Жамият | 22:38 / 15.12.2023
29958
3 дақиқада ўқилади

Ургутлик болакайни ҳақиқатан ҳам отаси урганми?

Бувисининг айтишича, болакай отасининг уйидан кўзи кўкарган ҳолда қайтган, ким урди деган саволга эса “дадам”, деб жавоб берган. Отаси эса бола йиқилиб тушганини айтяпти. ИИБ текширув ўтказиб, отанинг гапи рост деган хулосага келган. Тафсилотлар – Kun.uz мухбирининг Ургутдан тайёрлаган репортажида.

Ижтимоий тармоқларда отаси томонидан калтаклангани айтилаётган болакайнинг видеоси тарқалди. Видеода кўзи кўкарган ўғил бола “Ким урди?” деган саволга “дадам” деб жавоб берган. Бу воқеа Ургут туманида кузатилган бўлиб, ҳозирги вақтда вазият Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.

Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида Ургутда бўлиб, болакайнинг яқинларидан интервю олди.

Маълум бўлишича, болакайнинг ота-онаси бир ярим йилдан буён бирга яшашмайди. Унинг отаси Аҳмад Ҳамдамов суд қарорига кўра, вақти-вақти билан болаларни уйига олиб кетади. Бироқ 2023 йил 29 октябр куни болакай отасининг уйидан юз-кўзлари кўкарган ҳолатда қайтган.

Боланинг бувиси Малоҳат Ҳақназарова бир ярим йил аввал қизи уч боласи билан ота уйига қайтиб келганини билдирди. Қизи ва куёви расман ажрашишмаган бўлса-да, бирга яшашмайди. Болалар учун алимент белгиланган. Куёв ҳафтада бир марта болаларини олиб кетиш ҳуқуқига эга.

“Ўша куни набирам юз-кўзлари кўкарган ҳолатда уйга келди. Юзига нима қилганини сўрадим. Дадам урди, ҳеч кимга айтма, деб тайинлади, деб жавоб берди. Шундан кейин набирамнинг ҳолатини видеога олиб, куёвимга гапи ўтиши мумкин бўлган қариндошларига ташлаб бердим. Болани айнан куёвим урганми-йўқми, билмайман. Аммо бу ҳолат биринчи марта кузатилмаяпти. Куёвим қизимни ҳам, болаларини ҳам бир неча марта калтаклаган”, – деди Ҳақназарова.

Болакайнинг отаси Аҳмад Ҳамдамов ўғлини урганини рад этиб, у йиқилиб тушганини айтмоқда.

“Хақиқатан ҳам ҳафтада бир марта фарзандларимни уйга олиб кетаман. Ўғлимни уришга асосим йўқ. Ўша куни йиқилиб тушиб, юз-кўзларига жароҳат етказибди. Шифохонага ҳам ўзим олиб бордим. Ўша воқеага гувоҳ бўлганлар ҳам бор. Ички ишлар ходимлари суҳбатлашди, вазиятга ойдинлик киритилди. Ижтимоий тармоқларда мени боласини урди, деб видео тарқатган инсонларга қонуний чора кўрилишини сўрайман”, – деди Ҳамдамов.

Юқори Калангар МФЙ хотин-қизлар фаоли Меҳри Ёрбобоева ушбу оилани яраштириш учун бир неча марта ҳаракат қилингани, лекин натижа бўлмаганини айтди. Аҳмад Ҳамдамов хотини билан яшаш истаги йўқлигини билдирган, лекин хотини ярашиб кетишларига умид қилиб келмоқда.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаевнинг маълум қилишича, ИИБ ўтказган текширув болакай ҳақиқатан ҳам йиқилиш оқибатида тан жароҳати олганини аниқлаган. Асос бўлмагани сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Саъдуллаевнинг қўшимча қилишича, бу вазият бўйича ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар тарқатганларни аниқлаш ва тегишли тартибда чора кўриш мақсадида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид