Ўзбекистон | 07:53 / 14.12.2023
4627
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЕТТБ 7 та соҳада лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг ўринбосари ва ЕТТБ бош котиби Лондонда бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов Буюк Британияга ташрифи давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бош котиби Казуҳико Когучи билан музокаралар ўтказди.

«Дунё» хабарига кўра, учрашув чоғида Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлаш ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бир қатор истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, банкнинг давлат корхоналари ва банкларини ўзгартириш ҳамда хусусийлаштиришда фаол иштирок этиши, «яшил» ривожланиш, тоза энергия, транспорт, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги, шунингдек, ичимлик суви таъминоти, рақамлаштириш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Бугунги кунда банкнинг Ўзбекистонга киритган сармоялари 3,5 миллиард евродан ошган ва лойиҳа портфелининг 60 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид