Жамият | 09:52 / 17.12.2023
15231
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда кўзи кўкарган болакайни отаси калтакламагани маълум қилинди

Самарқандда боғчага кўзи кўкарган ҳолда келган болакайни отаси калтакламагани аниқланди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Аниқланишича, Ургут тумани «Юқори Қалангар» МФЙдаги 2017 йилда туғилган А.А. юз-кўзидаги жароҳати туфайли 30 октябрь куни Ургут туман марказий шифохонасига отаси А.Х. томонидан олиб келинган ва ушбу ҳолат юзасидан Ургут туман ИИБ терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борган.

Текширув давомида А.А.нинг олган жароҳати юзасидан 3 ноябрь куни судга оид тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, унга кўра болага жароҳат ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида етказилгани хулоса қилинган. Терговга қадар текширув натижасига кўра, жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 25 ноябрда жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур ҳолат болалар омбудсмани ва Бош прокуратура назоратига олинганидан сўнг жиноят иши қўзғатишдан рад этиш тўғрисида қарор туман прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганилиб, 12 декабрь куни бекор қилинган ва қўшимча текширув ҳаракатлари олиб бориш учун туман ИИБ ҳузуридаги ТБга юборилган.

Қўшимча терговга қадар текширув давомида бола психолог томонидан педагог иштирокида (видеоёзувда қайд қилинган ҳолда) суҳбат қилинганда, у 29 октябрь куни отасининг уйи яқинидаги савдо дўкони олдида амакисига тегишли бўлган қорамоллар орқасидан югуриб, асфалтга йиқилгани, бурни қонаб, юзи шилинганини баён қилган.

Шунингдек, боланинг йиқилганини гувоҳи бўлган дўкон сотувчиси Л.С. ўз тушунтиришида боланинг ҳақиқатан ҳам чорва молларни орқасидан югуриши натижасида юзи билан ерга йиқилиб тушганини кўрганлигини ва жароҳат йиқилиш натижасида бўлганини тасдиқлаган.

«Бола йиқилган. Кўрганлар, гувоҳлар бор. Қайнонам ўртага тушиб, шу ишларни қилган. Улар туҳмат қилишяпти», — дейди боланинг отаси.

Маълум бўлишича, у аёли билан бир йил аввал ажрашган. Бола онаси билан бирга яшайди.

Ҳозирда бола калтакланган деб ёлғон маълумот тарқатганларнинг шахсини аниқлаш ва уларга чора кўриш мақсадида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бола манфаатлари нуқтаи назаридан болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан назоратни давом эттиради.

Мавзуга оид