Фан-техника | 17:49 / 16.12.2023
38553
5 дақиқада ўқилади

«Қуёш» минора, «Ақлли» доска ва iPhone’нинг янги хавфсизлик функцияси – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Фото: AP

YouTube’да «комментлар»ни паузага қўйиш

YouTube фойдаланувчиларга ўз видеоларига изоҳ қолдиришни вақтинча тўхтатиб туриш имконини берувчи янгиланишни чиқарди. Компаниянинг фикрича, бу блогерларга контент устидан кўпроқ назорат ўрнатиш ва шарҳларни модерация қилишга камроқ чалғиш имконини беради.

Ўзгаришдан олдин YouTube фойдаланувчилари шарҳларни сақлаб қўйиши ва эълон қилишдан олдин текшириши ёки шарҳлар бўлимини бутунлай ёпиб қўйиши, шунингдек, изоҳларни автоматик равишда эълон қилиш ҳам мумкин эди.

Янгиланишда баъзи функциялар номи ўзгартирилди: «Назоратни кучайтириш» ва «Эҳтимолий номақбул изоҳларни кўриб чиқиш учун қолдириш» каби вариантлар энди йўқ. Ҳозир қуйидаги вариантлар мавжуд: «Ёқиш», «Ўчириш» ва «Тўхтатиб туриш».

iPhone’да янги хавфсизлик функцияси

Apple компанияси iPhone учун янги хавфсизлик созламаларини ишга туширади. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

IOS 17.3'нинг бета версиясида “ўғирланган қурилма ҳимояси”(Stolen Device Protection) функцияси синов тариқасида ишлатиб кўрилган. Бунда қурилма ўғирланса, ўғрилар телефон эгасининг шахсий маълумотларига, жумладан, унинг тўлов маълумотларига ҳамда iCloud’да сақланган сурат ва видеоларга кира олмайди.

«Қуёш» минора

Иордания ва Қатар университетлари олимлар гуруҳи баландлиги тахминан 200 метр бўлган «қуёш» минорасини моделлаштиришди. Минорадаги вертикал йўналтирилган турбиналар ҳаво оқимларини юқорига ва пастга ҳаракатлантиради, бу эса қурилманинг 24/7 режимида ишлашига имконият беради.

Янги тизим TTSS (Twin technology solar system) деб номланган. Диаметри 250 метр бўлган улкан иссиқхона типидаги коллектор катта майдондан иситиладиган ҳавони тўплайди ва уни марказдаги диаметри 13,6 метр бўлган тешик орқали чиқаради. Кучли ҳаво оқими эса 200 метр баландликдаги минора остидаги катта турбинани айлантиради.

Қайд этилишича, таклиф қилинаётган лойиҳа йилига жами 753 MW электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин. Хусусан, юқори оқим 350 MW қувватни (фақат қуёш нурида) таъминлайди, кеча-ю кундуз ишлайдиган пастга оқим эса тахминан 400 MW электр энергияси ишлаб чиқаради.

«Ақлли» доска

Xiaomi компанияси Mijia LCD Blackboard деб номланган доскани тақдим этди. Янги қурилма улкан планшетга ўхшайди, уни деворга ёпиштириб қўйиш мумкин.

Досканинг диагонали 39 дюймни ташкил этиб, махсус LCD плёнка билан қопланган. Экрандаги ҳамма ёзувни битта тугмани босиб ўчириш мумкин.

Mijia LCD Blackboard атиги икки дона АА батареяда ишлайди. Экранни тозалаш опциясидан кунига тахминан 100 марта фойдаланилганда, батареялар қуввати 280 кунгача етади.

Xiaomi’нинг мазкур янги техналогияси 33 доллардан сотувга чиқарилган.

Сунъий интеллект асосида ишловчи телебошловчилар

Channel1 телеканали турли хил тилларда эфирни олиб бора оладиган бошловчиларни тақдим этди. Уларнинг ҳеч бири ҳаётда мавжуд эмас, балки сунъий интеллект томонидан бошқарилади.

Маълум қилинишича, янгиликлар ҳам сунъий интеллект томонидан яратилади ва турли услубда: расмий ва ҳазил билан томошабинларга тақдим қилинади. Хусусан, бутун дунё бўйлаб ишончли манбалардан маълумотларни тўпланади ва улар тегишли тартибда сараланиб, эфирга узатилади.

Мазкур лойиҳани 2024 йилда тўлиб амалга ошириш режалаштирилган.

Қуёшда кучли чақнаш

14 декабр куни Қуёшда Х2,8 интенсивликдаги кучли чақнаш содир бўлди, деб хабар берди «Фобос» об-ҳаво маркази. 

«Бизга энг яқин юлдузда бундай интенсивликдаги чақнаш охирги марта 2017 йилда қайд этилган», дейилади хабарда. 

NASA ҳам худди шундай интенсивликдаги кучли чақнаш ҳақида ёзди. 

Қуёшдаги чақнашлар одатда магнит бўронларига сабаб бўлади. Бу сафарги чақнаш R3 (кучли) даражасида баҳоланган. Маскур ҳодиса паст частотали радиоалоқадаги носозликларга олиб келиши, бу эса, ўз навбатида, кемалар ва самолётларнинг ҳолатини аниқлашда хатоларга сабаб бўлиши мумкин.  

Мавзуга оид