Ўзбекистон | 22:25 / 18.12.2023
6758
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 500 kW кучланишли, рақамли нимстанция қурилади

Унинг ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри истеъмолчиларининг электр таъминоти сифати оширилиши таъкидланмоқда. 

Фото: Энергетика вазирлиги

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида 500 kW кучланишли, рақамли «Ҳалқа» нимстанцияси қурилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди. 

Қайд қилинишича, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида электр энергияси таъминоти барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ижроси юзасидан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан, Жаҳон банки кредит маблағлари ҳисобига 500 kW кучланишли «Ҳалқа» нимстанцияси ва 220, 500 kW кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. 

«Ҳалқа» подстанцияси 1602 MWA ўтказувчанлик қувватига эга бўлиб, унинг ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри истеъмолчиларининг электр таъминоти сифати оширилади. Шунингдек, Тошкент вилоятидаги «Келес» нимстанциясига тушадиган юкламани камайтиришга эришилади. 

Нимстанция қурилиш ишларини «тайёр ҳолда топшириш» шарти асосида амалга ошириш бўйича халқаро тендер савдолари натижаларига кўра «Ўзэлектроаппарат-Электрошит» АЖ ғолиб деб топилган ва шартнома имзоланган. 

Лойиҳа қурилиш-монтаж ишларини 2024 йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган. 

Шунингдек, «Ҳалқа» нимстанциясини «Сирдарё» ИЭС ва энергетика тизимининг бошқа нимстанциялари билан боғлаш учун Тошкент вилояти (Қуйи Чирчиқ, Зангиота, Янгийўл, Оққўрғон ва Пискент туманлари) ҳамда Сирдарё вилояти (Сирдарё тумани) ҳудудида 213 км узунликдаги 220 kW кучланишли, 72 км узунликдаги 500 kW кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид