Жаҳон | 22:09 / 17.12.2023
24902
13 дақиқада ўқилади

Байденга импичмент бўйича суриштирувлар бошланди: шу вақтгача нималар маълум?

АҚШ Конгрессининг республикачилар сони кўпроқ бўлган Вакиллар палатаси Жон Байденга импичмент эълон қилиш бўйича суриштирув ўтказишни қонунийлаштирувчи ва бунга формал ҳуқуқий асос яратувчи резолюцияни ёқлаб овоз берди. Хўш, айбловларнинг мазмуни нималардан иборат ва буёғига нима бўлади?

Ҳозирча текширувлар Жо Байден томонидан бирор нарса суиистеъмол қилинганини кўрсатмаган. Фото: GETTY IMAGES

Қонунчиларнинг овозлари партияга мансублигига қараб бўлинган, резолюция республикачилар кўпчилик экани туфайли бироз устунлик билан қабул қилинган. Унда Жо Байден порахўрлик, коррупция ва ўз «бренди»ни илгари суриш учун ўз мансабидан фойдаланганликда айбланади.

Вакиллар палатасининг республикачилар томонидан бошқариладиган учта қўмитаси Байден Барак Обама президентлиги даврида вице-президент лавозимини эгаллаб турганида порахўрлик ва коррупция билан шуғулланганини иддао қилишмоқда, бироқ ҳануз бирорта далил-исбот келтира олишмаган. Президентга қарши айбловлар нафақат демократларнинг, балки айрим республикачиларнинг ҳам энсасини қотирмоқда.

Республикачилар етакчиси Байден администрацияси суриштирувга халақит бераётганини айтиб, кўпроқ далил топиш учун суриштирувчиларни кенгроқ ваколат билан таъминлаш керак, деган важ билан конгрессменларнинг қўлловига эга бўлган.

Оқ уй эса, ўз навбатида, суриштирувни қоралаган ва амалдаги президентнинг қайта сайланишига халақит бериш учун уюштирилган «сиёсий трюк» деб атаган, деб ёзади BBC.

Суриштирув қандай босқичда?

Суриштирувни шу йил сентябр ойида Вакиллар палатасининг собиқ спикери Кевин Маккрати ўртага ташлаган. У республикачилар Байден атрофидаги «коррупция маданияти»ни фош қилишганини таъкидлаган.

Бироқ ўша ойда бўлиб ўтган дастлабки эшиттирувларда республикачи икки эксперт импичмент учун етарли далиллар борлигидан шубҳаланаётганини айтган.

Шундан сўнг Вакиллар палатаси назорат қўмитаси президент оиласининг бир неча вакиллари, жумладан, унинг укаси ва ўғлига кўрсатма бериш учун суд чақирув қоғозлари жўната бошлаган.

Чоршанба куни эрталаб Жо Байденнинг ўғли Ҳантер ёпиқ эшиклар ортида кўрсатма бериш учун Конгрессга чақирув қоғозини эътиборсиз қолдирган. Журналистларга у фақат омма олдида чиқиш қилишини айтиб, суриштирувчи республикачиларда «уят ҳам, виждон ҳам йўқ»лигини таъкидлаган.

Айбловнинг катта қисми Ҳантер Байденнинг хориждаги битимлари ва унга отасининг эҳтимолли алоқадорлиги билан боғлиқ.
Фото: GETTY IMAGES

Юқори мартабали республикачилар Оқ уй уларга ахборот тақдим этишни рад этиб келаётгани, Миллий архивдан минглаб ҳужжатларни ўрганишга қўймаётгани, асосий гувоҳлар кўрсатма беришига тўсқинлик қилаётганини таъкидлашмоқда.

Вакиллар палатасининг ҳозирги спикери Майк Жонсон USA Today нашрида ёзишича, мансабни суиистеъмол қилиш далиллари кўпаймоқда ва «Ой уй ва бошқалар томонидан қаршиликка ниманидир қарши қўйиш фурсати етган».

«Бизда бошқа илож қолмади, — деган у сешанба кунги матбуот анжуманида, — биз кейинги қадамни ташлашга мажбурмиз ва бу сиёсий қадам эмас, қонунчилик қарори бўлади».

Суриштирувни қонунийлаштириш бўйича овоз бериш республикачиларга «зарур ахборотларни тўплаш ва судга чақирув қоғозлари жўнатиш учун ўта асосли юридик асослар» тақдим этади, — деган регламент бўйича қўмита раиси, республикачи Том Коул.

Лекин унинг айрим партиядошлари импичмент ғоясига скептик муносабатда, гарчи улар суриштирувни қўллаб-қувватлашган бўлишса-да, ҳали бу Байденга импичмент эълон қилишга тайёр эканликларини билдирмаслигини таъкидлашган.

Хўш, суриштирувга асос қилиб олинган Жо Байденга тиркалаётган асосий айблар нималардан иборат?

Байденнинг «бренди»

Вакиллар палатасининг назорат қўмитаси Байденлар оиласи ва уларнинг ишбилармон ҳамкорлари 2014 йилдан 2019 йилгача Хитой, Қозоғистон, Украина, Россия ва Руминия каби давлатлардаги шубҳали манбалардан 20 млн доллар маблағни олгани хусусида далилларга эга эканини таъкидлаган.

Қўмита қўлга киритган банк ҳужжатлари синчиклаб ўрганилганига қарамасдан, ўша пайтда вице-президент бўлиб ишлаган Байденга қандайдир муайян пуллар тўлаб берилгани ёки у бу пуллардан қандайдир тўғридан тўғри фойда олганини исботлаб беришолмаган.

Бироқ, кентуккилик республикачи Жеймс Комер Ҳантер ўз отасидан «бренд» ясаб олгани ва коррупцион схемаларда миллионлар ишлаш учун отасининг номидан фойдаланганини таъкидлаган. У шунингдек, Ҳантер Байденнинг собиқ шериги Девон Арчернинг кўрсатмаларига ишора қилган. Унга кўра Ҳантер вице-президент отасига йўл очиқлиги тўғрисидаги «иллюзияларни пуллаган».

Кейинроқ, гарчи Комер «афтидан, ҳеч қандай реал хизматлар тақдим этилмаганга ўхшаяпти», деган бўлса ҳам.

Ўтган ҳафтада Комер ўзи таъкидлаганидек, Ҳантер Хитойдан пул туширган ўзига тегишли компания орқали отасига тўғридан тўғри тўловлар амалга оширгани хусусида банк ведомостларини эълон қилган.

Бунга жавобан Ҳантернинг адвокатлари Комер бу тўловларни нотўғри талқин қилаётгани, тўловларни ҳеч ким яширмагани ва улар Жо Байден вице-президент лавозимини тарк этганидан 2 йил ўтиб амалга оширилганини таъкидлашган.

«Ҳақиқат шундаки, Ҳантер ичкиликка берилиб кетганидан сўнг молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолган чоғида, у юк машинаси сотиб олиши учун отаси унга пулдан қарашиб турган, Ҳантер оёққа тургач, отасига қарзларини қайтарган», — деган адвокат.

Битимлар хусусидаги ёлғон

Жо Байден ўғли Хитойда ёки бошқа давлатда «пул қилмагани»ни таъкидлаб келмоқда. Шунингдек, у ҳеч қачон ўғли билан унинг бизнеси хусусида суҳбатлашмаганини такрорлаб келади.

Бироқ, республикачилар улар қўлга киритган далиллар Байденнинг бу икки таъкиди ёлғонлигини исботлаши ҳақида бонг уришмоқда.

Оқ уй Назорат қўмитаси раиси Жеймс Комерни импичмент бўйича эшиттирувлар мобайнида далилларни бир неча марта нотўғри талқин қилганликда айбламоқда. Фото: GETTY IMAGES

Комер президент бир неча бор ўғлининг хорижий ишбилармон шериклари билан «мулоқот ва тушлик қилгани, муносабатлар ўрнатгани»ни таъкидлаган.

Бироқ бу учрашувлар факти ва мазмуни импичмент учун лойиқ суиистеъмоллик даражасига мос бўлган-бўлмагани ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Август ойида Ҳантер Байденнинг собиқ шериги Девон Арчер Вакиллар палатасида қасамёд остида кўрсатма бериб, Жо Байден «10 йил мобайнида 20 мартача» ўғлининг ишбилармон ҳамкорлари билан телефон орқали музокаралар чоғида овозли алоқа билан иштирок этганини таъкидлаган.

Бироқ у қонунчиларга бу «оддий телефон суҳбатлари» бўлгани, ҳеч қандай битимлар имзоланишига олиб келмаганини таъкидлаган. Бу эса республикачиларнинг пора, манфаатлар тўқнашуви ёки Жо Байденнинг ўғлининг хорижий лойиҳаларида моддий иштироки тўғрисидаги иддаоларига терс келади.

Пораларнинг тахминий схемаси

Суриштирувдаги асосий элемент илк марта 2019 йилда, ўша пайтдаги президент Доналд Трампга нисбатан биринчи импичмент чоғида сизиб чиққан воқеа бўлмоқда.

Бу ФТБ ихтиёрига келиб тушган ва текширилмаган ахборот бўлиб, унга кўра гўёки Жо Байден ўғли Ҳантер Байден директорлар кенгашига аъзо бўлган Burisma энергетика компаниясига нисбатан тергов олиб бораётган таниқли прокурорни ишдан бўшатиши учун Украина ҳукуматига босим ўтказган.

Гарчи ундаги ахборотлар текшириб кўрилмаган бўлса-да, шу йил июлида айовалик республикачи сенатор Чак Грассли томонидан оммага қилинган ҳужжатда Burisma президенти Микола Злочевский ота-бола Байденларга 5 млн доллардан бергани ҳақида гап боради. Бу тўловлар чиндан ҳам амалга оширилганми-йўқми, амалга оширилган бўлса, пулларни айнан ким ва қай тариқа олгани тўғрисида ҳеч қандай далил-исбот келтирилмаган.

Трамп администрацияси қошидаги АҚШ Адлия вазирлиги бу айбловларни саккиз ой мобайнида суриштирган, алал-оқибатда суриштирувини «далиллар етишмаслиги» туфайли тўхтатган.

Кейинроқ демкорат конгрессмен Жейми Раскин билан интервюси стенограммасидан маълум бўлишича, Злочевский Жой Байден ёки унинг администрациясида ҳеч ким билан алоқага эга бўлмагани, Байден вице-президент бўлиб ишлаганида шахсан унга ёки компаниясига бирор ёрдам кўрсатмаганини айтган.

Арчер ҳам ўз кўрсатмаларида унга бундай тўловлар ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслигини билдирган.

Ҳантер Байден фойдасига непотизмда айблов

Ички даромадлар хизмати (IRS)нинг икки ходими кўрсатмаларига асосланиб, Вакиллар палатасидаги республикачилар Адлия вазирлиги Ҳантер Байденнинг кўп йиллик солиқ соҳасидаги қонунбузилишларига атайлаб аралашган, деган хулосага келишган. Улар вазирлик жуда «имиллаб» ҳаракат қилаётгани ва атайлаб солиқ текширувларига тўсқинлик қилаётганини таъкидлашган.

Адлия вазирлиги бу айбловларни рад этган. Кейинроқ республикачилар томонидан июл ойи бошларида чақирилган бошқа гувоҳлар ҳам на президент Байден, на бош прокурор Меррик Гарланд суриштирувга аралашганини ҳақида кўрсатма беришган.

Бироқ, Байден президентлиги даврида Адлия вазирлиги Трампга қарши кураш воситасига айлантирилган, деб ишонувчи республикачилар вазирлик Трампни жавобгарликка тортиш учун Байденнинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётгани, бироқ Байденнинг ўғлига нисбатан юмшоқроқ муносабатда бўлаётганини таъкидлашган.

Улар ҳаттоки шу йил ичида прокурорлар ва Ҳантер Байден ўртасида у айрим қонунбузилишларини тан олиши, бироқ қамоқ жазосидан қутулиб қолиши борасидаги келишувга ҳам ишора қилишган.

Ҳантер Байден қамаладими?

Лекин бу келишув чилпарчин бўлган, энди президентнинг ўғлига солиқ қонунчилигини ва ўқотар қуролдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун федерал даражада айбловлар қўйилмоқда: Делавэр штатида Ҳантер Байден револверни ноқонуний сотиб олганликда айбланмоқда. Калифорнияда эса солиқларни тўламаганликда.

Ҳантер Байдер очилган иккала иш бўйича ҳам қамоқ жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Фото: theepochtimes.com

Суд эшиттирувларида прокурорлар Ҳантер Байденнинг шоҳона ҳаёт тарзини батафсил тасвирлаб бериб, у лоббистлик қилаётган фирманинг хорижий ҳамкорлари, жумладан Украина ва Хитойдаги шерикларини санаб бермоқда.

Биринчи иш бўйича прокуратура версиясига кўра, 2018 йилда револвер харид қилганида Ҳантер махсус шаклда наркотик моддалар истеъмол қилишини кўрсатмаган. Кичик Байден айбини тан олмаган. Учта модда бўйича формал жиҳатдан у 25 йилга қамалиши мумкин, лекин реал муддат берилмаса керак: Ҳантер шу пайтгача судланмаган, ўша револвердан умуман фойдаланмаган. The New York Times нашрига кўра, бундай айбловлар одатда ноқонуний қўлга киритилган қурол билан ўта оғир жиноятлар содир этилганда қўшимча равишда тиркалади.

Ҳантер Байденга қарши иккинчи иш у ҳозир истиқомат қилаётган Калифорнияда қўзғатилган. Унда учта модда бўйича 9 та эпизод бор: бир неча йил солиқларни тўламаслик, сохта солиқ декларацияси тақдим этиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаш. Айблов хулосасида 2016–2019 йилларда Ҳантер Байден камида 1,4 млн доллар федерал солиқларни тўламагани ёзилган. Шу давр ичида у 7 млн доллар даромад қилган.

Бу маблағнинг катта қисмини у хорижлик ҳамкорлари билан биргаликдаги иши ортидан топган. Украинанинг Burisma компаниясида ишлагани учун у йилига 1 млн доллардан олган, 2017 йилдан бошлаб эса 500 минг доллар (ўша йили отаси АҚШ вице-президенти лавозимидан кетган). Яна 1 миллион долларни Ҳантерга суд ҳужжатларида Г.П. деб белгиланаётган руминиялик бизнесмен тўлаб берган. Ҳантер гўёки унга порахўрлик айбловларини олиб ташлашда ёрдам беришни ваъда қилган. Кичик Байденнинг учинчи даромад манбайи — Хитойнинг CEFC China Energy энергетика фонди.

Солиқларни тўлаш ўрнига «жавобгар дабдабали ҳаёт кечириш учун миллионларни сарфлаган», дейилади айблов хулосасида: «2016 йилдан 2020 йилнинг 15 октябригача наркотиклар, экспорт ва қизларга, дабдабали ҳотеллар ва кўчмас мулк ижараси, ноёб автомобиллар ва кийим-кечаклар ҳамда солиқдан бошқа шахсий нарсаларга пул сарфлаб келган». Иш материалларида конкрет рақамлар бор: 188 минг доллар «катталар учун вақтичоғликка», 683 минг доллар — «турли аёллар» учун тўловларга.

Иккинчи иш бўйича Ҳантер Байден 17 йилга қамалиши мумкин. Лекин у икки йил муқаддам солиқдан қарзларини тўлиқ ёпиб бўлгани, шу пайтгача судланмагани инобатга олинса, бу айблов бўйича ҳам қамалмай қолиш эҳтимоли катта.

Мавзуга оид