Ғазодаги кучли ёмғирлар, Венгрияга 10 млрд евро, ҳужумдан тикланаётган «Киевстар» — кун дайжести
Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.
Ғазодаги вазият
БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазо секторидаги зулмни тўхтата олмаяпти, деган БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссари Филиппо Гранди. У Фаластин эксклавида «ўт очишни зудлик билан барқарор тўхтатиш»га чақирган.
БМТ олий комиссари шунингдек, жаҳонда таъқиб, инсон ҳуқуқлари поймол этилиши, зўравонлик, қуролли можаролар ва жиддий фуқаровий тартибсизлик ортидан 114 млн киши ўз тураржойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганини ҳам таъкидлаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ғазо секторида эпидемиологик вазият ҳам кескин ёмонлашмоқда. Ғазода юқимли касалликларнинг 369 мингта ҳолати қайд этилган. Ғазодаги айни мураккаб шароитда ҳаттоки оддий шамоллаш ҳам айниқса ёш болалар ва кексаларда оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.
Ғазода ноқулай об-ҳаво ҳам ҳукмрон бўлиб турибди. У ерда бир неча кундан буён кучли ёмғирлар ёғмоқда, бу эса кўчаларда сув тошқинлари келтириб чиқармоқда ва маҳаллий аҳолининг аҳволини янада танг қилмоқда. Бошқа томондан эса осмондан тушаётган ёмғир сув тақчиллигини бироз енгишга ҳам ёрдам бермоқда.
Ғазо секторида Исроилнинг ерусти операция бошланганидан буён ўлдирилганлар сони 18 минг 608 кишига кетган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Ашраф ал-Қудрат сўнгги 24 соат ичида Ғазодаги касалхоналарга 300 дан зиёд ўлган инсонлар жасади ва 500 дан зиёд ярадорлар келтирилганини айтган. Ал-Қудратга кўра кўплаб инсонларнинг жасади ҳанузгача вайронага айланган бинолар остида.
Ғазодаги воқеаларни ёритиш асносида ҳалок бўлган журналистлар сони ҳам ортиб бормоқда. Шу вақтгача ўлдирилган оммавий ахборот воситалари ходимлари сони 89 нафарга етган. Ғазо сектори ҳукумати куни-кеча яна фаластинлик икки журналист ўлдирилганини эълон қилди.
«Журналистлар Аҳмед Абу Абсе ва Ҳаннон Айёд Ғазо секторида Исроил самолётларининг бомбалаши чоғида ҳалок бўлишди», — дейилади хабарда.
Евроиттифоқ саммити
Бугун ва эртага Европа Иттифоқининг саммити бўлиб ўтади. Саммитда Украинанинг Евроиттифоққа аъзо бўлиши ҳақидаги музокаралар бошланиши ва 2027 йилгача Киевга 50 млрд евро ажратиш масаласи муҳокама қилинади.
Маълумки, бу масалаларга Венгрия жиддий эътироз билдириб келаётган эди. Венгрия бўлиши учун мамлакат демократик йўлдан оғишгани учун блокланган 30 млрд евро пул қайтариб берилиши ҳам талаб қилинган.
Саммит олдидан Венгрияни кўндириш учун ўша пуллардан 10 млрди ажратиб берилган.
Энди Европа Иттифоқи давлатлари Венгриянинг вето қўйиш тўғрисидаги таҳдидидан қўрқмасдан Украинага 50 млрд евро ажратиш борасида келишиб олишлари мумкин. Бу ҳақда бюджет бўйича еврокомиссар Йоҳаннес Ҳаннинг сўзларини Reuters келтирмоқда.
Европа Иттифоқи Украинага 2027 йилгача 33 млрд евро қарз ва 17 млрд евро грант ажратишни евроиттифоқ бюджетига қўшиб қўйишни таклиф қилмоқда. Бу ўзгаришлар Европа Иттифоқига аъзо барча 27 давлат ҳукуматлари томонидан маъқулланиши шарт. Аммо Венгрия ва Словакия бу ташаббусга қарши чиқишларини билдириб келишмоқда.
Швеция бош вазири Улф Кристерссон бугун старт олган Европа Иттифоқи саммитида Украина масаласи бўйича бўлиниш АҚШ га ҳам «нотўғри сигнал» бериб қўйишидан хавотирланмоқда. Унинг фикрича, Европа Вашингтонга Киевни қўллаб-қувватлашда давом этаётганини кўрсатиб қўйиши керак.
Украинага ёрдам
АҚШда Украинага ёрдам ажратилиши эҳтимоли кескин ошди, деб ёзади Bloomberg нашри.
Президент Жо Байден ниҳоят АҚШ чегара сиёсатини қатъийлаштириш бўйича ўзгартиришларни маъқуллашга кўнган. Бу эса Украинага ёрдам ажратиш бўйича ҳар икки партия ягона тўхтамга келиш истиқболларини оширади.
Дания ҳам Украинага янги ҳарбий ёрдам ҳозирламоқда. 1 млрд евролик ёрдам таркибига танклар, дронлар ва ўқ-дорилар киради. 14 декабр куни Дания ҳукумати парламент эътиборига ёрдам пакетини тақдим этади.
«Биз урушнинг критик босқичидамиз. Шу сабабли Украина курашни давом эттириши учун барча зарур нарсаларга эга бўлишини кафолатлашимиз керак», — деган Дания бош вазири Метте Фредериксен.
Норвегия ҳам Украинага 800 миллион долларлик гуманитар ёрдам ва қўшимча NASAMS ҳаво мудофаа тизимларини етказади.
Бу ҳақда бош вазир Йонас Гар Стере маълум қилди. У, шунингдек, Украинага 2023 йилда жами 1 миллиард доллар миқдорида ёрдам кўрсатилганини ҳам эслатди.
Kyivstar’га ҳужум
Украинанинг энг етакчи «Киевстар» мобил алоқа операторига ҳужумни россиялик ҳакерлар ўз зиммасига олди.
Тармоқда чиқиш қилган Россиянинг «Солнцепёк» гуруҳи «Киевстар»га ҳужум ушбу компания Украина қуролли кучлари, давлат органлари ва кучишлатар тизимларини алоқа билан таъминлаётгани учун уюштирилганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, компания абонентлар қўнғироқ қилиш ва интернетдан фойдаланишдан мосуво бўлишган — кутилмаганда қурилмалардан антенна йўқолиб қолган. Компания президенти Комаров «Киевстар»ни компания ходимларидан бирининг қайддан ўтиш ёзуви орқали бузиб киришганини таъкидлаган. Айни пайтда алоқани босқичма-босқич тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Тармоқда украинлар фақатгина кириш қўнғироқлари тиклангани, алоқага чиқиш ва интернетга уланиш ҳам имконли эмаслигини ёзишмоқда.
Германия урушга тайёр эмас
Германия қуролли кучлари — Бундесвер бош қўмондони Карстен Бройернинг айтишича, немис армияси Германияни ҳам, унинг НАТОдаги иттифоқчиларини ҳам ҳимоя қилишга қодир эмас. Буни мамлакат қуролли кучларининг бугунги ҳолатини таҳлил қилишган BILD нашри малум қилган.
Маълум бўлишича, немис армияси зудлик билан қайта қуроллантиришга муҳтож. Бу жараён эса камида 50 йил талаб қилади. Шунда ҳам америкаликлар ёрдам берса!
1990 йилдан буён 2,3 баробар камайган ва 181 мингни ташкил этаётган немис ҳарбий хизматчилар сонини 2031 йилга бориб 203 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
Мамлакатда 1992 йилда 6779 та танк бўлган. Ҳозирда, немис армияси ихтиёридаги бор-йўғи 200 та танкнинг ҳам фақат ярми жангга яроқли. Ҳарбий саноат эса ойига учта танк ишлаб чиқара олади.
Байденга импичмент маъқулланди
Республикачилар бошқарувида бўлган АҚШ Конгресси вакиллар палатаси демократ президен Жо Байденга импичмент бўйича келгуси терговларни ўтказишга изн берувчи резолюцияни маъқуллаган. Байденнинг ўзи импичмент бўйича террговни республикачиларнинг «сиёсий трюки» деб атаган. Эслатиб ўтамиз, Байден Обама даврида вице-президент бўлиб ишлаганида пора эвазига ишларни ҳал қилганликда айбланмоқда.
Тожик-қирғиз чегараси муаммоси
Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги баҳсли ҳудудларнинг 90 фоизини келишиб олди.
«Биз қарийб барча баҳсли масалаларни ечдик. Чегараларни маъқуллашни узил-кесил якунлаш учун бир неча учрашув қолди», — деган Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Боткендаги учрашувда.
«Ансоруллоҳ» яна кемага ҳужум қилди
Яманнинг қуролланган «Ансоруллоҳ» гуруҳи Сувайш канали томон йўналган нефт танкерига ҳужум қилган.
Associated Press ахборот агентлигининг ёзишича, ҳусийчилар Маршалл ороллари байроғи остида ҳаракат қилаётган Ҳиндистондан нефт ортиб Сувайш канали томон йўналган қуролланган танкерга Боб ал-Мандиб бўғозида иккита ракета билан ҳужум қилган.
Исроилдан воз кечаётган Puma
Puma спорт компанияси вакили немис фирмаси Исроил футбол ассоциацияси билан шартномани узайтирмаслиги ва Исроил терма жамоасига келгуси йилдан ҳомийлик қилишини тўхтатишини эълон қилган.
Гарчи бу қарорга Ғазога Исроил агрессияси рўй беришидан аввал келингани иддао қилинаётган бўлса-да, Financial Times нашри қарорга молиявий нуқтайи назардан, Puma компаниясининг кенг қамровли стратегик режаси сабаб бўлганини ёзган.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024