин Шарқда конфликт бошланди. АҚШ Россияга санкциялар ортидан нефт нархи ошмаслиги учун Венесуэла билан келишмоқчи эди.

Аммо Путиннинг БАА ва Саудияда қандай кутиб олинганини кўрдик. Шундай бир фонда Путин ўз геосиёсий ўйинини глобал майдонга чиқарди. Фронтлар кенгайиб, ғарб ва жанубнинг кристаллашган зиддияти юзага чиқди.

Аввалдан муаммолар, конфликтлар бор бўлган шундай нуқталарда уруш бошланиши хавфи борми энди?

— Албатта, шундай хавф бор деб ўйлайман. Экспертлар назарида, ҳозирги кунда АҚШ ва Хитой ўртасидаги дунё ҳокимияти учун бўладиган тўқнашув аниқ юз берадиган воқеликка айланди. Халқимиз тилида айтсак, битта қозонда икки қўчқор калласи қайнамайди. Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий урушлар Обама давридаёқ бошланган эди, Трамп даврида янада кристаллашди, Байден даврида ҳам давом этмоқда. Хитойнинг ўсишини тўхтатиш АҚШнинг стратегик вазифаси экани ҳаммага маълум. Шу фонда Хитой ҳам ҳарбий урушга тайёрланмоқда.

Россия ва Хитой АҚШ ва коллектив ғарбни ҳолсизлантириш учун бир қанча уруш ўчоқларини яратишга уриняпти. Венесуэла ва Гайана ўртасидаги конфликт ҳам шулар жумласидан.

Гайананинг қўшниси бўлган Бразилия Венесуэла тарафда. Умуман, Лотин Америкаси давлатларида аксиламерика кайфияти кучли. Бу кайфият сўнгги 30-40 йилдан бери бор. 50-80-йилларда АҚШнинг бу минтақага аралашуви натижасида унга нисбатан ишончсизлик юқори. Асли аргентиналик бўлган Рим папаси шу омил туфайли Украинани тўлиқ қўлламади. Ҳозирги Бразилиянинг АҚШга нисбатан муносабати иккита омилда шаклланган: бири бутун дунёдаги аксиламерика кайфияти бўлса, иккинчиси Лотин Америкасидаги аксиламерика кайфияти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид