Ўзбекистон | 15:26 / 14.12.2023
33587
8 дақиқада ўқилади

Иссиқхоналар хавф остида: юзлаб тонна маҳсулотлар нобуд бўлмоқда

Бир неча йилдирки, иссиқхоначиликни ривожлантириш кераклиги айтилади. Иссиқхоналар бозорларимизни тўрт фаслда ҳам тўкин бўлишини таъминлашга хизмат қилади, деймиз. Лекин ҳаво ҳарорати тушиб кетиши билан иссиқхона эгаларининг ҳолига маймунлар йиғлайди.

Kun.uz'га келиб тушган мурожаатларга кўра, шу кунларда ҳудудлардаги иссиқхона эгаларининг аксарияти газдан узилиши ҳақида камида огоҳлантирилган, баъзиси эса газдан узилиб, кўз тиккан ҳосилидан маҳрум бўлиб улгурди.

Масалан, 12-13 декабр кунлари газ берилмагани сабабли Бухоро туманидаги “Dilbek Davlat” МЧЖга тегишли 1,5 гектар иссиқхонада экилган 80 тонна помидорларни совуқ урган. “Сабаб” – тадбиркор табиий газга 100 фоиз олдиндан тўлов қилишга улгурмагани.

Бошқа бир иссиқхона – Ромитан туманидаги “Dirilling elektroservis” МЧЖга қарашли иссиқхона эгасининг газдан 124 млн сўм қарзи бўлиб, 100 миллионини тўлаган. Тадбиркор қолган 24 млн сўмни тўлаш учун муддат сўраган. Унинг илтимоси инобатга олинмаган ва иссиқхона табиий газдан узилган. Натижада, 80 тоннага яқин помидор нобуд бўлган.

Савол: бу ерда ким фойда кўрди-ю, ким зарар кўрди? Маҳсулот шу ҳолга келиши учун катта маблағ сарфланган, у нобуд бўлгани кимга зарар?

Тадбиркор қарздорлигининг катта қисмини тўлаяпти ва қолганига муҳлат сўраяпти. У қочиб кетолмайди, барибир қарзни тўлайди. Уни тўлаш учун манбаси бор – иссиқхонасида маҳсулот етиляпти. Аксарият иссиқхона эгалари маҳсулотини қишнинг совуқ кунларида, хусусан янги йил арафасида бозорга олиб чиқишни мақсад қилади.

Тадбиркор 24 млн сўм қарзи учун газдан узилди ва масъуллар иштирокида тузилган далолатномага кўра, унинг 60 тонна помидори нобуд бўлди. Унга имконият берилмади. Энди 60 тонна помидорни пулга чақиб кўрамиз. Бозорда ўртача помидор нархи 20 минг сўмдан кам эмаслигини ҳисобга олсак, иссиқхона эгаси 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ зарар кўрди. Халқ дастурхонига бориши мумкин бўлган шунча маҳсулот яксон бўлди. Бу камида вазиятни тушунмаслик, оддий таҳлилни-да қилолмаслик, инсофсизларча ёндашиш, дейилади.

Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раҳбари Абдураҳим Абдувалиев биз билан суҳбатда аслида вазият бундан ҳам оғирлигини, зотан бир қатор қарорлар ва топшириқлар амалда ижро этилмаётганини маълум қилди.

“2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, барча иссиқхоналар кўмир ёқилғисига ўтказилиши белгиланган. Лекин бу қарор бажарилишига бир қанча тўсиқлар мавжудлиги сабабли президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 август куни Бухорода бўлган йиғилишда: “Бундан буён Энергетика вазирлиги, вилоят ҳокимлари ва иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама шартномалар тузилиши белгиланди, бунда вазирлик вилоят ҳокимлари билан бирга ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва газ) иссиқхоналарга узлуксиз етказиб бериш кафолатини берадидеган эди. Бу гаплар тадбиркорлар учун куч ва далда бўлди.

Тадбиркорларга қўшимча кўмак бериш мақсадида 2023 йил 27 октябр куни Вазирлар Маҳкамасининг 567-сонли қарори имзоланди. Ушбу қарорнинг 2-банди, иккинчи хатбошисида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда иссиқхона хўжаликларига ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва табиий газ) узлуксиз етказиб бериш кафолати назарда тутилади” деб кўрсатилган.

Республикамизда 10-14 декабр кунлари об-ҳавонинг кескин совуши, баъзи ҳудудларда кечқурун –18... –20 даражага тушиб кетиши айтилди. Бу совуқ иқлим иссиқхоналар учун кўпгина ноқулайликларга сабаб бўлди ва бўлмоқда. Шунга қарамасдан, баъзи “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вилоят филиалларида газ босими тушиб кетиши мумкинлиги ва агарда аҳолига табиий газ етказишда қийинчиликлар тўғилса, иссиқхоналар табиий газ ўрнига бошқа тур ёқилғига ўтиш кераклиги бўйича огоҳлантириш хатлари берилган. Лекин “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Самарқанд вилояти филиали Нарпай ва Каттақўрғон туман бўлимлари томонидан берилган 3 ноябр кунги хатга асосан, 8-9 декабр кунларидан бошлаб табиий газ таъминоти тўхтатилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори 111-банди, 2023 йил 15 сентябрдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 4-илова “б” бандига асосан шартномада кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми суммасининг 50 фоиз миқдорида олдиндан тўлов қилиш тартибида табиий газ етказиб берилиши учун етарли деб кўрсатилган. Бироқ “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вилоят филиаллари 100 фоиз олдиндан тўлов қилмагунча табиий газ билан таъминлашдан бош тортмоқда.

2023 йил 10 октябргача бўлган табиий газ етказиб бериш бўйича шартномаларнинг 4.3-бандида олдиндан тўлов 70 фоиз, 5 кун олдин 50 фоиз тўлов амалга ошириш истагида бўлган истеъмолчилар мурожаатига кўра 50 фоиз олдиндан тўловга асосан ишлаши мумкин, дейилган. Лекин 2023 йил 11 октябрдан бошлаб имзоланган барча шартномаларнинг 4.3-банди 100 фоиз олдиндан тўлов қилинади, деб ўзгартирилган.

Шунингдек, 2023 йил 27 октябр куни Вазирлар Маҳкамасини 567-сонли қарорининг “б” бандида: “Тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига ёқилғи сотиб олишга айланма маблағ учун кредитлар ажратилади” деб кўрсатилган. Бироқ тадбиркорлар томонидан кўплаб мурожаатлар бўлишига қарамай, банклар ушбу қарорни бажаришни истамаяпти. Бунинг оқибатида биргина Хоразм вилоятида 42 та тадбиркорнинг 73 гектар иссиқхонасига экилган экинлар табиий газдан бўлган қарздорлиги сабабли газ таъминотига ўлана олмаяпти. Кутилаётган совуқ кунларнинг биринчисидаёқ ушбу тадбиркорларнинг аксарияти мураккаб вазиятга тушиб қолди, ҳосилидан айрилди”, – дейди Абдураҳим Абдувалиев.

Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раҳбарининг қўшимча қилишича, жорий экин йилида мавжуд иссиқхоналарнинг тахминан 60-65 фоизигина экин эка олган. Газ етказиб беришдаги ноаниқликлар, молиявий қийинчиликлар сабабли маҳсулот ҳажми аввалги йилларга нисбатан анча кам бўлиши, кутилаётган совуқ кунларда юқоридаги муаммоларга тез кунларда ечим топилмаса, маҳсулот ҳажми янаям камайиши мумкин. Бу эса бозорларда нархларнинг кескин кўтарилишига олиб келади. Бундан ташқари, бу муаммолар тадбиркорларни банклар олдидаги кредит қарздорлигини тўлай олмаслигига сабаб бўлиши мумкин.

Шу ўринда айрим рақамларга тўхталиб ўтсак. Маълумотларга кўра, юртимизда фаолият кўрсатаётган иссиқхоналарнинг 2446 гектари газда иситилади. 2022 йилда мамлакатда жами 51,7 млрд куб газ сарфланган бўлса, иссиқхоналар учун 487 млн куб, яъни жами харажатнинг тахминан 1 фоизи сарфлаган, холос. Газда иситиладиган иссиқхоналарда 150 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий ишчилар меҳнат қилади. Уларнинг 90 фоизини аёллар ташкил қилади. Бу – ўртача бир туманнинг аҳолисига тенг рақам.

Демак, 150 минг аҳолининг оиласи даромади ҳам шу иссиқхоналарга қаратилган. Мамлакатда истеъмол қилинаётган табиий газнинг атиги бир фоизинигина ташкил қилган маҳсулотни етказиб бера олмаслик миллиардлаб зарарга, нарх-наво кўтарилишига ва ишсизлар сонининг ортиб боришига замин тайёрламоқда. Совуқ кунлар ҳали ўтиб кетмади. Қарорлар ижроси қилинмаслиги сабаб эндигина оёққа тураётган соҳа хавф остида қолмоқда.

Исомиддин Пўлатов,
журналист

Мавзуга оид