Ўзбекистон | 19:27 / 14.12.2023
4956
4 дақиқада ўқилади

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2022 йил якунлари бўйича натижалари муҳокама қилинди

14 декабр куни Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирни Сенат раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Йиғилишда кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, шу жумладан Адлия вазирлиги вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, 2023 йил давомида мамлакат учун устувор бўлган ижтимоий-иқтисодий соҳага оид 9 та, сиёсий-ҳуқуқий соҳада 10 та халқаро рейтинг натижалари эълон қилинди. Хусусан, Transparency International халқаро ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 14 поғонага кўтарилиб, 180 та давлат орасида 126-ўринни эгаллади.

Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Х.Мелиевнинг Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2022 йил натижалари бўйича ахбороти тингланди ҳамда муҳокама қилинди. Таҳлилларга кўра, энг яхши кўрсаткич Сурхондарё вилоятида (72,5 балл) қайд этилган бўлса, энг қуйи кўрсаткичлар Фарғона (66,3 балл), Самарқанд (66,4 балл) ва Бухоро вилоятларида (67,7 балл) қайд этилган.

Ҳудудларда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши индикаторида ижобий кўрсаткичларга (2022 й. 81 балл, 2021 й. 73 балл) эришилган бўлса, Маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати (-15 балл), Ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлиги (-5 балл) индикаторларида умумий натижалар пасайган.

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2022 йилги таҳлил натижалари бўйича паст кўрсаткичлар қайд этилган соҳалар ҳамда ҳудудлар кесимида танқидий муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда президентнинг 2022 йил 18 майдаги «Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда илмий салоҳият ва амалий фаолият уйғунлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–246-сонли қарори ижроси кўриб чиқилди.

Жумладан, халқаро рейтингларнинг таркибий индикаторларида мунтазам паст баҳоланиб келинаётган соҳа ва тармоқларни жадал ривожлантириш бўйича қабул қилиниши керак бўлган ўрта ва узоқ муддатли стратегиялар лойиҳалари муҳокама қилинди.

Қолаверса, халқаро рейтингларнинг паст кўрсаткичли индикаторлари учун масъул давлат органлари томонидан соҳа ва тармоқлардаги мавжуд тизимли хатоликларни бартараф этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун илмий грантларга буюртма бериши ҳолати танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Йиғилишда мамлакат учун устувор этиб белгиланган рейтинглар методологияларининг тез-тез ўзгариб туриши, уларнинг вақтинчалик ёки мутлақо тугатилиши амалиётда муайян қийинчиликларни юзага келтираётгани сабабли халқаро рейтинглар билан ишлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарурати юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Конституцияда «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» экани белгиланиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиниши мамлакат сиёсатининг бош мезони сифатида кўрилаётганидан ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган кенг чора-тадбирлар амалга оширилаётганидан келиб чиқиб, Ижтимоий тараққиёт индекси ва Экологик самарадорлик индекси билан ишлаш мақсадга мувофиқлиги муҳокама қилинди.

Тадбирда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти эшитилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Хусусан, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга, жумладан, Глобал инновация индексининг 2023 йил ҳисоботида қайд этилган паст индикаторлар бўйича Ўзбекистон позициясини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилиш якунида республика кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид