“Раҳбар ўз ходимларига намуна бўлиши керак” — Нормат Турсунов билан суҳбат
Солиқ соҳасидаги 28 йиллик фаолиятидан кейин, 2021 йил ноябрда Навоий вилояти ҳокими лавозимини эгаллаган Нормат Турсунов тайинловдан икки йил ўтиб илк марта интервю берди. Kun.uz мухбири ундан вилоятдаги муаммолар ва кутилаётган янгиликлар, сўконғич ва мажлисбоз раҳбарларга муносабати, хизмат хонасида нега креслода ўтирмаслиги ва хизмат машинасининг нархи ҳақида сўради.
— Бу – ҳокимлик фаолиятини бошлаганингиздан буён илк марта интервюга розилик беришингиз. Бунинг сабаби нимада?
— Вилоят ҳокими интервю бериши керак, албатта. Лекин бошқа соҳадан ҳокимликка кириб келганим сабабли тўлиқ киришиб кетиб, интервю бериш, қилинган ишларни гапириш учун муддат керак бўлади. Фаолият бошлаганимга 2 йил бўлган бўлса, йил якунида аҳолига қилинган ишлар бўйича ҳисобот берамиз. Олдинги иш жойларимда ҳам, ҳозир ҳам ОАВ, журналист, блогерлар билан ҳамкорликда ишлаймиз.
Раҳбарларга ОАВнинг зарурлиги шундаки, баъзида аҳолини қийнаётган муаммолар раҳбарга етиб келгунча кўп вақт ўтиб кетади, шундай пайтда ОАВ, блогерлар ёрдам беради. Республика ва ҳудудий ОАВ, блогерлар билан дўстона ҳамкорликда ишлаб келяпмиз. Тезкорлик билан, адолат билан ёритилган ҳар бир маълумот ҳокимлик ва раҳбарларга муаммони оператив ечишга катта ёрдам беради.
— Ҳоким бўлишингизни эшитганингизда нимани ҳис қилгансиз, балки қўрқув ё хавотир бўлгандир? Туман ёки шаҳарда ҳоким бўлмасдан, бирдан вилоят ҳокими бўлиш қандай бўлган?
— Олдинги фаолиятимда ҳокимлик билан доим ҳамкорликда ишлаганман. Ҳокимлик лавозими ҳақида эшитганимда катта масъулиятли иш эканини ўйлаганман. Айтганингиздек, туман ёки шаҳарда ҳоким бўлиб, тайёр бўлиб келиш бошқача, шуни ўйлаб, бир нарсани сезганманки, бу нарса менга икки карра масъулият юклайди. Шунга яраша натижа кўрсатиш керак, халқ баҳо беради бунга.
— Олдинги вилоят ҳокими билан фамилиянгиз бир хил, қариндошлигингиз борми?
— Йўқ, ҳеч қандай қариндошлигимиз йўқ. Солиқ тизимида ишлаганимда олдинги ҳоким билан ҳам ҳамкорликда ишлаганман. Мен тошкентлик, у киши эса навоийлик.
— Ҳокими энг кам алмашган вилоят Навоий экан. Нима учун шундай деб ўйлайсиз, балки бу ерда ҳокимлик осонроқдир?
— Ҳокимлик осон эмас, менимча. Ҳоким тайёрлайдиган мактаб йўқ, халқнинг ўзи яратади мактабни. Навоий вилоятида қонун устуворлиги, ижро интизоми аввалдан шаклланган. Энг асосийси, аҳоли кўп эмас, ҳозирги кунда 1,1 млнга яқин аҳоли бор, гарчи энг катта вилоят бўлса-да. Лекин ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша ишлари, аҳоли талаби кўп, ихтисослашуви ҳар хил.
— Кичкина болалардан келажакда ким бўлишини сўрашса, президент, ҳоким, аскар ёки учувчи бўламан, дейди. Мана, сиз ҳокимсиз, ўзи бу болалар орзу қилса бўладиган лавозим эканми, қандай хулосага келдингиз?
— Мен ўзи шифокор бўлишни орзу қилардим, чунки ҳаётда кўп бемор кишиларни кўрганман. Оилада 6 та ўғил бўлганимиз учун орамиздан кимдир шифокор бўлиши керак ҳам деб шуни орзу қилардим. Аммо молия соҳасига қизиқиш ортиб, шу соҳада иш бошладим. Илгари бундай эмасди, аммо мана энди ота-оналар: “Болам сизга ўхшаган ҳоким бўлсин”, деб ният қилади.
Ҳоким бўлиш осон эмас. Унинг ҳар бир ишида ўша ҳудуддаги инсонлар тақдири ётади. Шунинг учун ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор.
— Навоийда 11 та туман бор, аммо аёл ҳокимлар йўқ. Бунга сабаб нимада?
— Ҳеч қандай сабаб йўқ. Агар ҳокимликка муносиб аёл номзод топилса, биз ўз таклифларимизни раҳбариятга киритамиз.
— Ижтимоий тармоқларни кузатиб турасизми?
— Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар, янгиликлар билан қизиқмасангиз, ортда қолиб кетасиз. Ижтимоий тармоқларга имкон қадар йўлда пайтим ёки кечки пайт, иш вақтидан ташқарида кираман.
Kun.uz сайтини ҳам кузатаман. Айтиш керакки, бу сайт ёш-у қари бирдек кузатадиган сайт, менимча. Тез ва реал ҳолатни ёритади, фақат негатив эмас, балки позитив ҳолатларни ҳам ёритиб боради.
— Ижтимоий тармоқда ҳокимларнинг ҳам “чойхона” гуруҳлари, синфдошлар, дўстлар каби гуруҳлари борми? Расмий бўлмаган, ҳазил-ҳузул бўладиган гуруҳлар ҳам борми?
— Бизда туман ҳокимларининг гуруҳи бор. Оператив топшириқлар, энг аччиқ-ширин гаплар ўша ерда бўлади. Аччиқ гап дегани бу сўкиш дегани эмас. Инсонга масъулиятни сездирадиган, кучли таъсир қилувчи сўзларимиз кўп, кўпроқ шунақа гаплардан ишлатишга ҳаракат қиламиз. Сўкиб гапирсангиз, шунга ўрганиб қолади. Шу сабабли у даражага бормасликка ҳаракат қилиш керак.
Лекин дўстлар билан ҳазил-ҳузул қиладиган гуруҳимиз йўқ, тўғриси, вақт бўлмайди бунга. Аммо бунга ҳам вақт ажратиш керак аслида. Аммо қариндошлар билан гуруҳимиз бор, албатта, оиламиз ҳам катта. Бир-биримизни қўллаб, янгиликларни айтиб, ҳол-аҳвол сўрашиб турамиз.
Дўстларимиз билан байрамларда бир-биримизга табриклар жўнатамиз. Вилоят ҳокимлари билан сўрашиб турамиз, янгилик, тажриба алмашамиз, янги ҳоким сифатида маслаҳатлар сўраб тураман баъзида.
— Асосан уйда овқатланасизми ёки кўчада? Ва спорт билан ҳам шуғулланaсизми?
— Имкон қадар уйда овқатланаман. Узоқ ҳудудларга борганда уйдан овқат ҳам олиб чиқамиз, йўл-йўлакай ҳам овқатланамиз. Соғлиққа таъсири бўлгани йўқ ҳозирча, аммо соғлиққа ҳам қараш керак.
Спорт билан ҳам имкон қадар шуғулланишга ҳаракат қиламан. Ҳудудларга чиққанимизда, баъзи объектларга борганимизда тахминан 10 км атрофида пиёда юришга ҳам тўғри келади.
— Навоий вилояти деганда, қандай оғриқли нарса бор, яъни ич-ичингиздан амалга ошишини, ечилишини хоҳлайдиган нарсангиз, муаммо?
— Баландпарвоз гапга ўхшар, аммо ҳар бир раҳбар истаганидек, мен ҳам шу ердаги барча аҳолини рози қилишни хоҳлайман. Энг кўп ўйлаб юрадиганим ҳам шу.
Экологик муаммо пайдо бўлганини ҳаммамиз кўряпмиз, Навоийнинг энг oғриқли нуқталаридан бири бу. Авваллари кимёвий корхоналар эски технологияларда ишлагани сабабли атмосферага зарарли чиқиндилар чиқиши даражаси юқори эди, ҳозир анча камайган, корхоналар модернизация қилинди, янги лойиҳалар киритилди ва ҳозир хам бу жараён давом этмоқда. Ҳар бир корхона атмосферага чиқувчи чиқиндиларни ушлаб қолувчи жиҳозлар билан таъминланяпти.
— Ижтимоий тармоқларда катта ҳудудларда экилган дарахтлар қуриб қолаётгани тасвирлари чиқиб қолади. Бу дарахтларни назорат қилиш, қуриб қолишининг олдини олиш қандай бўлади?
— “Яшил макон” лойиҳаси биринчи бошланган пайтда жуда кўп хатоликларга йўл қўйдик, буни тан олиш керак. Чунки айни ўша ҳудудларга мос дарахт экмадик, сув тизимини ўрганмадик, тупроқни ўрганмадик, фақат сонга юрдик. Бу йил эса суғориш тизими мавжуд бўлган ерларга ва шароитга мос дарахтлар экдик. Ҳар бир кўчатнинг эгасини белгиладик, сув тизими ўрнатилмаган ерга кўчат экилмади.
Шундай бўлса ҳам, айрим ҳолатларда қуриб қолиши мумкин, аммо бу табиий нарса. Кўчатлар назорат қилиниши учун электрон платформага киритилди. Ким эккани ҳам кўриниб туради, агар қуриб қолса, ўрнини қоплайди, қатъий назоратга олинган.
— Ёши улуғ инсонлардан доимий хабар олиб турар экансиз. Шу хақида ҳам гапирсангиз.
— Ҳа, бу анъана биз учун, байрамлар арафасида ёши улуғ кишилардан хабар оламиз. 100 ёшдан ошган отахон-онахонларимиз бор. Доимий хабар олиб турамиз, таниб қолишган ўзлари.
Эътибор берган бўлсангиз, бизда ўртача умр кўриш даражаси кўтарилди. Олдин ёши улуғлар камроқ эди, ҳозир қайси маҳаллага борсангиз, нуронийлар кўп чиқади. 103-104 ёшда ҳам тетик юрганлар бор. Илгари 70-80 ёшда анча қуввати кетиб қолган бўларди кишиларнинг, ҳозир 80 ёшли кишилар ҳам анча бардам-бақувват.
— Экстремал ва экотуризм бўйича Навоий вилоятининг потенциали баланд. Дубай шаҳзодаси ҳам Қизилқум чўлларида ов қилиб туради. Бу эса дунё миқёсидаги тарғибот учун яхши. Аммо туризм йўналиши бўйича кўрсаткичларда Навоий вилояти бошқа вилоятлардан пастроқ ўринда туради. Бу бўйича ҳам аниқ бир режалар борми? Ва шу пайтгача унчалик ривожланмаганига сабаб нимада деб ўйлайсиз?
— Энг асосий сабаби – етарлича тарғиб қилинмагани, Навоий вилоятининг имкониятлари кўрсатиб берилмагани. Бу борада кўп ўйладик, бир қанча мутахассислар билан гаплашдик. Инвесторлардан ҳам фикрларини сўрадик. Ҳар бир сайёҳ учун биринчи навбатда инфратузилма, уларга шароит яратиш муҳим.
Бугунги янги яратилган имконият: Қизилқум саҳроси – ЮНЕСКОнинг Ипак Йўли коридоридаги 5 та маданий мерос объектлари рўйхатига киритилди. Бундан ташқари, Нуротадаги Сентоб қишлоғи энг яхши туризм қишлоғи деб эълон қилинди. Бу қишлоққа нафақат маҳаллий сайёҳлар, балки чет эллик сайёҳлар ҳам (айниқса Германия, Франция) катта қизиқиш билдиришмоқда. Бу жойнинг табиати, гўзаллиги ва ҳар бир сайёҳ учун муносиб шароитлар яратилганини эътироф этиш керак.
— Кўпчилик давлат хизматчиларини мажлислар чарчатиб кўяди. Навоий вилояти ҳокимлигида мажлисбозликлар қанчалик кам деб ҳисоблайсиз?
— Қарийб 28 йилдан бери давлат ташкилотларида ишлаб келяпман, олдинги фаолиятим ҳам ҳокимликлар билан боғлиқ эди. Илгари ростдан ҳам жуда кўп йиғилишлар бўлган, бугунги кунда бу йиғилишлар кескин камайган. Навоий вилояти ҳақида гапирсак. Бизда 1 ҳафтада 1 марта йиғилиш бўлади (“ҳоким соати” деймиз), унда ҳафталик қилинган ишларни сарҳисоб қилиб, қилиниши керак бўлган ишларни гаплашиб оламиз.
Асосий йиғилишлар, муҳокамалар жойларда бўлади, қайси соҳа, қайси тармоқ бўлишидан қатъи назар, ўша жойида муҳокама қилинади. Умуман, Навоий вилоятида йиғилишлар деярли бўлмайди, кўп йиғилишларни қўллаб-қувватламаймиз. Чунки кўп йиғилиш қилишдан кўра жойида кўпроқ ишлаган яхши.
— “Бошлиқлар кечикмайди, ушланиб қолади” деган ҳазил гап бор халқ орасида. Сиз ҳам кечикиб турасизми ёки ушланиб қоласизми?
— Раҳбар одам биринчи навбатда ўзи ходимларга намуна бўлиши керак. Ишига вақтида келиб, иш вақтини тўғри тақсимлаб, белгиланган вазифаларини тўлиқ амалга ошириш керак бўлади. Ҳоким сифатида ҳам, олдинги иш жойимда ҳам иш 09:00 да бошланадиган бўлса, мен соат саккизда ёки етти яримда ишга келганман. Иш бошлангунча ўзимнинг режаларимни тузиб, амалга ошириладиган ишларни сарҳисоб қилиб оламан. Ишдан кетишда ҳам барча ходимларни кузатиб, кейин уйга кетаман.
Раҳбардан кейин уйга кетаман деб ўтириш жуда нотўғри нарса. Ўз вақтида ишини қилиб, уйига кетиш керак. Вақтида ишлаш, вақтида дам олиш керак. Ходимлар учун шундай шароит яратилган бизда. Дам олиш, байрам кунлари ҳам оиласи билан бўлиш учун шароит яратиб берилган. Ҳар бир инсон оиласи, фарзандлари билан бўлишга вақт топиши лозим.
— Чекка туманлардаги сиз кўрган ва сизга кўрсатилган ҳолат қанчалик реалликка яқин экан?
— 2 йил ичида энг чекка ҳудудларга боришга ҳаракат қилдик, чунки у ердаги муаммолар етиб келмаган бўлиши мумкин. Ишни ҳам чекка ҳудудлардан бошлаганмиз. У ерда ҳам муаммолар йиғилиб қолган, бормаса бўлмайдиган ҳолатда бўлган.
— Узоқ йил солиқ тизими соҳасида ишлаган инсон сифатида ҳокимликка келиб нималарни ўзлаштириш сизга мураккаблик туғдирди?
— Узоқ вақт Тошкент шаҳрида яшаганим, қишлоқ хўжалиги соҳасидан яхши хабардор бўлмаганим учун шу борада озроқ мураккаблик пайдо бўлди. Аммо имкон қадар бу соҳанинг ичига киришга ҳам ҳаракат қиляпмиз.
— Уйга бозорликни ким қилади, охирги марта қачон бозорлик қилгансиз?
— Илгари рўзғорга бозорликни ўзим қилардим, албатта. Ҳозир фарзандларим вояга етган, ўғлим билан турмуш ўртоғим бозор қилади асосан.
— Орттирилган маблағлар ҳақида ҳам гаплашсак. Ҳозирда ҳокимлик ҳисобида қанча маблағ бор? Ва бу маблағлар асосан нималарга ишлатилади?
— Маҳаллий бюджет ҳар чоракда белгиланади, камида 60 млрд сўм ҳокимлик ҳисобида қолади. Тадбиркорлик кўпайса, солиқлар кўпайса, бюджет маблағлари ҳам ошади.
Бу пуллар йўлларга, сув ўтказишга, ҳозирги пайтда қишга тайёргарлик учун ишлатиляпти. Соғлиқни сақлаш соҳаси, мактаблар учун ҳам ишлатилади.
— Яқинда ижтимоий тармоқларда ҳокимликларнинг хизмат машиналари нархи чиқди ва кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Сизнинг хизмат машинангиз ҳам бу рўйхатда 100 минг доллар нарх билан 6-ўринда турганди. Келинг, шу масалага ҳам ойдинлик киритиб кетсак.
— Ростдан ҳам анча муҳокамалар бўлди. Миниб юрган машинам нархини мен ҳам ўша ижтимоий тармоқда кўрдим, тўғриси, билмас эдим. Чунки бу машина мен ҳоким бўлишимдан олдин олинган. Айнан менинг фаолиятим давомида ҳали хизмат машинаси олингани йўқ.
— Хизмат хонангизда креслода ўтирмас экансиз, бунинг сабаби нимада, соғлиқ билан боғлиқми ёки қандайдир принципми?
— Раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётган давримдан бери деярли креслода ўтирмаганман, ўзимнинг ходимларга ҳам унчалик тавсия қилмайман. Чунки оддий стул раҳбар ва ходимни бир хилда ушлаб туради даражани. Энг асосийси, менга ишлаш учун стул креслодан қулайроқ.
— Ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган, навоийликларни хурсанд қиладиган 3 та янгилик санаб берсангиз. Ва яна 3 та ечимини кутаётган муаммо борасидаги режаларингиз?
— Навоий вилоятидаги экологик муаммони ечиш мақсадида Навоий шаҳри марказидан узоқ бўлмаган 50 гектар майдонда Янги Ўзбекистон боғини яратиш режалаштириляпти. Бу боғда яшил ҳудуд яратиш режалаштирилган.
Иккинчи янгилик эса Навоий педагогика институти негизида кампус яратмоқчимиз. Бу ҳам навоийлик ёшлар учун муносиб жой бўлади деб ўйлайман.
Учинчи янгилик эса йўллардаги тирбандлик бўйича. Тирбандликни рақамлаштириш, сунъий интеллект билан ишлашни бошлаганмиз. Бу ақлли чорраҳа лойиҳасининг биринчи қисми тугатилиб, тақдимот қилинди ва қайта ишлашга берилди. Тез кунда ақлли чорраҳалар ишга тушади. Бу лойиҳаларни айнан навоийлик ёшлар амалга оширяпти.
Ечими кутилаётган муаммоларга тўхталсак. Энг чекка ҳудудларда ҳам йўлларни таъмирлаш, тупроқ йўлларни шағаллаштириш, Навоий вилоятида 2024 йилда тўлиқ тупроқ йўллардан чиқиш кутилмоқда.
Бундан ташқари, энг олис ҳудудларни ҳам марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш режалаштирилган. 2024 йилда Навоий шаҳрида жамоат транспортларини ривожлантириш мақсадида 50 га яқин янги автобуслар харид қилиш режалари тузилган.
Сардорбек Усмоний суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024
Навоий давлат университети ташкил этилди
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
16:28 / 31.10.2024