Жаҳон | 00:13 / 15.12.2023
8231
2 дақиқада ўқилади

Исроил Мудофаа вазири ҲАМАС ҳаракатига қарши кураш узоқ вақт давом этишини айтди

Йоав Галлант ҲАМАС ҳаракатини йўқ қилиш учун бир неча ой кераклигини маълум қилди.

Фото: Reuters

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Исроилда бўлиб, мамлакат раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан суҳбатидан ташқари, у мудофаа вазири Йоав Галлант билан ҳам музокара олиб борди.

Исроил ҳукумати баёнотига кўра, Галлант АҚШ расмийсига ҲАМАС ҳаракатини бутунлай йўқ қилиш учун «бир неча ойлар» кетишини айтган.

«Бу бироз вақт олади - бу бир неча ойдан кўпроқ давом этади, аммо биз уларни мағлуб қиламиз ва йўқ қиламиз», деб ишонтирди у.

Шунингдек, Галлант Ғазода ҲАМАС инфратузилмасини йўқ қилиш осон бўлмаслигини маълум қилган.

Исроил томонига кўра, ҲАМАС ўзининг 17 йиллик ҳокимияти давомида бутун Ғазо секторини мустаҳкам қалъага айлантирган, туннеллар, истеҳкомлар ва ўқ отиш пунктларининг кенг тармоғини аҳоли пунктлари орасида жойлаштирган. Бу эса «жангариларга қарши кураш амалиётини ниҳоятда қийинлаштиради».

Салливаннинг Исроилга ташрифи тинч аҳоли ўлими ва Ғазодаги гуманитар вазиятнинг ёмонлашуви оқибатида халқаро босим кучайиб бораётган бир пайтда амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид