Жаҳон | 19:00 / 14.12.2023
74161
15 дақиқада ўқилади

Уруш қачон тугаши, тухум учун узр ва журналист билан сўз ўйини. Путиннинг жонли мулоқотидан асосий гаплар

Путиннинг уруш бошланганидан буён ўтказилган илк жонли мулоқоти тўрт соат давом этди.

Россия президенти Владимир Путин Украинада уруш бошланганидан бери илк марта ўзи россияликларнинг саволларига жавоб берадиган анъанавий онлайн мулоқот – «Прямая линия»да қатнашди. Путиннинг бу галги мулоқоти биратўла матбуот анжумани кўринишида ҳам ўтказилди.

Уруш қачон тугайди?

Россия президентига Украинадаги уруш ҳақида энг кўп савол беришди. Хусусан, тинчлик қачон бўлиши ҳақида сўрашди. Путин тинчлик Россия барча қўйилган вазифаларни бажариб бўлганида ўрнатилишини айтди. Унинг фикрича, уруш бошланишига сабаб бўлган «денацификация», «демилитаризация» ва Украинанинг бетарафлик мақоми ҳамон долзарб ҳисобланади.

«Украинани денацификация қилиш масаласи ҳамон актуал бўлиб турибди. Демилитаризация масаласи биз истагандек кетмоқда дейиш мумкин. Украина Ғарбдаги иттифоқчилар ваъда қилган ҳамма қуролларни ортиғи билан олиб бўлди. Биз иттифоқчилари берганидан кўпроқ қуролларни йўқ қилдик. Украина ҳозир айтарли ҳеч нарса ишлаб чиқара олмаяпти. Тўғри, уларга ҳали кўп қурол беришади, лекин биз йўқ қилишда давом этамиз. Мана бу – демилитаризация.

Иккинчи сафарбарлик тўлқини бўладими? Бу борада кўп гаплар бўлмоқда. Ўтган гал сафарбар қилинганлар ҳақида истеҳзо билан гапиришди, лекин улар жуда зўр жанг қиляпти. Сафарбар қилинганлар орасидан 14 нафар Россия Қаҳрамони чиқди. Бу кўп нарсадан далолат. Жуда кўп россиялик эркаклар қўлига қурол олиб ватанни ҳимоя қилмоқчи. Нега яна сафарбарлик керак?» – деди Путин.

Россия етакчиси мамлакат Европа Иттифоқи билан алоқаларни узмагани, муносабатлар тикланишига эса доим тайёрлигини таъкидлаган.

«Европа Иттифоқи билан алоқаларни биз узганимиз йўқ. Уларнинг ўзи бизни иккинчи, учинчи планга тушириб қўйишди. Украинадаги можаро нимадан бошланганди? Келинг, 3-4 дақиқа вақтимизни аямай бошидан эслайлик. Украинадаги давлат тўнтаришидан. Биринчидан, Янукович сайловда ютгач унга ҳукуматни топширмай сайловда учинчи тур эълон қилинди. Кейин у барибир сайловни ютди. Кейин нима қилишди? Давлат тўнтариши.

Қора денгиз бўйидаги Европа давлатлари доим Россияга мойил бўлган, чунки уларнинг аксари эски Россия ерлари. Украинанинг нима алоқаси бор? Қрим, Одесса рус шаҳарлари. Владимир Ленин бу ерларни Украинага бериб юборганига, СССР тарқалгач ҳам бу ерлар Украина таркибида қолишига кўндик. Лекин кейин уларнинг муносабати ўзгариб кетди. Донбассда 8 йил давом этган воқеалар бизни ҳозир бўлаётган ишларга ундади. Европа Иттифоқида эса буларни кўрмаганга олишди. Минск келишувини имзоладик, украинлар бунга тупуриб қўйишди.

Европада «катта оғалари» АҚШ таъсирида бўлмаган кам сонли сиёсатчилар қолган. Фицо (Словакиянинг янги бош вазири Роберт Фицо) пайдо бўлди, Виктор Орбан (Венгрия бош вазири) бор. Улар россияпараст сиёсатчилар эмас, ўз миллати манфаатларини ҳимоя қиладиган одамлар. Шундай экан, биз Европа Иттифоқи билан ҳам, АҚШ билан ҳам муносабатларни тиклашга тайёрмиз», деди Путин.

Украинанинг қарши ҳужуми

Ҳарбий мухбирлардан бири Путиндан Днипро дарёси бўйидаги Россия кўп йўқотишларга учраган плацдарм ҳақида ҳам сўрашди. Путинга кўра, руслар бу ерда саноқли аскар йўқотмоқда, Украина эса кунига ўнлаб аскаридан айрилмоқда.

«Кринкидаги плацдарм ҳақида гапирадиган бўлсам, душман жуда катта қарши ҳужум бўлишини анонс қилди, лекин ҳеч қаерда мақсадига эриша олмади. Кейин улар Днипро орқали ҳужум қилишга интилишди. Украина армияси жуда тор йўлакда отишма бошлади. Биз аскарларни асраш учун қўшинларни бир неча метр нарига кўчирдик.

Улар нега бундай қиляпти, тушунмайман. Улар шунчаки ўз одамларини ўлимга юборишмоқда. Украина раҳбарияти чет элда ялиниб юришибди, балки улар қандайдир умид борлигини кўрсатиб яна пул сўрашмоқчидир. Бу Украина сиёсий раҳбариятининг аҳмоқлиги деб ўйлайман. Мен яқинда украинларни у ердан чиқариб юборманглар, ўзлари хоҳлашаётган экан [ўлаверишсин] дедим, афсуски шундай.

Фронтда бизнинг қуролли кучларимиз ўз вазиятларини яхшиламоқда. Уларнинг деярли ҳаммаси фаол ҳаракат қилмоқда», деди Путин.

Украина ва Ғазони таққослаш

Туркиянинг Anadolu агентлиги мухбири Али Жўра Путиндан Исроилнинг Ғазога ҳужуми ҳақида, шунингдек, Туркияга бориш режалари ҳақида сўради.

«Ғазодаги вазиятни тиклаш бўйича Туркия президентининг хизматлари катта. У дунё жамоатчилигининг етакчиларидан бири ҳисобланади. Унга саломатлик тилайман.

Энди бизнинг «махсус ҳарбий амалиёт»ни қаранг ва Ғазода бўлаётган воқеаларни кўринг. Украинада бундай ишларни кўрмайсиз. БМТ бош котиби Ғазони дунёдаги энг катта болалар қабристони деб атади. Бу кўп нарсани англатади.

Мен яқинда Эрдўған билан учрашмоқчи эдим. Афсуски, унинг графигига тўғри келмади. Менинг эмас, унинг графигига. Балки келаси йил бошида учрашишга ҳаракат қилармиз. У билан доимий алоқадаман.

Дарвоқе, биз Ғазодаги Рафаҳга яқин жойда дала ҳоспитали қурмоқчимиз. Яъни ўша ердаги стадионда. Бу борада Миср президенти билан гаплашдим, у қарши эмас. Исроил бош вазири билан ҳам гаплашдим. Улар Ғазода ҳозир ҳоспитал қуришимиз хавфли эканини айтишди. Лекин бу билан ҳоспитал очиш фикридан қайтганимиз йўқ, бу борада ишлашда давом этамиз», деди Россия президенти.

Россиялик спортчиларнинг тақдири

Матч ТВ журналисти Путинга спорт ҳақида савол берди: «МОҚ 2024 йилдаги олимпиада ўйинлари бўйича россиялик спортчиларга чеклов эълон қилди (Россия байроғи билан қатнашишни тақиқлади). Аммо исроиллик спортчиларга ҳеч қандай чеклов бўлгани йўқ. Бунга нима дейсиз?» Бу саволга қўшиб қримлик болаларнинг спорт зал қуриб беришни илтимос қилган видеоси қўйиб берилди.

«Халқаро спорт мулозимлари қилаётган ишлар Пиер де Кубертеннинг ғояларига мутлақо зид. У спорт – бу тинчлик деган. Ҳозирги мулозимлар эса ҳомийларига жуда боғланиб қолишди. Бўлаётган ишларга спортчиларнинг нима алоқаси бор? Қўйинг, бориб қатнашишсин. Аммо улар Ғарбдаги сиёсатчилар таъсирига тушиб қолишган. Спортчиларимиз қатнашиши ҳақида спорт вазирлиги қарор қабул қилади», деди у.

Путин қримлик болаларга ҳам мурожаат қилиб уларга давлат бюджетидан янги зал қуриб берилишини айтди.

Ёлланма жангчилар, тухум ва пенсия

Путинга фронтда дронлар, айниқса разведка дронлари етишмаётгани ҳақида савол беришди. У савол берган «военкор»га аҳвол яхшиланаётганини айтиб, бу фикрини такрорлашини сўраб ҳам олди. Россия президенти фронт чизиғи 2 минг километрдан узунлиги, шу боис баъзи жузъий камчиликлар бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Саволлардан бирида ҳарбий хизматчи хусусий ҳарбий компания сафида (катта эҳтимол «Вагнер») урушда қатнашгани, лекин ҳарбий ҳаракат фахрийси экани, лекин ҳеч қандай имтиёзлар ололмаганини айтди.

Путин бу саволга жавоб берар экан, Россияда ҳуқуқий жиҳатдан хусусий ҳарбий компания йўқлигини таъкидлаб, муаммо улар давлат билан шартнома имзоламаганида эканини айтди. Шунингдек, бу хусусий компанияларда ўз яқинлари ҳам жанг қилиб ҳалок бўлганини таъкидлади.

Путин Аргентинанинг янги президенти Хавиер Милей мамлакатда АҚШ долларини миллий валюта сифатида қабул қилиш таклифи ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Ҳа, Аргентинада долларга ўтиш таклиф қилинди. Бу ҳамма давлатнинг ўз иши. Аргентинада инфляция 145 фоиз эканини ҳам унутмаслик керак. Ҳа, бундай таклифнинг мантиғини тушуниш мумкин. Аммо бу мамлакат суверенитетини хавф остида қолдиради. Долларга боғланиб қолиш кўплаб ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради.

Пул сеники бўлмагач, сен уни чоп эта олмайсан. Оқибатда ижтимоий ҳимояга, тиббиётга, маошларга ажратиладиган пул кескин камайтирилиши керак бўлиб қолиши мумкин. Бошқача йўл йўқ. Хўп, улар шундай қарор қилган экан, марҳамат, ўз хоҳишлари. Биз 2021 йил экспорт савдоларида 87 фоиз хорижий валюта – доллар ва евродан фойдаланардик. Рубл ҳажми 11-13 фоиз, юан эса 0,4 фоиз атрофида эди. Бу йил сентябрдаги савдоларда рубл 40 фоиз, юан 33 фоиз, евро ва доллар 24 фоизга тенг бўлди. Бу яхши, миллий валютадан фойдаланиш орқали ўз суверенитетимизни мустаҳкамлаяпмиз», деди Путин.

Россия президентидан охирги вақтларда мамлакатда актуал мавзуга айланган тухум нархи ҳақида ҳам сўрашди. Краснодарлик пенсионер улар миллион рубл топмаслиги, егуликка кўп харажат қилишаётганини айтди.

«Яқинда қишлоқ хўжалиги вазири билан гаплашиб тухуминг қандай, деб сўрадим. Яхши деди. Лекин одамларда тухум билан боғлиқ вазият яхши эмас дедим. Муаммолардан бири импортни ўз вақтида очишмагани. Туркия ва Беларусдан қўшимча тухум юборишни таклиф қилишмоқда. Евросиё иқтисодий иттифоқи доирасида ҳам бу борада келишув бўлади. Декабр ойида бу масала ҳал қилиниши кутилмоқда. Яна такрорлайман, импортни вақтида очишмаган, бу муаммо учун узр сўрайман», деган Путин.

Нафақахўрлар эса Путиндан коммунал тўловлар нархи ошгани бўйича сўрашди: «Пенсиямиз 7,5 фоизга ошди, Новосибирскда ЖКХ нархи эса 9-14 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу тўғрими?»

«Албатта, бу нархларни таҳлил қиламиз. Пенсия инфляция кўрсаткичидан кам ошмаслиги керак. Гап шундаки, тарифлар 1,5 йилда бир марта ошяпти, бу вақтда пенсия уч марта оширилиб, умумий 23 фоизга ошмоқда. Албатта, фуқаролар даромадлари ошиб бориши керак, лекин тарифлар ҳам инфляцияга боғлиқ. Шунингдек, оила даромадининг 22 фоизини коммунал тўловларга тўлаётган бўлса, имтиёз олиши мумкин».

Кейинчалик маълум бўлишича, Путин рақамларда адашиб кетган ва ўтган йил давомида коммунал тўловлар нархи икки марта умумий 13 фоизга ошган.

РФ президенти Россия авиацияси ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Жуда кўп хорижий самолёт сотиб олган компанияларимиз билан кўп муҳокамалар ўтказганмиз. Компанияларимиз лизинг корхоналари томонидан қўйилган шартларга кўнмай тўғри қилишди. Биз бу самолётларнинг аксарини сотиб оламиз ва улар ўз мулкимизга айланади. Маҳаллий самолётлар ишлаб чиқариш ҳам ривожланади», деди у.

Тадбир давомида экранларда турли ҳудудлардан йўлланган ноқулай саволлар ҳам кўриниб турди

Журналист билан сўз ўйини

Песков Путинга АҚШнинг New York Times нашри журналисти саволига жавоб беришни таклиф қилди. Путин эса залда Хитойнинг бош ахборот агентлиги «Синҳуа» мухбири қўл кўтариб турганига эътибор қаратди: «Аввал Синҳуа, кейин New York Times», деди у.

Америкалик журналист эса Путиндан WSJ журналисти Эван Гершкович 37 ҳафтадан буён Россияда судсиз қамоқда ушлаб турилгани, бугун муддат яна узайтирилгани ҳақида сўради. «Уни уйига қўйиб юбориш учун АҚШ билан келишиш тўғри бўлмайдими? Балки бу икки давлат ўртасидаги жуда ёмон муносабатлар илиқлашишига олиб келар?» деди журналист.

«Уни судсиз ушлаб туришибди дейиш тўғри эмас. Агар уни ушлаб туриш муддати узайтирилган бўлса, бу суд қарори билан амлага оширилган. Алмашиш ҳақида гапирадиган бўлсам. Аввало, Россия ҳудудида қонунни бузмаслик керак. Биз уни топширишни рад этганимиз йўқ. Бу жараён амалга ошиши учун икки томон ҳаракат қилиши керак. Бу борада америкалик ҳамкорлар билан мулоқот кетмоқда.

Умид қиламанки, биз бу борада ечим топа оламиз. Бунинг учун аввало америкаликлар ҳам бизни қониқтирадиган ечимга келиши шарт. Ҳа, сизнинг фикрингизга қўллайман, бу жараён асосида инсонпарварлик ётиши керак», дея жавоб қайтарди Путин.

Франциялик журналист эса Путиндан нега Макрон билан гаплашмай қўйгани ҳақида сўради.

«Ҳа, Макрон билан яхши муносабатда эдик, у билан яхши ишчи муносабатда бўлганмиз. Агар мулоқотни давом эттириш хоҳиши бўлса, мен тайёрман. Жаноб Макрон биз билан мулоқот қилишни истамаяпти, бу билан «ўлиб қолганимиз йўқ», қиладиган ишларимиз кўп. Ўша гап, агар мулоқотга истак бўлса, мен тайёрман. Алоқаларни мен эмас, улар узишди. Мен Францияга борганман, Макрон Россияга келган, орамизда ҳеч қандай муаммо йўқ», деди бунга жавобан РФ президенти.

Магаданлик 22 ёшли йигит Путинга савол берар экан, унга сайловда ғолиб бўлишини тилади. «Эсимни таниганимдан бери сиз ҳукумат тепасидасиз», деди йигит. У саёҳат учун қўшимча имтиёзлар сўради. Путин эса унга уйланиб фарзандли бўлишни, ёш болалилар учун жуда кўп имтиёзлар борлигини таъкидлади.

Россия президентидан мамлакат автомобил бозори 60 фоизга Хитой машиналари томонидан эгаллангани, «АвтоВАЗ» нега нархларни ошириб юборгани ҳақида сўрашди. Путин маҳаллий машиналар нархи ошганини Европа, Япония ва Жанубий Корея машиналари чиқиб кетгани билан боғлади. Унинг фикрича, маҳаллий машина ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш керак.

Путиндан Молдова МДҲдан чиқмоқчилиги, Арманистон бош вазири Пашинян бу ташкилотнинг барча йиғилишларини рад этаётгани ташкилот обрўсига қандай таъсир қилишини сўрашди.

«Молдова яқин-яқингача Европанинг энг қашшоқ давлати эди. Ҳозир Украина бу фахрли номни ўзиники қилиб олди. Молдова энергия маҳсулотларни биздан паст нархда олиб келаётганди. Аммо улар МДҲдан чиқишни хоҳлашса, марҳамат, бу давлат раҳбариятининг хоҳиши. Улар ўзи ишлаб чиқараётган озиқ-овқат маҳсулотлари билан қаергача боришади? Мана, Украинани кўринг, иттифоқчимиз деётганлар украин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мамлакатларига киритишмаяпти.

Арманистонга келадиган бўлса, Пашиняннинг МДҲ йиғилишларида иштирок этмагани мамлакатдаги воқеалар билан боғлиқ, ҳар ҳолда бизга маълум бўлган сабабларга кўра шундай. Яъни, бу бош вазирнинг хоҳиши билан боғлиқ эмас. Кўрамиз вазият қандай бўларкан», деди у.

Путинга кичик бир қизалоқ сунъий интеллект ҳақида савол берди, шунингдек, унинг қиёфадоши ҳақида сўраб, овози билан гапирган сунъий интеллект ясаган қиёфадошининг видеосини қўйиб беришди.

«Алина, аниғи шуки, бувиларни алмаштириб бўлмайди, уларнинг ўрнини ҳеч ким эгаллай олмайди. Бир танишим айтганидек, менга ўхшаб, менинг овозимда гапиришга фақат менинг ҳаққим бор. Бу менинг биринчи қиёфадошим», деди Путин ҳазил билан.

Россия президенти билан мулоқот 4 соатдан ортиқ давом этди.

Мавзуга оид